Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Энди уйли бўлдик дегандим». Уйининг томини шамол учирган фуқароларнинг айби нима?

«Энди уйли бўлдик дегандим». Уйининг томини шамол учирган фуқароларнинг айби нима?

Фото:«Uza.uz»

Қорақалпоқда эсган шамол...

Ижтимоий тармоқларнинг Қорақалпоғистон Республикаси сегметида катта баҳс мунозараларга сабаб бўлаётган асосий воқеаларнинг бири 14 июнъ куни соат 20:32 – 20:38 лар оралиғида юз берган кучли шамолнинг тезлиги 18-23 м/с.га тенг бўлган. Гап шамолнинг қанча тезлиги ёки кучлилиги эмас, балки шу вақт оралиғида нималар содир бўлганида.

- Бу шунчаки даҳшат эди... Мен шунчаки тўзонни видеога олиб тургандим. Икки дақиқа ичида ақлга сиғмайдиган воқеалар бўлиб кетди. Нукус шаҳрининг маркази жойлашган «Намунали уй»ларнинг шиферлари шамолга бардош беролмасдан учиб, йўл бўйига одамлар ва машиналар устига тушди. Ҳамма бақир-шақир қилиб, ҳар жойга қоча бошлади, - дейди тармоқ фойдаланувчилардан бири Шуҳрат Саидаҳмадов.

«Бу аномал жараён эмас. Чанг бўронлари, минтақа юзага келган вазият ва иқлимдан келиб чиқиб хулоса қилинса, Қорақалпоғистон учун хос. Шамол тезлиги сониясига 20 метргача кучайиши прогноз қилинган эди. Одатда бундай шамол чанг ва туз зарраларини ҳавога кўтаради»,-дея маълум қилди «Ўзгидромет» вакиллари. Кучли шамол оқибатида Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчасида жойлашган кўп қаватли 32-уй, Ережепов кўчасидаги кўп қабатли 10-уй, «Сарбиназ» МФЙда жойлашган кўп қабатли 4/24 уй, «Саманбай» МФЙ Айбек кўчаси 100 уй ҳамда Республика шошилнч тез тиббий ёрдам марказининг том қисми учиб тушган. Бу уйларнинг аксарияти ҳали эгаси ҳам кирмаган «намунали уй»лардир.

«Энди уйли бўлдик дегандим»...

Бундай ҳолатлар биринчи маротаба эмас. Ҳар шамол ёки тўзон бўлса, бунақа видео ва расмлар ижтимоий тармоқ ленталарида айланиши табиий. Аммо, бир савол доим очиқчасига қолиб кетади, нимага таъмирдан чиққан ёки янги қурилган уйлар бир шамол эсиб берса, таъмирталаб ҳолга келиб қолади?! Тегишли ташкилотлар нимага доим «умумий жавоб» билан чекланишади?! Бу уйга етгунча юртдошларимизнинг неччи йиллаб меҳнат қилишган, ҳалол пуллари эвазига сотиб олинган. Энди уйга ёлчидим, бошимда бошпанам бор деса-ю, аммо шамолга чидам бермасдан «том»и қулаб тушса. Қорақалпоғистондаги кучли шамол доим кузатиладиган ҳолат. Ҳамма масаланинг экологик жиҳатига, эсган шамолнинг (аҳоли уни тузли шамол деб аташади) инсон организмига салбий таъсирига эътибор беришди ва аксарият бахс мулоҳазалар шу мавзу атрофида бўлди. Албатта, масаланинг бу тарафи энг асосий ҳал бўлиниши керак бўлган муаммо, аммо масаланинг яна бир тарафи борки биз унга одатда кўз юмамиз.

Н.Р. (намунали уйда истиқомат қилувчи фуқаро): 18 йилдан ортиқ уй-жойсиз квартирада турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим билан яшадик. Бу уйга етгунча кўрмаган азобимиз қолмади, ёш фарзанларимизни қариндошларимизга ташлаб, иккаламиз Қозоғистонга ишга кетган вақтимиз ҳам бўлган. Томоғимиздан, кийимимиздан тежаб йиғдик. Энди уйли бўлдик деганимизда, ё шифери кетади ёки деворига чизиқ тушиб ҳар йили таъмирга муҳтож бўлади. Ўтган йили қизимизни узатдик, шу пайтда бир таъмир қилгандик. Бу бўйича ҳокимятга кўп мурожаат қилганмиз, аммо қониқарли жавоб ололмадик. Нима қиламиз борига шукр деб яшаяпмиз.

Тегишли ташкилотлар нима дейди...

Бу ҳолат биргина Қорақалпоғистон Республикасида эмас, балки барча жойларда учрайди. Бир нарса барчамизга маълумки, фуароларимиз арзон ёки намунали дея эътироф этилаётган уй-жойларни «арзон»га олишмаган. Негаки, бу пуллар айримлар учун кўз очиб юмгунча сўммадир, аммо аксарият юртдошларимиз неччи йиллик меҳнат, қоғозбозлик, у ёқга югур, бу ёқга югурлардан кейин эгалик қилишмоқда. Уй олгунча шунча сарсон етмагандек, энди янги уйга таъмир қилиш ёки тегишли ташкилотларда амалий ёрдам кутиш сарсонгарчилиги бўлаётгани бор гап. Бир нарсани алоҳида айтиб ўтишимиз керак, биз бозор иқтисодиёти даврида яшаётган эканмиз, демак чўнтагимиздан чиқаётган ҳар бир тийин учун ҳам иш хизматини талаб қилишимизга ҳаққимиз бор. Шамолга ҳам таслим бўладиган уй эмас, балки нечча йиллар давомида бахтли ҳаёт кечираман, 50 йил кафолат муддати бор бўлган уйларни харид қилганмиз. Аммо, табиий офат борлигини унутмаслигимиз керак, агарда зилзила бўлсачи?....

Фуқароларимизнинг шунча йиллар қийналиб топган уйларининг «том»идан, ўзимизга «уй» қуриб гуноҳга қолмайлик. Бундай ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлардан «умумий, расмий» эмас, амалий жавоб кутамиз!

Айжамал Жолдасбаева,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассис

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг