Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фитратимиздаги кайфиятлар

Фитратимиздаги кайфиятлар

Кичик ўғлим Маъруфбек Корея давлатида, Сеулдаги дорилфунунлардан бирида ўқийди. Иқтисодни ўрганади. Ўқишдан бўш вақтларида ишлаб, таҳсил учун маблағни ўзи топади. Ўзидан орттириб, бизга ҳам ул-бул жўнатади. Телефонда кўришиб, гаплашиб турамиз. Онаси «Сен мусофирсан, бизнинг кунимиз баҳарнав ўтиб турибди, ўзингни ўйла», деб ёзғиради. У эса кулиб қўяди, эркаланиб онасини жеркиган бўлади: «Она, пулни ўйламасангиз-чи! Ишлаяпман, топаяпман, сарфлаяпман. Сизларга ҳам ортганини юбораяпман, менинг камчилигим йўқ!».

Ўтган йили ўғлим билан, уч кунмикин, гаплашолмадик. Телефонимга қисқа хабар келди: «Бандроқман. Ишлаяпман». Кейин бафуржа суҳбатлашдик. Айтишича, Ўзбекистондан бориб, Сеулда кичик бир ошхона очган ҳамюртимиз Маъруфбекни ёрдамга чақирибди. Турли миллатларнинг таомлари фестивали бўлиб, булар ўзбекча овқатлар тайёрлаб сотишибди.

«Ака зўр ошпаз, пазанда киши, лекин бизнесга уқуви йўқроқ, савдоси юришмагани учун мени чақирган. Мен корейсча гапириб, ҳазил-ҳузул билан харидор чақирдим. Овқатланиш жараёни «шоу»га айланиб кетди. Бизнинг ошхонадан жой тегмаганларгина ноилож бошқа емакхоналарга борди. Биз ҳам лекин бўлганимизча бўлдик. Кечаси ухламай масаллиқ тайёрладик. Қирқ саккиз соат тик оёқда турдик. Икки кунда жуда катта фойда қилдик», — деб тушунтирди ўғлим. Овозидан ифтихор сезилиб турарди. Мен ҳам фахрланиб кетдим.

Мен отаман. Ўғлимнинг бугунидан келажагини кўпроқ ўйлайман. Шу боисмикин, «Энди шу ошхонада қолиб ишласанг ҳам бўлармикан?», деб сўрадим. Бироз жимликдан сўнг: «Йўқ, – деди ўғлим. – Бу ерда ишламайман! Меҳнатингни қадрламаган одам билан ишлаб бўлмайди». Беихтиёр, «Мўлжалингдан камроқ ҳақ бердими?», — деб сўрадим. 

Маъруфбек ориятлигина йигит. Доим айтадики, мен қўл учида ишлашни ёмон кўраман, қадримга етган одам билан ишлаб, унга ҳам, ўзимга ҳам фойда бўлишини кўзлайман. Бу сафар ҳам ўғлим шу гапини такрорлади. Лекин иш ҳақини олдиндан келишмаган экан, берганини олгач, анча чўғи камлигини кўриб, «энди сиз билан ишламайман», деб айтибди. Мен унинг гапини маъқулладим. Бироқ ...

Бироқ ўйланиб қолдим.

Олдиндан ҳақини келишмай иш бошлаганини маъқул кўрмадим, «Мўлжалингдан камроқ бердими?» деган сўроғимни эслаб, шундай бўлганини ўзим ҳам дастлаб табиий қабул қилганимни тушундим. 
Мен ўзим ҳам одамларга ишонавераман. Бирон юмуш айтишса, ҳақини сўрамай, бажариб бераман, кейин берганидан норози бўлиб юраман. «Ахир сиз бу ишга жуда қисқа вақт сарфладингиз, озгина вақтингиз кетган иш учун шунча берганим озми?», деб сўрайдиганларга «Бу даражага келиш учун мен бир умр ўқиб-ўрганганман» десам, таажжуб билан елка қисишади. Ўғлимга ҳам шу хислат ўтган экан-да, деб озроқ афсусландим. Қачон янги замонга мослашамиз, деб ўйладим. Мендаги, ўғлимдаги бу характернинг илдизлари қайда экан, деб хаёлга ботдим.

Кейин тўсатдан тушуниб етдим. Бу фақат менинг ўғлимгагина хос бўлган хусусият эмас. У ўзбекларимизнинг қон-қонига сингиган, асрлардан бери келаётган фитратимиз туфайли экан. 
Нега дейсизми?..

Атоқли ва ардоқли адибимиз Ойбек «Қутлуғ қон» романининг дастлабки саҳифаларидаёқ ўзбек халқининг меҳнаткаш икки вакили – Йўлчи ва Ёрмат характерининг айрим қирраларини чизиб беради. Йўлчининг камбағал йигитлиги, қишлоқда иш топмай, шаҳардаги бой тоғасини қора тортиб келгани, «бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур» сезилиб туриши ёзилади. Ёрмат ҳам Йўлчи каби камбағал бир киши. Бироқ унинг ўзи хизмат қилаётган бой хонадонига содиқлиги, «бутун қомати, ҳамма ҳаракатлари ўзига зеб берган мақтанчоқ камбағал» экани айтилади.

Ёрмат ва Йўлчи «пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол қилган бедазорга чиқишди. 

– Мана, бедам, – қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишора қилиб деди Ёрмат. – Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.

– Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди, – Ёрматга қараб деди Йўлчи.

– Хах-хах-хах! – қаттиқ кулди Ёрмат ва ўроқни Йўлчига тутқазиб гапира бошлади. – Мирзакаримбой отамнинг остоналарида ўн олти йилдан бери ишлайман, йигитча. Шундай бўлгандан кейин «сизники, бизники» дейишга ўрин қоладими».

Романни ўқиган одамлар билади. Ёрмат шунча йилдан бери Мирзакаримбойнинг уйида ҳақини келишмасдан ишлайди. Ўзининг тушунтиришича, «худо ҳаққи, мен, хизматимга бир нарса беринг, деб сўрамайман. Инсоф ўзларингга берсин, дейман-да, юравераман». 
Худди Ёрмат каби Йўлчи ҳам бойга ишга ёлланар экан, хизматига ҳақ сўрамайди. Чўнтагида бир тийин пули йўқ бўлса ҳам ҳақ сўрамай меҳнат қилади. Хизматкорликдаги таниши Шоқосимнинг хотини ўлиб қолганда жаноза харажатлари учун камбағал мардикорлар охирги пулларини ўртага йиғишганида «чўнтагида сийқа чақаси» йўқлигидан ўкинади, бироқ ўшанда ҳам бой тоғадан қилган хизматлари учун пул сўраш лозимлиги хаёлига келмайди. 

Ҳолбуки у қишлоқдан тоғаси Мирзакаримбойникига келган куниёқ ишга солинади. Беда ўради. Ўткир ўроқ билан «ўралиб-чаплашиб ўсган қалин майсани «шар-шар» йиқиб борар экан, ўзи ҳам завқланади. Ҳозир унинг кўнгли бир қадар кўтарилган. «Бой тоғам инсофли одам бўлса керак. Мана, ҳалиги одам шунча йил ишлабди. Хизматкор қул эмас. Фойда кўрмаса турадими? Гапига қараганда, хурсандга ўхшайди. Қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам, мендан юлмаслар».

Ёрматнинг «инсоф ўзларингга берсин, дейман-да, юравераман» деган гапига эътибор қилдингизми? Асли, бугун ҳам баъзиларимиз шу андишани аъмол қилиб олмаганмизми? Ойнада кўрган ҳақиқатимиздан нега сабоқ чиқармаяпмиз?

Ўйлашимча, дунёда ўзгармас ҳақиқатлар бўлгани сингари, халқнинг, миллатнинг маънавиятида ҳам ўзгармас, шу ўзгарса, дунё ҳам ўзгариб кетадиган бир хил хислатлар бўлади. Бу хислатларнинг ижобийси ҳам, салбийси ҳам бор. Шулардан биттаси – ўзимизга мағрурлик. Бошқаларни ҳам ўзимиздай кўриш. Биз дуч келган одамларнинг ўз ҳақиқати борлигини кўпда ўйламаслик. Энг ёмони – жамики оғирликни ўзимизга олиш. Меҳнатимизнинг баҳосини ўзимиз биламиз ё тасаввур қиламиз, лекин харидорга меҳнатимизни, кучимизни таклиф қилганда унда инсоф борлигига ишонишимиз.

Ҳолбуки инсоф бу дунёда жуда тансиқ матоҳ. Кимдадир бор, кимдадир эса...

* * *

Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романини болалигимда ўқиганман. Ўшандаги илк таассуротлар ҳозир ёдимдан кўтарилиб кетган. Эсимда қолгани Йўлчининг соф муҳаббати, Мирзакаримбойнинг хасислиги, камбағалларнинг эзилгани-ю, бойларнинг инсофсизлиги. Лекин асарнинг гўзал тили, ширадор ҳикоя услуби, урф-одатлар, удумлар, табиат тасвирлари, романтик жозибага лиқ тўла ишқ-муҳаббат саҳналари бошимга гурзи каби урилганини, кўксимда бойларга ғараз, ўтмиш ҳаётга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотганини элас-элас эслайман. 

Орадан ўн йиллар ўтиб, эсимни таниб, оқ билан қорани бир қур ажратадиган бўлганимдан кейин яна шу китоб қўлимга тушди. Дастлабига эринибгина варақлай бошладим, бирон ўн саҳифа ўқигач, қизиқиб кетиб, романнинг ярмига борганимни, тун ҳам алламаҳал бўлиб қолганини сезмабман. Ўзимга, энди кеч бўлди, ухлай, десам ҳам кўзимга бир қатра уйқу келмайди.

Чунки ўтган йиллар менинг жамият тўғрисидаги билимларимни оширган, бойлик ва камбағалликнинг сиру синоати анчагина маълум, тақдир битикларига файласуфона хотиржамлик ила боқадиган ёшга етишган эдим. Шу боис мени энди устоз Ойбекнинг синфларга бўлинган жамият борасидаги ижтимоий қарашлари, фикрлари эмас, бундан юз йил бурунги ўзбек халқининг турмуш шароитини, маишатини, қарашларини, эътимодини ҳассос мусаввир каби қоғозда жонлантираётган саҳифалар кўпроқ ўзига тортмоқда эди.

Хусусан, бизнинг халқимизда бошқа жуда кўп эллар, халқлар, миллатлар, жамиятларда бўлмаган ноёб хислатлар ҳам борки, уларни доимо асраб-авайлашимиз даркор. Шундай миллий фазилатлар тасвири устоз Ойбек асарида ўзига хос маҳорат билан чизиб берилган экан.
Йўлчи Салимбойваччага аравакашлик қилиб ресторанга боради. Салимбойвачча ичкари кириб кетади ва ичкилик дарёдай оққан, гўзал хонимлар енгилтак кўз сузган тўкин зиёфат бошланади. Бу орада ташқаридаги Йўлчи қиш совуғида дилдираб ўтиради. Оч қорни қулдираб, ухлай деса, совуқ заптига олиб, не қиларини билмай туради. Орадан аллақанча вақт ўтиб, ичкаридан Салимбойвачча чиқади ва Йўлчини ҳам ёнларига таклиф қилади.

Камбағал одамнинг ҳашаматли залга кирганини кўрган швейцар Йўлчини чиқариб юбормоқчи бўлади. Салимбойвачча бунга йўл қўймайди – Йўлчини ресторанда олиб қолади ва унга ўзлари еётган овқатларни таклиф қилади.

«Икки хотиннинг ўртасида ўтирган Салимбойвачча бир стакан тўлдириб, унинг олдига қўйди.

– Ич, овқатни ур!

– Мен ичмайман, раҳмат.

– Ичкилик бўлса, Жўра ўзини томдан ташлайди. Кўчада совуқлагансан, ич, йигит! – деди Жамолбой гердайиб.

Йўлчи ичмади, овқатга ҳам иштаҳаси бўғилган эди. Совиб қолган кабобдан бир сих олди...».

Шу можарони ёндош столда ўтирган икки рус киши кузатиб, ўзларича муҳокама қилиб ўтирган эди: «уларнинг бири кексароқ одам, у ё чиновник, ё катта савдогар ёки айни замонда ҳар иккиси... Иккинчиси ўрта яшар, кўзойнакли ва кийимга ғоят зеб берган одам. Буни Абдишукур инженерга ўхшатди.

«– Кўрдингизми, бу осиёликлар ваҳший бўлсалар ҳам, баъзи бир фазилатларга эга эканлар; мана бой «сарт» ўз хизматкори, балки қули билан бирга ичишади. Демократия!.. – деди инженернамо.

...Бой бўлсин, камбағал бўлсин, барибир, «сарт»нинг уйида битта пиёласи бўлади. Иккита қилса, одат бузилади ҳам катта гуноҳ ҳисобланади!..».

Европаликлар «демократия» деб ўзларича кулган бу хислат аслида халқимизнинг қон-қонига сингиган фазилат, миллатни бир бутун ҳолда ушлаб турган руҳий-маънавий устун эканини бугун кўриб, билиб, англаб турибмиз. Чунки бизда, Европадан фарқли ўлароқ, одамларни бойлигига, насабига қараб ажратиш бўлмаган. Ҳаммага одам деб қаралган. Одамлар бойликда ўзаро тенг бўлмаса ҳам (беш қўл баравар эмас), худонинг олдида тенгдир, деб тушунилган. Бу тенгликни кўрсатувчи белгилардан бири ўша –бой-камбағалнинг бир дастурхондан таомланиб, битта пиёладан чой ичиши бўлган.

Бундай жуда кичик, бироқ эътибор қилишга арзирли деталлар романда жуда кўп топилади. Фақат уларни кўра билиш ва ўқий олиш керак, назаримда.

Йўлчи Мирзакаримбой хонадонига илк дафъа келиб кирганида камбағал меҳмоннинг олдига дастурхонни бойнинг хотини олиб чиқиб ёзади: «Бой тоға нонни ушатиб, патнисни Йўлчининг олдига суриб қўйди». 
Ҳолбуки Мирзакаримбой уйида хизматкор сақлайдиган даражада бой эди. Бироқ у ўз хатти-ҳаракати билан элдан чиқиб кетишни истамайди. Уйида ҳам бошқа ўзбеклар – камбағалми, қашшоқми, қатъи назар – қатори умргузаронлик қилади. Қизини узатаётганда бойликка, ҳашаматга ўч хотини келинни извошда (бугунги ҳолатимизга биноан айтмоқчи бўлсак – лимузинда) кузатмоқчи бўлганда бойнинг жеркиб бериши ҳам шундан:

«Лутфинисо қизи билан қўш келинини извошда юборишни сўради. – «Ахир, кимсан, фалончининг қизи-я!».

– Эл қатори аравада кетаберсин! – деди узил-кесил бой.

– Вой, Алихўжа бойлардан нимамиз кам? Қизини қўш арғумоқли извошда юборди. Қўқон араванинг дўқири қурсин! 

– Бас, – қичқирди Мирзакаримбой, – манманлик – худо урганлик. Эски таомилдан қолма. Яна замон нозик. Халқ мени гап-сўз қилади. Бойлар қутириб кетди, дейди. Сен буни тушунасанми, ноқисулақл!».

Мен шу кичик тафсилотлардан дониш хулосалар чиқариб, ҳаммага ўзи тушунадиган нарсаларни қайтариб, эзилишиб ўтирмай. Ҳар ким хулосани ўзи чиқаришга ўрганадиган замонлар аллақачон етишган. Фақат менинг айтадиганим шуки, адабиёт – ойна, шахснинг, жамиятнинг юзига тутилган ойна! Фарқи шуки, бу ойна кундалик маиший турмушни кераксиз тафсилотлардан холис қилиб, тирикликни юрғизиб турган энг асосий тамойилларни, ҳаётнинг ўқ томирини кўрсатади. Шахснинг ким эканини эслатади, жамиятнинг қаёққа қараб бораётганини кўрсатади, булардан сабоқ чиқаришга чорлайди. Биз, ўқувчилар, бадиий асарлардан сабоқ оламизми ё «велосипедни қайтадан ихтиро қилиб», ўз бошимиздан кечган ва кечажак ҳодисалардан ўрганамизми, энди буниси ўзимизга боғлиқ.

* * *

Ўтган йил баҳорда қишлоққа борган эдим. Дўстлар билан Сурхоннинг бўйига эндик. Тоғ-тошдаги сел туфайли дарёнинг суви роса тошган пайт эди. Лойқа, бўтана сув тошлоқ қирғоқни ўпираман деб ҳамла қилади. Бироқ соҳилга маҳкам қоқилган сепояларга, атай ташлаб қўйилган улкан харсангларга урилиб, шашти-шиддати пасаяди. Кейин жойида чир айланиб, сепоя тагида гирдоб ҳосил қилади, харсанг устидан ошаман деб тўлқин уради. Яна мавжланиб, тўлқин солганча нариги қирғоқ сари чопади. У тарафда ҳам шу аҳвол.

Тўлқинларни томоша қилганча, бепоён соҳилда яшил орол каби кўзни қувнатиб турган масканга бордик. Деҳқон акаларимиздан бири дарё бўйидаги чағир тошлоқдан бир парча жой очиб, ўзан ёқалаб тол, терак, жийда экибди. Узумни ишкомга кўтариб, пешинда салқинлайдиган жой ҳозирлабди. Дарахтларнинг чалкашиб, чирмашиб ўсган томири соҳилни маҳкамлаб, деҳқончилик қилишга яроқли бир ботмон ерни ҳимоялабди. Биз ҳам дўстлар билан, гарчи дарё бўйида эсак-да, қизғалдоқнинг иссиғидан салқинлаш учун ўзимизни ишком тагига олдик.

Кўрсам, атрофи дарахт билан иҳоталанган майдонга пиёз экилган. Пиёз аллақачон етилиб, ерни ёриб, туртиб чиқиб, майсаси қувраб, ҳар бири полвон кишининг муштидай тугилиб турибди. Ҳосилнинг кўплигидан ер юзаси кўринмайди денг. Атрофни пиёз босган. Деҳқончилигингизга барака берсин, деб сўрашдим. Кейин ундан-мундан суҳбатлашиб ўтирдик.

Табиийки, пиёзнинг баҳоси ҳам айтилди.

– Уйинг куйгур олибсотар шу пиёзнинг килосига эллик сўм сўраб турибди, – деб ёзғирди деҳқон ака. – Эй, ноинсоф, берадиган пулинг пиёзнинг уруғлиги ҳам бўлмаяпти-ку, десам, ака, бозорнинг кўтаргани шу дейди ишшайиб. Мана сиз Тошкентдан келдингиз, ўшаёқда пиёзнинг нархи қандай?

– Беш юз сўм эди, шекилли, – дедим ўзим ҳам ишонқирамай. – Пиёзнинг нархи арзонлиги бор гап.

– Мана, – деб гапни улади деҳқон ака. – Олибсотар мендан бозор нархининг ўндан бирини сўраяпти. Шу инсофданми?
Шу пиёзни экиб, меҳнат қилиб, олти ой кутган деҳқон уч кун югурган олибсотардан уч баробар кам ҳақ олса, инсофданми, деб унинг дардига шерик бўлдик. Ахир «Инсоф сари барака» деган нақл халқимиз руҳида неча минг йиллардан бери яшаб келаяпти-ку, энди унга ишдан чиққан матоҳдай қарамаслигимиз керак.

Юқоридаги воқеани бежиз эсламаётганимни тушунаётгандирсиз.
«Қутлуғ қон» романида ҳам шунга ўхшаш бир эпизод бор. Шаҳарга қовун ортиб келаётган деҳқоннинг араваси синиб қолгани эсингиздами? 
Деҳқон аравасининг бузилиб, шаҳарга боролмай қолгани, қовунини сотолмагани, пулига яланғоч болаларига кийим-кечак ололмаганига ачинмайди, араванинг бировники эканидан зорланади:
«От-арава ўзимники бўлсайди, жарга қулаб кетса ҳам майлийди. Кишиники, ука. Ўзимда улов йўқ. Қовуним пишиб, чириб кетди... Қўшнимдан от-аравани бир кунга тилаб олган эдим. Жилла бўлмаса, битта четанда олиб тушай-да, сотиб болаларга кийимлик олай, деб хаёл қилган эдим. Бола-чақа қип ялонғоч; уҳ... Фалокат кутиб турган экан».

Маҳсулотини бозорга етказолмаган деҳқоннинг қийин ҳолатидан олибсотар боққол фойдаланиб қолади. Бозорда ками ўн саккиз сўмга сотса бўладиган туянинг калласидай саксонта катта-катта қовунни у тўрт ярим сўмга олади:

«– Шаҳарга бора олмайсиз, – бидирлади боққол – қовунни ҳам кўрдим. Ўртача. Агар яхши бўлса, халқ еб, сизни дуо қилади, мен ўзим емайман. Кейин, ким билади, бир палакдан ҳар хил қовун етишади. Деҳқон бўлмасак ҳам буни фаҳмлаймиз. Уч сўлкавой бераман, хўп денг!..

– Саксонта қовунга-я? Уч сўм? – деҳқон тескари бурилди.

– Инсоф қилинг, боққол ака! – қичқирди Йўлчи.
Яна бир мунча одамлар Йўлчининг гапини тасдиқладилар: ”Тўғри, инсоф қилинг-да!”.

Боққол бу гапларни эшитмагандай аврайверди:

– Мен сизнинг фойдангизни ўйлайман. Арава кишиникими? Қовунини тушириб оламан шу ерда. Анов ерда уста Тошпўлат бор, биларсиз. Арава ишида фаранг! Қовуннинг пулига аравани тузаттирасиз. Эгаси хафа бўлмайди. Иложи бўлса, яматганингизни айтманг, койиб-нетиб юрмасин тағин. Туя кўрдингми-йўқ, вассалом...

Иложсиз қолган деҳқон баҳони секин камайтириб, етти сўмга тушди. Бошқа бир рақиб илмасин деган андиша билан боққол ҳам бир тангалаб ошаверди. Сўз билан деҳқоннинг бошини қотириб, ниҳоят, тўрт ярим сўмга кўнишга мажбур қилди».

Нега деҳқонларимиз юз йил бурун ҳам, бугунги кунда ҳам қўлида маблағи бор «уддабуррон»нинг қовоғига қараб қолмоқда, деган содда саволни бермайлик. Асли, эркин иқтисодиётнинг қонуни шундай. Нархни бозор белгилайди!

Бироқ мени ўйлантираётган ва мутолаа вақтида кўнглимдан ўтаётган гап шуки, нега одамларимиз ҳамон содда, ҳамон ишонувчан? Нега муҳит ўзгарса ҳам, бозор қонунларига биноан яшаётганимизга йигирма беш йилдан зиёд муддат ўтган бўлса ҳам, менталитетимиздаги баъзи ноқисликлардан бутунлай қутулиб кетолмаяпмиз? Замон ўзгараяптими, биз ҳам ўзгаришимиз керак. Ўзгариш инсонни янгилайди, юксалтиради.
Мен «Қутлуғ қон» романини ўқишда давом этдим ва кўплаб саволларимга жавоб олдим.

Хусусан, газаклаб, мадда бойлаб кетган яралар вақтида даволанмаса, тиғ ишлатишга эҳтиёж пайдо бўларкан. 

Биз ҳеч қачон бир-биримизни айирмаган, сен камбағал, сен бой десак ҳам, инсонийликда ўзаро тенг кўрган халқмиз. Устоз Ойбек айтмоқчи, битта пиёладан чой ичамиз. Энди, битта пиёладан чой ичиб бўлгач, ойнага қараб, уст-бошимизни, ўзимизни тузатиб олишни, жамиятимиз тараққиётини юксалтиришни ўйлашимиз керак.

Мусулмон Намоз

«Маънавий ҳаёт» журналидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг