Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарзандини собиқ турмуш ўртоғига ташлаб кетган аёл еттинчи марта судланди

Фарзандини собиқ турмуш ўртоғига ташлаб кетган аёл еттинчи марта судланди

Иллюстратив сурат

Бу аёл ҳали ўттиз учга тўлгани йўқ. Қачон ва нима сабаб бу кўчага кириб қолгани  номаълум. Маълуми шуки, ҳали-ҳануз тўғри йўлни топиб олганича йўқ. Озмунча имконият берилдими унга? Мундоқ «ўзини йиғинтириб», тинч-хотиржам яшаса-чи?! Йўқса, ўзгани чув тушириш билан узоққа бориб бўлмаслигини неча бор танида ҳис этди?!

Хуллас, олтиариқлик  Юлдуз Қамарова биринчи марта бундан беш йил бурун, фирибгарлик жинояти содир этганда айбланганда жавобгарликка тортилиши эҳтимоли жуда юқори эди. Бироқ Амнистия акти чиқиб, реал жазодан қутулиб қолди.

Амнистияга илиниш бу — айбинг йўқ дегани эмас. Аксинча, жиноятинг — бўйингда, бироқ давлатнинг муруввати туфайли жазодан озод қилиняпсан деганидир. Шундан кўп ўтмай Ю.Қамарованинг яна бир «иши» фош этилди денг. У Бухорода ҳам бировни «ухлатиб» кетган экан: жиноят ишлари бўйича Когон туман суди уни уч йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Бу 2013 йилдаги гап. Ўша йилнинг ўзида у яна икки марта — жиноят ишлари бўйича Бағдод тумани ва Жиззах шаҳар судларида ўтказилган суд мажлисларининг ҳам «бош қаҳрамонлари»дан бирига айланди. Айблари тасдиқланди. Унинг аёллиги эътиборга олиниб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинландики, шунинг ўзи ўзини ҳурмат қилган аёл учун тавба қилишга етиб ортмасмиди? Қаёқда! Орадан икки йил ўтиб, Юлдузхоннинг яна «эски» касали қўзғади. Яна фирибгарлик! Бу сафар унинг «иши»ни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди аёлни уч ярим йилга «кесворди»!

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жазони ўтаб чиқасола ўғриликка қўл уриб, яна ҳибсга олинганига нима дейсиз?! Бу иш Наманганда содир  бўлган экан: ке-етди яна, салкам 4 йилни  илиб...

Қисқаси, кейинги беш йил ичида олти марта жиноятга қўл уриб, турли жазоларга мустаҳиқ этилган Ю.Қамарованинг бурнига сув кирди, дейсизми? Йўқ, бўйнидаги озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, очиққа чиққан аёл олтиариқлик Мадина Қобилованинг бир дона, умумий таннархи 6 000 000 сўмлик «Қашқар балдоғи»ни «бир тақиб кўриш» баҳонасида олиб, қайта қорасини кўрсатмади. Унинг бу тариқа «сурворгани» яна фирибгарлик жиноятига қўл урганини англатса, иккинчи томондан, маъмурий назоратда бўлиш қоидаларини қасддан бузиб, истиқомат жойини  ўзбошимчалик билан ташлаб кетгани, бу ҳам тегишли жазога  сабаб бўлишини билдириб турарди... У  қочиб кетиши жараёнида «йўл-йўлакай» Малоҳат Эрматовани 200 минг сўмга туширишга улгурганига унча-мунча тасаввурга сиғмаса керак...

Қочиб қаёққаям боради? Фирибгарлиги билан кўп жойларда отнинг қашқасидек бўлиб қолган аёлни қўлга олиш тезкор ходимларга кўп қийинчилик туғдирмади.

Шундай қилиб, Юлдуз Қамарова еттинчи бор судланиб, тегишли жазосини олди.

Яна бир гап. Аёл турмушга чиққан, бир нафар фарзандиям бор. Ажрашганига анча бўлган — боласини собиқ турмуш ўртоғи вояга етказаётир. Ташлаб кетган-да унга. Охирги йилларда асосий йўналиши «қамоқ — озодлик» бўлгани учунми падари вафот этганида наинки жаноза, ҳатто ундан кейин ҳам  ота уйида кўринмабди...

Мақолага сўнгги нуқта қўйишдан аввал хулосанамо гаплар айтилармиди? Келинг, шуни насия қилақолайлик. Зеро, хулоса ҳар кимнинг ўзига тан. Яъни, бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил... 

Иномжон Олимов,
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги
Тергов бўлими терговчиси, лейтенант

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг