Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фуқарога икки марта ер ажратилди ва... икки марта қайтариб олинди

Фуқарога икки марта ер ажратилди ва... икки марта қайтариб олинди

Фото: «Xabar.uz»

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи Юсупов Дилшоджондан мурожаат келиб тушди ва биз уни тўлиғича эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

«Ассалому алайкум. Мен, Юсупов Дилшоджон Шуҳратович, 1988 йил 9 июнда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Султон қишлоғида туғилганман ва шу ерда истиқомат қиламан.

Ушбу илтимосномани ҳозирги кунда ҳаётимда юзага келган тўсиқлар ва муаммоларга ечим топиш учун адолат истаб сизга йўлламоқдаман.

Мен 2017 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга ва тадбиркорларга яратиб берилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўзимнинг шахсий томорқам йўқлиги сабабли ўз деҳқон хўжалигимни ташкил қилиш мақсадида Машад қишлоғида жойлашган 561-контурдаги қаровсиз ётган ер майдонидан 0,35 га ер ажратишларини сўраб Учкўприк туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилдим. Шу йилнинг 26 июлида менга Учкўприк туман ҳокимининг «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 1008-қарорига асосан шу жойни обод қилиш ва унумдор экин майдонига айлантириш шарти билан 0,35 га ер ажратилди. Бундан менинг хурсандчилигим бир бўлди-ю, ота-онамники юзга айланиб кетди. Чунки шу кунга қадар оиламизнинг даромадини кўпайтириш, қўшимча даромад олиш учун ҳеч қачон бундай имконият бўлмаган эди.

Афсуски, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади, ҳаммаси пуч бўлиб чиқди. 2017 йил сентябрь ойида туман прокурори ўзининг 26 сентябрь кунги 10/17-протести билан туман ҳокимига 2017 йил 26 июлдаги «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 1008-қарорини бекор қилиш талабини қўйди. Протестда менинг оила бошлиғи эканлигим, илгари менга уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилганлиги хақидаги қонун талаблари умуман текширилмаганлиги важлари келтирилган эди. Афсуски, туман ҳокимлиги прокуратуранинг талабини қондирди. Туман ҳокимининг 2017 йил 17 ноябрдаги 1511-қарорига асосан аввалги 1008-қарор бекор қилинди ва ер қайтариб олинди. Бу орада мен ташкил қилинган деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказишга улгургандим. Бу дард устига чипқон бўлиб, ҳали бир кетмон уриб улгурмаган ерим учун 522 минг сўм солиқ қарзини бўйнимга олдим ва тўладим.

Барчасига сабр қилиб, «қоғозбозликдаги қўпол хатолар»имни тўғрилаб 2018 йил март ойида туман ҳокимлигига Машад қишлоғида жойлашган 561-контурдаги қаровсиз ердан ҳеч бўлмаганда 0,20 га ер ажратишларини сўраб такроран ариза билан мурожаат қилдим. Бу сафар ўша ташландиқ жойни Машад қишлоғида яшовчи 3 нафар фуқаро қатори менга ҳам туман ҳокимининг 2018 йил 28 март кунги «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 540-қарорига асосан қўшнилар билан ҳамжиҳатликда шу жойни обод қилиш ва унумдор экин майдонига айлантириш шарти билан 0,2 га ер ажратилди.

Қаровсиз ернинг аввалги ҳолати.
Қаровсиз ернинг аввалги ҳолати.
Қаровсиз ернинг аввалги ҳолати.

Шундан сўнг биз қўшнилар билан биргаликда шахсий маблағларимиз ҳисобидан ерни экин майдонига айлантириш ҳаракатларини бошладик. Бир ойлик тўхтовсиз меҳнат, техника кучи ва маблағлар эвазига ер экин экиш учун тайёр ҳолатга келтирилди ва ловия экилди. Бу орада мен «Ягона дарча» марказига олдинги деҳқон хўжалигимни ёпиб 0,2 га ерга хўжаликни рўйхатдан ўтказиш учун борганимда, дастлабки 0,35 га ер учун очилган деҳқон хўжалигига 2018 йил учун солиқларни тўлаб (770 минг сўм) ёпганимдан сўнггина менга янги деҳқон хўжалиги очилиши ва 2018 йил учун яна тўлиқ солиқларни тўлашим кераклигини тушунтиришди.

Буларнинг ҳаммасига рози бўлиб турган вақтимда туман прокуратурасига чақиришди ва мендан ерни қай йўл билан олганим тўғрисида тушунтириш хати олишди ҳамда ер берилиши юзасидан Миришкор қишлоғида яшовчи фуқаро Жаҳонгир Султонов шикоят аризаси берганлиги ҳақида огоҳлантиришди.

Тушундимки, ўша ерни мендан яна қайта тортиб олиш учун ҳаракатлар бошланган. Ўйлаганимдек бўлиб чиқди ҳам. Туман прокурори туман ҳокимлигига 2018 йил 11 май кунги 11-18-протести билан туман ҳокимининг бирваракайига 2018 йил 28 март кунги «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 537, 538, 539, 540-қарорларини бекор қилиш талабини қўйди. Афсуски Учкўприк туман ҳокимининг 2018 йил 23 май кунги 877-қарорига асосан «Деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 540-қарори бекор қилинди.

Қаровсиз ернинг кейинги ҳолати.
Қаровсиз ернинг кейинги ҳолати.
Қаровсиз ернинг кейинги ҳолати.
Қаровсиз ернинг кейинги ҳолати.

Буни нима деб аташ мумкин? Майнавозчиликми ёки инсон меҳнатини камситишми?! Қарор қабул қилишдан аввал туман ҳокимининг, қарорнинг қонунийлигини ўрганиш зиммасида бўлган туман ҳокимлиги ҳуқуқшуносининг кўзи қаерда эди? Нега қарор чиқариб ортидан бекор қилаверади? Яна бир эмас, икки марталаб. Ер ажратилишида мутасадди ходимларнинг, «Ермулккадастр» давлат унитар корхонасининг кўзи қаерда эди? «Бу ер фақат фуқаро Жаҳонгир Султоновдан бошқасига берилмасин» деб бирор-бир қонунда белгилаб қўйилганми? Наҳотки прокуратуранинг шу ишлари тўғри бўлса, бир оддий фуқаронинг меҳнатини, қилган ҳаракатларини ҳеч ким ёқламаса, ер қонуний асосларсиз берилган бўлса, нега протест шу заҳоти зудлик билан берилмади? Нега энди деҳқонлар ўша ерни ер қилиш учун пул сарфламасдан, меҳнат қилмасдан, экин экмасдан олдин ҳеч ким индамади? Нега энди мен ҳали 1 сўм фойда олмаган, ҳали меники бўлиши ноаниқ бўлиб турган жойга 2 йиллик солиқни бўйнимга олиб тўлашим керак? Наҳотки адолат бўлмаса?

Мурожаатдан муддаом шуки, юқоридагиларни инобатга олиб, Учкўприк туман прокуратурасининг 2018 йил 11 май кунги 11-18-протестининг қонунийлиги чуқурроқ ўрганилишида, адолат қарор топишида, фуқароларнинг ташландиқ ерни обод қилишдаги саъй-ҳаракатлари, меҳнатлари тўғри баҳоланишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман...».

Мурожаатни ўрганарканмиз, ҳар икки томон ҳам ҳақ туюлади (ким ҳақ ёки ноҳақлигини албатта тегишли ташкилотлар ҳал қилади). Прокуратура давлат манфаатларини ҳимоя қилмоқда, намунавий уй-жойлар қурилиши учун сақланган майдон, сув йўллари ва муҳофаза ҳудудлари фуқароларга берилишининг олдини олмоқда. Аммо туман ҳокимининг ер бериш ҳақида икки карра қарор чиқариб, яна ўзи ўша қарорларни бекор қилавериши кишини ўйга толдиради. Бу ўринда мурожаат қилувчининг эътирози ўринли. Наҳотки ер берилгунча бу ҳаракат қонунларга зидлигини текширувчилар билмаган ёки нуфузли ташкилотлар вакилларидан иборат 10 кишилик комиссия имзо чеккан хулоса ҳам хўжакўрсинга бўлган.

Биз мақолани Дилшоджон  Юсупов тақдим этган ҳужжатлар асосида ёздик. Бу мавзу юзасидан мутасадди ташкилотлар ўз муносабатларини билдирсалар, мавзуга қайтишга тайёрмиз.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг