Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқаролик низоси. Қарор муҳимми ёки томонлар ўртасини ислоҳ қилиш?

Фуқаролик низоси. Қарор муҳимми ёки томонлар ўртасини ислоҳ қилиш?

Ҳаёт давом этар экан, инсонлар ўзаро мулоқот-муносабатга киришиши табиий. Бусиз илож йўқ. Ўзаро мулоқотлар аксарият ҳолатларда хайрли тугайди. Айтайлик, кимгадир пул зарур бўлди, таниши қарз бериб турди, қарз вақтида қайтарилди. Тамом — ўртада ҳеч қандай муаммо йўқ. Иккала тараф ҳам хурсанд: бири танишининг корига яраганидан, иккинчиси муроди ҳосил бўлганидан.

Акс ҳолат рўй берса-чи? Яъни, қарздор лафзида турмаса, у ва ҳақдор ўртасида низо пайдо юзага келиши аниқ. Бу эса ортиқча вақт, асаббузарлик, қанча ҳаракат ва харажат (адвокат хизмати, давлат божи билан боғлиқ чиқимлар) талаб қилади.

Энг ёмони, икки ўртада дўстлик, қўшничилик, ҳатто қариндошлик ришталарига путур етади.

Низо келиб чиқмаслигининг асосий омили эса, аввало, ўзаро ҳурмат, зиммадаги мажбуриятни теран ҳис этиш ва албатта, ҳуқуқий билимга боғлиқдир. Акса ҳолда...

Ўзбекистон Конституцияси ҳамда фуқаролик қонунчилигига кўра, ҳар қандай ҳуқуқи бузилган шахс судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Суд амалиёти қиёсий таҳлилидан кўринишича, 2019 йилда низолар сезиларли камайган. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2019 йил биринчи ярмида 91 744 та иш кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2018 йил шу даврида 119 823 та ишни ташкил этган.

2019 йилнинг биринчи ярмида Республика фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 91 744 та иш кўриб тамомланган бўлиб, шундан 63 613 таси даъво тартибида кўрилган ишларни ташкил этган.

Судлар томонидан даъво тартибида 13 021 таси қарз ва кредит шартномалари билан боғлиқ низолар, 14 560 таси турли битимлар билан боғлиқ низолар, 1 267 тасини меҳнат низолари, 1347 та бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги, 652 та турар жойдан кўчириш ҳақидаги, 571 та олди-сотди шартномасидан келиб чиққан низолар кўрилиб, мазмунан ҳал этилган.

Ҳисобот даврида, никоҳдан ажралиш ҳақидаги даъво бўйича жами 18 092 та ишлар судлар томонидан мазмунан кўрилиб, шундан 11 153 та (61,6%) даъво қаноатлантирилган, 6 939 та даъво талабларининг бир қисми рад этилган, бир қисми ярашгани сабабли иш юритишдан тугатилган.

Алоҳида таъкидлаш керак, жами 4 581 та иш тарафлар ўзаро келишганликлари, ярашганликлари сабабли тугатилган.

Бундан ташқари, судлар томонидан 15 807 та алоҳида тартибида юритиладиган ишлар ҳам кўрилиб, 11 719 та ариза қаноатлантирилган.

Судлар томонидан низосиз талаблар бўйича қарийб 43 миллиард қарздорликни ундириш бўйича 38 630 та суд буйруқлари чиқарилган. 2018 йил шу даврида ушбу кўрсаткич 238 166 та суд буйруғини ташкил этганлиги, суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талабларнинг кескин камайганлиги- фуқароларимизнинг солиқ ва бошқа тўловларни, хусусан, фойдаланилган электр энергияси, газ, сув ва бошқа хизматлар учун тўловлар билан боғлиқ ўз бурчларини ихтиёрий бажаришга бўлган муносабати ўзгарганлигини кўрсатади.

Шунингдек, судлар томонидан турли низоларнинг олдини олиш борасида 2500 дан зиёд хусусий ажримлар чиқарилган, аҳоли ўртасида 2 317 маротаба суҳбатлар ўтказилган ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали 1000 дан зиёд чиқишлар қилинган. 35 209 та иш сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ярим йиллик иш фаолияти, суд амалиёти таҳлилий  муҳокама қилиниб, судларга келгусидаги фаолиятларида ишларни ўз муддатида ва қонуний ҳал этишда, асосий эътиборни, низоларни тинч йўл билан, яъни низодаги тарафларга ҳуқуқларини тушунтирган ҳолда  келиштириш орқали ҳал этишга, айниқса оилалар барбод бўлишининг олдини олиш масаласига қаратиш  тавсия қилинди. Чунки, ҳар қандай фуқаролик низосини тарафларга ҳуқуқларини ва амалдаги қонун талабларини тушунтириш орқали, улар ўртасини ислоҳ қилиш, яраштириш, келишув битими тузиш йўли билан ҳал этиш мумкин. Қачонки, тарафлар ўзаро келишса, улар ўртасидаги инсоний муносабатлар ҳам сақланиб қолинади. Зеро, жамиятнинг соғломлиги  инсонлар ўртасида соғлом муносабатларга чамбарчас боғлиқдир.

Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг