Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Енгилмас соқчи»: Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбийлари қўшма машқлар ўтказди

«Енгилмас соқчи»: Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбийлари қўшма машқлар ўтказди

Фото: АҚШ элчихонаси

Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳамда бошқа хавфсизлик кучлари АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги билан инқирозга қарши қўшма машқлар ўтказди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

24 февралдан 2 мартга қадар давом этган ва «Енгилмас соқчи – 2020» деб аталган машқлар икки давлат ўртасида хавфсизлик бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро мувофиқликни ошириш мақсадида ташкил этилди.  

Ҳарбий машғулотлар дала-ўқув полигонлари ва Ўзбекистон ҳукумати рухсат берган  бошқа объектларда уюштирилди. Айрим америкалик ҳарбийлар ушбу машғулотларда Флорида штати Тампа шаҳридаги «МакДилл» авибазасида масофадан туриб  қатнашди.

«Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асослангандир. «Енгилмас соқчи» машқлари каби ўқув дастурлари ва қўшма жавоб машқлари бизнинг Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги  ҳамкорлигимиз чуқур ва кенглигини кўрсатади», – дейди АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблюм.

Қайд этилишича, «Енгилмас соқчи» ҳарбий машқлари ҳар икки мамлакат хавфсизлик кучлари учун нотаниш муаммоларга дуч келганда  тезкорликни ошириш  ва ҳарбийлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон берди. Бу каби  қўшма ҳарбий машғулотлар зарурат туғилганда биргаликда ҳаракат қилиш  учун ҳамкор давлат ҳарбий хизматчиларини  тайёрлашда қўл келади.

Маълумотларга қараганда, америкалик ҳарбийлар ҳар йили АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги масъул бўлган ҳудудларда ҳамкор давлатлар билан 80 дан ортиқ машғулотларда иштирок этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг