Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гонорар керакмас, деб тилхат ёздириб олди. Ноширнинг бунга ҳақи борми?

Гонорар керакмас, деб тилхат ёздириб олди. Ноширнинг бунга ҳақи борми?

Фото: «Xabar.uz»

— «Бир нашриёт раҳбари ёзувчига гонорар беришдан бош тортишга ҳаққи борми? Гонорар керакмас, деб тилхат ёздириб олди, кейин китобингни чиқараман, деди. Бунинг учун қонуний чора борми?»

С.Т., Сирдарё вилояти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Унга кўра, ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олиниши белгиланган эди.

— Агарда нашриёт китобни ўз ҳисобидан чиқараётган бўлса, муаллифга қалам ҳақи бермаслиги мумкин. Яъни, нашриёт қалам ҳақи бермайман деган қарорга келган бўлса, бунга ҳақи бор, — дея жавоб берди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги масъул ходими. — Аввало, қалам ҳақи бериш-бермаслик нашриёт ва муаллиф ўртасида тузилган шартномада келтириб ўтилади. Агарда шартномада гонорар тўланиши кераклиги белгиланган бўлса-ю, нашриёт томонидан қалам ҳақи муаллифга тўланмаса, бундай ҳолда судга мурожаат қилиш ва белгиланган қалам ҳақи ундириб олиниши мумкин. Аммо шартномада гонорар берилмаслиги ҳақида келишув бўлса, муаллифга гонорар тўланмайди. Аслида хусусий нашриётлар томонидан қалам ҳақи бериш-бермаслик ўз ихтиёрида бўлиб, китоб чоп этиш учун нашриёт ўз ҳисобидан сарф-харажат қилади. Шу билан бирга китоб сотилиши ҳам нашриётнинг гарданида бўлади. Агарда муаллиф китоб учун қалам ҳақи тўланмаётганидан норози бўлса, у бошқа нашриёт билан китоб чоп этилиши бўйича шартнома имзолаши ва китобнинг қўлёзмасини аввалги нашриётдан олиб кетишга ҳақли.

Хуллас, қалам ҳақи олиш-олмаслик ёки бериш-бермаслик нашриёт ва муаллиф ўртасида имзоланадиган шартномада батафсил келтириб ўтилган бўлади».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг