Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ФҲДЁ органлари туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади

ФҲДЁ органлари туман ва шаҳар ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади

Фото: «Gazeta.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари юридик хизматларининг штат бирликлари ҳисобидан «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали тамойили бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилади.

Уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;
  • Давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «республика – вилоят – туман – маҳалла» тамойили бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;
  • Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • Давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш.

2018 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг