Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум ўтказилди

Гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум ўтказилди

Фото:«Xabar.uz»

Пойтахтимизда Ўзбекистон  Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалари бўйича комиссияси томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигида “ХХI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз кириш сўзида гендер тенгликни таъминлаш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бутун дунёда долзарблигини йўқотмаганини таъкидлаб ўтди.  Бу бежиз эмас, чунки гендер тенгликка эришиш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор тараққиётга эришиш учун асосий пойдевор яратиб беради. Мазкур йўналишдаги самарали сиёсат умр кўриш давомийлиги, таълим сифати, бандлик ва умуман ривожланишнинг белгиланган кўрсаткичларига эришишга кўмаклашади.

 Жорий йилда бу йўналишда юртимизда муҳим  қадамлар қўйилди. Жумладан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият бошлади.

Сўнгги йилларда ёшлар масалалари бўйича 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ушбу йўналишда ҳуқуқий базани такомиллаштириб, Ўзбекистон ёшлар иттфоқи томонидан Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ўсиб келаётган ёш авлоднинг салоҳиятини  рўёбга чиқариш борасидаги  бешта муҳим ташаббусни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича изчил фаолият амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ёшларнинг ижодий имкониятларини ривожлантириш, шу жумладан имконияти чекланган шахслар учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Форум иштирокчилари хорижий мамлакатларда ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш, ёшлар ташкилотчилари етакчиларини ўқитиш ва тайёрлаш халқаро дастурларини амалга ошириш, Европа, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидаги ёшлар сиёсатини амалага ошириш тенденцияциялари ҳақида ҳам хабардор этилди.

Қизғин баҳс-мунозараларда бу йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, сиёсий ҳаётда хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллик даражаси ҳали ҳам замон талабларига жавоб бермаслиги айтиб ўтилди. Шу нуқтаи назардан гендер ва ёшлар масалаларига етарлича эътибор қаратилмаслиги ҳам кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Норасмий миграция, мажбурий меҳнат, одам савдоси ва бошқа салбий ҳолатлар шулар жумласидандир. Форумда ушбу иллатларга барҳам бериш масалаларида давлатлараро  ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди.

Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, БМТ, ЙХҲТ, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) каби нуфузли халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, ННТ вакиллари, шунингдек хорижий ҳамда миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг