Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғона шифоркорларидан акс-садо: айбдор жазосиз қолаверадими?

Фарғона шифоркорларидан акс-садо: айбдор жазосиз қолаверадими?

Фото:«Xabar.uz»

Шу йил 5 февраль куни «Xabar.uz» интернет нашрида «Қувада «тез ёрдам» машинаси ойнаси синдирилди, ҳайдовчи ҳушдан кетказилди, шифокорини эса...» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати мазкур воқеа ва мақола юзасидан ўз муносабатини билдирди. 

Мақолада таҳририят ижодкорлари 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Қува туманида тиббиёт ходимларига қилинган тахдид ҳақида ҳикоя қилиб, бундай қинғир ишга қўл урган шахс ҳалигача на маъмурий, на жиноий жавобгарликка тортилмагани хусусида сўз юритади.

Ҳақиқатан ҳам, 2019 йил 29 ноябр куни соат 13:05 лар чамаси Қува тумани Турк МФЙ Зиёратгоҳ кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро М.О. Бегат қишлоғида жойлашган 81-қишлоқ оилавий поликлиникасига келиб, уйда хотинининг соғлиги ёмонлашиб қолгани ҳақида хабар беради ва шифокорлардан ёрдам сўрайди.

Унинг илтимосидан сўнг фельдшер аёл ҳайдовчи билан бирга «Дамас» санитар тез тиббий ёрдам машинасига ўтириб, унинг уйига етиб боради. Аммо улар етиб келганида уйнинг дарвозаси қулф эди.

Фуқаро М.О. эса уйига фақат фелдьшер аёлнинг ўзини бошлаб кирмоқчи бўлади. Ҳайдовчига эса уйга кирмасликни буюради.

Ҳайдовчи фуқаро ёлғон гапираётгани, аслида хотини касал эмаслиги, уйда ҳеч ким йўқлиги ва унинг нияти бузуқлигини сезиб, фельдшерни ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. 

 Лекин фуқаро М.О ҳайдовчини уриб, унга тан жароҳати етказади. Боз устига, санитар транспортини  тош билан уриб, ойналарини чил-чил қилади.

Воқеа жойидан аранг қочиб қутилган  тез тиббий ёрдам ходимлари Қува туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожат қилишган.

Бу ерда ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, фелдшер аёлга  астеноневротик синдром, депрессив ҳолати ташҳиси қўйилиб, даволаш муолажалари ўтказилган.  Ҳайдовчида пешона соҳаси шилинган жароҳати, чап кўз пастки ва юқори қовоқ гематомаси пайдо бўлгани учун бирламчи жарроҳлик операцияси амалга оширилиб,бўлимда стационар шароитда бир неча кун даволанган.

Санитар автотранспортининг эса орқа ва олди ойналари синдирилган бўлиб, таъмирлашга муҳтож ҳолатга келиб қолган эди.

Шу ўринда ўйга толасан киши: ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, одамлар дардига дармон бўлаётган шифокорларни алдаш, уларга тазйиқ ўтказиш, яна алламбалолар қилишга  уриниш бу инсофданми? Ахир у сизга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлиб бордику.

«Xabar.uz»да эълон қилинган мақолада ёзилганидек, орадан уч ойдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, бундай номаъқул ишга урган шахсга ҳеч қандай жазо белгиланмади. Бу эса нафақат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмуриятини, балки фарғоналик барча тиббиёт ходимларининг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўз ўрнида Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти оғриқли ва долзарб мавзуни ёритиб, тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилагани учун «Xabar.uz» ижодкорларига миннатдорчилик билдиради.

Ўйламизки, тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масалага янада жиддийроқ ёндошиб, тиббиёт ходимига таҳдид қилган шахсга қонуний жазо белгилайдилар.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг