Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Электрон меҳнат дафтарчаси» ҳали тайёр эмас. Қоғоз шаклидагиси ўз кучини йўқотмайди

«Электрон меҳнат дафтарчаси» ҳали тайёр эмас. Қоғоз шаклидагиси ўз кучини йўқотмайди

Фото: «Zamin.uz»

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 2019 йилнинг 1 январидан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ўрнига «электрон меҳнат дафтарчаси» жорий этилиши ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, 2019 йилнинг 1 январидан «электрон меҳнат дафтарчаси» амалиёти дастлаб синов тариқасида фақат вазирлик тизимида ишга туширилди.

Республика бўйлаб кенг тадбиқ этишдан аввал синов лойиҳаси орқали «электрон меҳнат дафтарчаси» тизими ишончлилигини текшириш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштириш лозим, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидан электрон шаклга ўтиш жараёнида аҳоли учун ортиқча мураккаблик ва чалкашликлар юзага келмаслиги учун Вазирлик томонидан ана шундай тажриба йўлга қўйилмоқда. Шу боис, мавжуд маълумотларнинг дахлсизлиги ва тўлиқ сақланишини кўзлаган ҳолда одатий қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчалари тизими ҳам сақлаб қолинди, яъни «электрон меҳнат дафтарчаси» амалиётга тўлиқ жорий қилингунча, қоғозли меҳнат дафтарчаси ўз кучини йўқотмайди ва шу асосда фуқаролар ишга қабул қилинади.

Бугунги кунда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатмаслик бўйича вазирлик томонидан Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бошқа тегишли ташкилотларга кўрсатма берилган.

Ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш бўйича дастурлар комплексининг бета-версиясига эга ва у 2019 йилнинг январидан ишга туширилиб, синов учун Вазирлик тизимидаги ташкилотларга тадбиқ этилмоқда. Шунга мувофиқ, электрон меҳнат дафтарчаларини оммавий жорий этишни амалга ошириш 2019 йилнинг биринчи ярмида режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, «электрон меҳнат дафтарчаси» тизимининг тўлиқ ҳуқуқий асосга эга бўлиши учун тегишли Қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, «электрон меҳнат дафтарчаси»ни 2019 йилнинг 1 январидан босқичма-босқич жорий этилиши белгиланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг