Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болалар ўйинчоқлари. Фарзандингизга овунчоқ танлашда қийналяпсизми?

Болалар ўйинчоқлари. Фарзандингизга овунчоқ танлашда қийналяпсизми?

Фото: «Tib.uz»

Фарзандларингиз учун мос ўйинчоқлар танлашни билмаяпсизми? Ўйинчоқлар нафақат болаларга ёқиши, балки улар учун қизиқарли, хавфсиз ва ёшига мос бўлиши, шунингдек, барча меъёрлар ва стандартларга жавоб бериши лозим. Болалар учун ўйинчоқ танлашда нималарга эътибор бериш даркор?

Аввало, фарзандингиз ёшига мосини қидиринг. Одатда бир ёшга тўлган гўдаклар учун шақилдоқлар, кичкина пахмоқ ўйинчоқлар, унча катта бўлмаган кубиклар ва айланалардан иборат эҳромлар (пирамидалар) сотиб олишади. 1-3 ёшли болалар учун ўйинчоқ идишлар, пластилин, мозаика ёки турли бўёқлар харид қилиш мумкин.

3 ёшдан катталарга эса чизиш учун ускуналар, масалан, доска ёки рангли бўрлар, бўёқ ва фломастерлар айни муддао бўлади. Шунингдек, чиройли безатилган қўғирчоқлар, аскарлар ва машиналар, мултфильм қаҳрамонлари акс этган ўйинчоқлар ҳам бола учун зарар қилмайди. 6 ёшдан катта болаларга радиобошқарувли автомобиллар, ясалиши қийин майда ўйинчоқлар, қўғирчоқ, столли ўйинлар, бошқотирмалар, автомат ва тўппончалар, ҳарбийларга хос ўйинчоқлар ва мусиқали ускуналар жуда ёқади.

Ўйинчоқ танлаш қоидалари

Болангиз учун ўйинчоқ танлар экансиз, уни яхшилаб кўздан кечиринг, ўрамидаги ёзувларни эринмасдан ўқиб чиқинг. Қуйидагиларга кўпроқ эътибор қаратиш зарар қилмайди:

Материали. Ўйинчоқ бола учун хавфсиз материалдан тайёрланган бўлиши шарт. Табиий юнг ва ёғоч материаллардан ясалган ўйинчоқларни сотиб олманг. Теридан тайёрланганлари эса 3 ёшгача бўлган чақалоқларга тавсия этилмайди. Кейинчалик тўкиладиган ва патли юмшоқ ўйинчоқлардан узоқроқ туринг. Улар ўзларида бактерия ташувчанлик хусусиятига эга бўлиб, болаларда инфекция пайдо қилиши мумкин, аллергияси борлар учун умуман мумкин эмас.

Шакли. Танлаётган ўйинчоғингиз турли ўткир тиғларсиз ва болага жароҳат етказадиган металларсиз бўлишини кўздан кечиринг.

Ранги. Иложи борича ранги бола табиатига мос келиши керак. Биринчидан, ушбу ҳолат болага дунёни борича тасаввур қилишида кўмаклашса, иккинчидан, ҳар хил ранглар уларни қўрқитиши, оқибатда турли нохуш вазиятларга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қора ва жуда ёрқин ранглардан ҳам қочинг, чунки улар болага ёмон таъсир қилади.

Тўрт ойлик гўдакларга сариқ, сабзиранг ва қизил ранглар мос тушишини инобатга олинг, 6 ойликдан юқори ёшдагиларга камалакнинг барча ранглари мос келиши мумкин.

Ҳиди. Дўконнинг ўзидаёқ ўйинчоқни ҳидлаб кўришдан уялманг. Қандайдир нохуш ҳид келса, сунъий ва бола учун хавфли материалдан тайёрланган бўлади.

Қўлланма. Хариддан олдин қўлланма билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Ўйинчоқдан тўғри фойдаланиш қўлланмаси унинг ўрами ёки ёрлиғида ёки ўйинчоқнинг ўзида ҳам бўлиши мумкин.

Огоҳлантирувчи ёзувлар. Ўйинчоқдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига алоҳида эътибор беринг. Масалан:

- “3 ёшгача бўлган болаларга тавсия этилмайди”, деган эслатма айни шу ёшдан кичик болалар ўйнаши мумкин эмаслигини билдиради;

- “Диққат! Катталар назорати остида фойдаланинг” — ўйинчоқ ёлғиз болалар учун хавфли бўлиб чиқиши мумкин;

- “Эҳтиёт бўлинг! Бола қўл ва тиззалари билан турмоқчи бўлганда йиқилиб тушмаслиги учун ўйинчоқни олиб қўйинг” — беланчак, болалар кровати ёки аравачаларда учрайдиган эслатма.

Тематикаси. Боланинг психикасига таъсир кўрсатувчи ўйинчоқлардан йироқ бўлинг. Психологлар фарзандлар учун махлуқлар, мутантлар ва шунга ўхшаш ўйинчоқларни сотиб олишни тавсия этишмайди.

Ҳаққонийлиги. Мутахассислар ҳақиқий ҳайвон ва одамларга ўхшайдиган ўйинчоқларни танлашни маслаҳат беришади, чунки шунда боланинг фикрлаш ва гапириш қобилияти осонроқ ривожланади.

Овози. Ўйинчоқдан чиқадиган товуш болани қўрқитиши ва қулоғига ёқимсиз бўлиши керак эмас. Агар мусиқали ўйинчоқ харид қилишни истасангиз, ундаги бор оҳангларни эшитиб чиқинг ва болани қўрқитмаслигига амин бўлинг. Бундан ташқари, товушни кўтариш ва пасайтириш функцияси борлигига ҳам эътибор қаратинг.

Дарвоқе, пуфлаб чалинадиган ўйинчоқни сотиб олаётганда болаларнинг лаби тегадиган жойга аҳамият беринг — улар юмшоқ материалдан тайёрланган бўлиши лозим.

Деталлар. Қаттиқ материаллар — металл, ёғоч ва пластмассадан ясалган ўйинчоқлар бола тишлари билан узиб олмаслигига мўлжалланган бўлиши даркор. Агар қисмларга ажраладиган ўйинчоқ бўлса, у ҳолда ўткир ва қаттиқ жисмдан тайёрланмаслиги керак.

Бола ёши. Ўйинчоқ танлашда қайси ёшдаги болалар учун мўлжалланганига эътибор беринг. Ўйинчоқ ўрами ёки ёрлиғида болаларнинг ёши, албатта, кўрсатилган бўлиши лозим:

- бир ёшгача;

- 1-3 ёшгача;

- 3-6 ёшгача;

- 6-10 ёшгача;

- 10-14 ёшгача.

Ўйинчоқ сотиладиган жойлар. Ўйинчоқларни махсус дўконлар ва рухсат этилган савдо шохобчаларидан харид қилинг, “қўл”дан олишга уринманг.

Эмизикли болалар учун

Эмизикли даврдаги болалар учун шақилдоқ ўйинчоқлар айни муддао, аммо бунда ҳам эҳтиётлик зарар қилмайди. Улар ортиқча бўялган ва чизилган бўлмаслиги, оғирлиги 100 грамдан ошмаслиги лозим. Иложи борича қаттиқ ва мустаҳкам шақилдоқларни танланг.

Умуман олганда, фарзандларимиз келажаги учун зарарсиз ўйинчоқларнинг кони фойда. Агар сиз болангиз учун мос ва хос қўғирчоқ танласангиз, фарзанднинг комил инсон бўлишида пойдевор сифатида хизмат қилиши мумкинлигини унутманг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг