Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркак ўқитувчилар нега мактабни тарк этди?

Эркак ўқитувчилар нега мактабни тарк этди?

Суратда: Балиқчи туманидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати кимё фани ўқитувчиси Абдуқаюм Бозоров

Фото: «Auz.uz»

«Яқинда маҳалламиздаги нуроний отахонлардан бири невараси ўқийдиган мактабдаги муаллимларнинг деярли барчаси хотин-қизлар эканлигини айтиб, эркак ўқитувчилар қаёққа кетган, дея  савол берди. Урганч шаҳар халқ таълими ходимларининг бир анжуманида иштирок этиб, отахоннинг эътирози ўринли эканлигига  амин бўлдим. Чунки катта зални тўлдириб ўтирган педагогларнинг деярлик тўқсон тўққиз фоизи хотин-қизлардан иборат эди», деб ёзади «Халқ сўзи» нашрининг Хоразм вилояти бўйича мухбири Одилбек Одамбоев.

Мақолада руҳшуносларнинг болалик ва ўсмирлик палласида ўғил болаларда мардлик ва жасорат, қатъият ва шижоат, ор-номус ва ғурур туйғуларининг шаклланишида, уларнинг чинакам йигит бўлиб етишишида эркак устозларнинг роли жуда катта экани ҳақида фикри келтирилади. Муаллиф «Оилада фарзанд тарбияси билан асосан оналар шуғулланади. Демак, уйда ҳам, мактабда ҳам ўғил болалар тарбиясининг аёл киши қўлида қолиши мақсадга мувофиқ эмас», дея таъкидлайди.

Мақолада келтирилишича, айни кунда Урганч шаҳридаги умумтаълим мактабларида 1979 нафар педагог фаолият кўрсатмоқда Шундан 1738 нафари ёки 87,8 фоизи хотин-қизлардан иборат. «Хўш, унда отахон айтганидек, эркак ўқитувчилар нега мактабни тарк этди? Ёки педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларида фақат қизлар таҳсил олаяптими?», дея ўртага савол ташлайди муаллиф. Бу саволга жавобан «2017 йилда Урганч давлат университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини педагогик йўналишлар бўйича тамомлаган 1832 нафар ёш мутахассиснинг 751 нафари ёки 41 фоизини  йигитлар ташкил қилгани, уларнинг бир қисми меҳнат фаолиятини таълим соҳасида эмас, бошқа тармоқларда олиб боришаётгани»ни таъкидлайди.

Муаллифнинг айтишича, шифокор-мутахассисларни мақсадли тайёрлаш бўйича республикамизда амалга оширилаётган тажрибани ўқитувчилар тайёрлашга ҳам татбиқ этиш лозим деган ғояни илгари суради. «Яқинда Тошкент Тиббиёт академияси битирувчиларига ҳудудларда шифокорларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш натижалари бўйича ишга йўлланма берилди, — дейди у бу ҳақда. — Балки бу тажрибани педагогика йўналишидаги олий ўқув даргоҳларида ҳам қўллаш, йигитларнинг ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришнинг манзилли режасини амалиётга жорий этиш вақти келгандир. Шунда мактабларда эркак ўқитувчилар сони кўпайиб, уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги қаттиққўллиги боис ўқувчилар ўртасида тартиб-интизом масалалари янада яхшиланар. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?»


«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мавзу юзасидан юртдошларимизни муҳокамага чорлайди. Фикр-мулоҳазаларингизни mail@xabar.uz га юборишингизни сўраймиз!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг