Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эски рўмол ва қадоқ қўллар: қишлоқнинг оддий боғбон аёли билан суҳбат

Эски рўмол ва қадоқ қўллар: қишлоқнинг оддий боғбон аёли билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

Одатда ОАВда катта лавозимли ва машҳур инсонлар ҳақида ёзишади. Улар ҳақидаги маълумотлар доим диққат марказда бўлади. 

Аммо шундай инсонлар борки, улар жуда оддий бўлади, меҳнати билан жамиятга фойдаси тегиб туради. 

Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Катта Тўпчоқ қишлоғида яшовчи Ойниса Абдиева шундай аёллардан. 

Ойниса Абдиева ўзининг таъбири айтганда «бир парчагина» ерида уззукун меҳнат қилади. Ери ҳам жуда кўп эмас, қирқ сотихга яқин. Аммо кузда шу ердан тонна-тонна узум ҳосили кўтарилади. 2019 йилда бу узумзорларда нақ 13 тонна узум етиштирилган...

Фото: Xabar.uz
Фото: Xabar.uz

— Ўтган йили эса бошимизга кўп синовлар келди. Узум куртак чиқариб, уйғонган маҳал қор ёғди. Май ойида эса дўл ёғиб, қолган ҳосилдан ҳам мосуво бўлдик. Миллион-миллион зарар кўрдик. Аммо нолиш керак эмас, узум жонивор ҳар йили ҳосил беради. Бу йил кузда насиб бўлса, 13-14 тонна ҳосил кутмоқдаман —, дейди қаҳрамонимиз. 

Ер доим эътиборни талаб қилади. Узум айримлар ўйлаганидай меҳнати осон экин эмас. Ёз бўйича ичида ғимирлаб, эътибор бериш, ёввойи ўтлардан тозалаш, керакли ўғит ва дориларни бериб туриш керак. Шира, кул ва турли ҳашаротлар узумнинг душманидир. Хуллас, куздаги ҳосилга осонликча эрилишилмайди. 

Фото: Xabar.uz

 

Фото: Xabar.uz

— Ёлғиз ўғлим Россияда ишлайди. Хўжайиним билан икки киши узумзоримизда меҳнат қиламиз. Яна бир яхши томони, бу ерда қорамолларимизни ҳам боқамиз. Қишлоқда мол боқмаслик уят. Сут-қатиқ, ҳатто тезагигача фойда (қишлоқда газ йўқ — муаллиф). Хуллас, фақат боғдорчилик эмас, чорвага ҳам имкон бор —, дейди Ойниса опа. 

Опанинг айтишича, эркакларнинг катта қисми хорижга ишлагани кетиши сабаб, оғир юмушлар ҳам аёллар зиммасига тушади. Лекин қишлоқда кунбай ишловчи аёлларнинг иш ҳақи эркакларникидан анча паст. Лекин, ҳозир бировдан ёрдам кутадиган замонмас. Ҳалол меҳнатми, ундан қўрқмаслик ва қайтмаслик керак, дея таъкидлайди Ойниса Абдиева. 

Опанинг меҳнатига суратлар орқали ҳам баҳо бериш мумкин. 

Улуғбек Орипов тайёрлади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг