Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Ҳаж зиёрати нега қиммат? Нега шартлари мураккаб?

Ҳаж зиёрати нега қиммат? Нега шартлари мураккаб?

Фото: «Muxlis.uz»

Исломнинг устуни бешта: иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ҳамда бойлиги ва соғлиғи етарли бўлса, ҳаж қилиш.

Аллоҳ таоло Қуръонда: «Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир», — дейди («Оли Имрон» сураси 97-оят).

Шуни билиб олиш лозимки, намоз, рўза ва закотнинг фарзлигини инкор қилган киши диндан чиққанидек, ҳажнинг фарзлигини инкор қилган киши ҳам диндан чиқади. Демак, «Етим-есирга хайру эҳсон қилсанг, ҳажнинг савобини топасан», «Маҳаллангга сув чиқарсанг, ҳожи бўласан», «Қишлоғингга йўл қуриб берсанг, ҳажга бормасанг ҳам бўлади» деб фатво берувчилар ўзларига, охиратларига эҳтиёт бўлишсин! Уларнинг фатвоси баҳона бўлиб, «Савоб ишни кўп қилиб қўйдик, бизники ҳожиларникидан ҳам зўр экан» деб ҳажга бормай юрган одам ҳам савол-жавобдан эҳтиёт бўлсин!

Энди «Ҳаж бир марта, у ёғи риё, у ёғи тижорат» деб ҳожиларни маломат қилиб юрганларга айтар сўзимиз: ҳажнинг миқдори пастдан чегараланган, яъни бир марта ҳаж қилиш фарз. Бу бир марта ҳаж қилган одам бошқа бормасин дегани эмас. Яна борса, ҳеч қанақа риё ҳам эмас, мақтанчоқлик ҳам эмас. Буниси ниятга қараб бўлади. Кейингилари нафл ибодат бўлаверади ва ҳар гал ҳаж савобини топаверади. Биринчи мартада ҳам, кейинги марталарда ҳам инсон ҳажга қандай ниятда, қандай мақсадда кетаяпти? Ҳажга бориш рўйхатига қандай йўллар билан тушиб қолаяпти? Буниси ўша одамнинг иймонига, виждонига ҳавола. Умрида 50 марталаб ҳаж қилган улуғларимиз, ҳар йили ҳаж қилган уламоларимиз бўлган.

Тижоратга келсак, ҳожи ҳаж амалларини қилиб бўлгач, истаганча тижоратини қилаверади. Бу борада унга чеклов ҳам йўқ, ҳеч ким таъна ҳам қилмасин! Зиёратдан кейин тижорат қилиш жоизлиги ҳақида ҳадислар кўп. Аммо ҳажнинг пули ҳалолдан топилган бўлиши, қарздор аввал қарзини узиши, зиммасида кимнингдир омонати бўлса, омонатини бериши шарт. Ранжитганлари бўлса, кечирим сўраши ҳам шарт. Шунингдек, ҳажнинг барча арконларини холис ният билан, ибодатдан чалғимай, хаёлда заррача дунёвий манфаатни кўзламай адо қилиб бўлгандан кейингина тижорат қилиш жоиз.

Ҳаж борасида Аллоҳ ёшни чекламайди, тилини, миллатини, мартабасини чекламайди. «Фалон ёшдан катталар бормасин» ёки «Фалон ёшдан кичиклар бормасин» деган қоидаларни илмсиз кишилар тўқиб чиқаришган. Бундан эса баъзи кимсалар талабгорлардан мўмай пул ундириш маысадида фойдаланиб қолади. Исломда йўқ бу чекловлар. 

Ҳаж зиёрати нархи хусусида

Зиёрат нархи йилдан йилга ошиб бораяпти. Аслида ниманинг нархи ошмаяпти?

2018 йилги зиёрат нархининг ошишини Саудия Арабистонида ҳаж хизматларини кўрсатаётган компанияларнинг тарифлари кўтарилиши билан боғлаб изоҳлашмоқда. Макка ва Мадина ҳамда Жидда шаҳарлари орасида қатновчи транспорт, Минода ва Арафот тоғида чодирларнинг хизмат нархлари ошганини айтишмоқда. Қурбонлик учун ҳар бир ҳожидан мажбурий тарзда, виза расмийлаштирилаётгандаёқ 170 доллар олиниши кўзда тутилган (менимча, қурбонликка ярайдиган қўй ўзимизда ҳам бундан кам турмайди).

«Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилда ибодатни бажариш нархи 2600 доллардан 3400 долларгача бўлади», — дейди «islamcenter.uz» сайти.

«Muslim.uz» сайтида 2017 йил 30 декабрь куни берилган мақоланинг сарлавҳасида «Ҳаж ва умра нархи билан боғлиқ маълумотларга аниқлик киритилди» деб ёзилган бўлса-да, у ерда ҳеч қандай рақам айтилмаган.

«Январь ойида ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида зиёратчилар тўлайдиган маблағ муҳокама қилинади ва нархи белгиланади», — деган эди Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати. Аммо февраль бошландиямки, 2018 йилги ҳаж зиёратининг аниқ нархини ҳалигача ҳеч ким билмаяпти. Жамоатчилик кенгаши йиғилмадимикан ё нарх борасида бир тўхтамга кела олишмаяптимикан? 

Ҳаж ва зиёрат нархлари хусусида айрим мулоҳазаларимни билдирмоқчиман

Ҳаж зиёратининг нархи баланд бўлишига яна бир сабаб бор: маълумки, самолётлар ҳожиларни Мадинага ташлаб келади ва бир ойдан кейин яна учиб бориб, қайтариб олиб келади. Яъни, ҳожилар бир марта ҳаж қилади, самолётлар икки марта бориб келади. Икки бориб келишнинг харажати, табиийки, ҳожиларнинг гарданида. Ҳаж зиёрати муддатини бир ой қилмасдан, масалан, 12-14 кун қилиб, учувчилар ҳам қайтиб кетмасдан, ҳожилар билан бирга зиёрат қилиб, бирга қайтсалар, зиёрат нархи сезиларли даражада камайган бўлармиди. Аслида «Ҳаж Арафотдир» деган ҳадиси шарифга кўра ҳажнинг асосий рукни Арафот тоғида туриш. Бунга уч кун шайтонга тош отиш, аввалги ва охирги Каъбатуллоҳ тавофларини ҳам қўшиб ҳисобланса, ҳажни узоғи билан бир ҳафтада адо қилса бўлади. Мадина зиёратига ҳам уч кун ажратилса, 10 кун етади. Албатта, бу менинг фикрим. Ҳожилар «Умримизда бир келдик, бирон ой юрайлик» дейишлари ҳам мумкин. Аммо уч ой юрсангиз ҳам биров сизни уч ой юрган ҳожи демайди.

Зиёрат нархи ошишига «ҳисса қўшадиган» омиллардан яна бири Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати таъкидлаган «Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун сафарбар этиладиган ва уларнинг ибодатларини эмин-эркин, тўла-тўкис амалга оширишини таъминлайдиган соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳидир. Ҳаммасининг харажати ҳожиларнинг ҳисобидан бўлади. Мен бир ой ҳажда юриб, «ибодатларимни эмин-эркин ва тўла-тўкис» амалга оширишимни таъминлайдиган ишчи гуруҳининг бирортасига ишим тушгани йўқ.

Таклифим: ҳожиларнинг ичидан (бепул юбориладиган алоҳида рўйхатдагилардан эмас!) тил биладиган бир элликбошини ўзлари сайлаб олишса ва ҳар вилоят ҳожилари ўзлари билан биттадан шифокорни олиб кетишса, етарли.

10-12 кунда қайтиб келадиган қилиб мўлжалланса, ошпазларнинг ҳам кераги йўқ, ҳар қадамда овқат, бунинг устига Саудияда овқатдан арзон нарса йўқ. Қолаверса, ҳожи Маккага маза қилиб еб-ичгани ҳам бормайди.

«Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда, балки Мино, Муздалифа, Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар. Бу хизматлар қўпгина бошқа давлатлар зиёратчиларига кўрсатилмайди» деган гаплар унчалик тўғри эмас. Бошқа мамлакат ҳожилари биздан нон, чой ё овқат сўраганини мен кўрмаганман.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати мана буни ҳам эълон қилган: «2018 йилги ҳаж мавсуми зиёратчиларини саралашда унинг моддий ва жисмоний жиҳатдан ҳаж сафарига тайёрлиги, аввал ҳажга бормаганлиги, ислом дини ва ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беришига алоҳида эътибор қаратилади».

Агар бу нарсаларга «алоҳида эътибор» эмас, салгина эътибор қаратилса ҳам Ўзбекистондан 7200 эмас, 200 киши ҳам ҳажга боролмайди. «Аввал ҳажга бормаганлиги» дейилганда талабгорларнинг анчаси кетади. «Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари» деганда яна анчаси кетиши шубҳасиз. «Маънавияти»га эътибор берилса, талабгорлар тутдек тўкилади. «Маърифати» деган жойида 50 га 50 деяверинг! «Одоб-ахлоқи»га индаманг, «Маҳалладаги обрў-эътибори» дейилганда яна анчаси кетади. «Оиласидаги муҳитнинг соғломлиги»ни ким ва қандай аниқлашига менинг ақлим етмайди. Масалан, менинг оиламдаги муҳитнинг соғлом ёки бузуқлигини мендан бошқа одам билмайди. «Фарзандларининг ижобий тавсифланиши» деган шартда ҳам анча одам тўкилади. «Маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси» деган шарти ҳам жуда кўпчиликка оғирлик қилиши шубҳасиз. Аммо шартларнинг ичида энг қизиғи ва бажариш осон бўлмайдигани мана буниси: «Йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши». Тўғри, «Йўлдан адашганларни тўғри йўлга солганлар ҳажга боради» деган гапни яхши ният билан президентимиз Шавкат Мирзиёев айтди. Аммо буни барча ҳожиларга мажбурий шарт қилиб қўйинглар дегани йўқ. Ана шундай инсонлар биринчи навбатда боради деган маънода айтди. Энди 7200 ҳожи агар шартни бажариш учун биттадан «адашган»ни тўғри йўлга соламан деганда ҳам 7200 та «йўлдан адашган»ни қаердан топади? Ҳар йили ҳажга борадиган 7200 ҳожига 7200 та «йўлдан адашган» қаердан топилади? Худога шукур, элнинг бунча боласи «тўғри йўлдан адашиб» кетгани йўқ.

Бунинг устига ЎМИ матбуот хизмати эълон қилган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида мана бундай банди ҳам бор экан: «Жамиятдаги ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда маҳаллалардаги йўлдан адашганларни соғлом эътиқодга қайтаришда алоҳида намуна кўрсатган имом-хатибларнинг имтиёзли равишда ҳаж сафарига боришига тавсия бериш кўзда тутилган». Ана бўлмаса! Қўрқаманки, имомнинг имтиёзи ҳам 7200 кишининг гарданига тушади.

Таклифларим шуки, ҳаж зиёратини Аллоҳ қандай буюрган бўлса, пайғамбаримиз алайҳиссалом қандай ўргатган бўлса, шундай бажариш керак. Сунъий чекловлар, тақиқлар, ҳар хил шартлар қўйиш керак эмас.

Аслида президентимиз ҳажга борувчиларга қўйиладиган бу талабларни чеклов эмас, тавсия сифатида айтди. Ўзимиздан қолар гап йўқ, ҳажга бораётганларнинг ҳаммаси ҳам қаерга, нима учун бораётганини билмайди. У ерга борволиб, имом Бухорий, имом Термизийдек буюк алломаларимизнинг, ватанимизнинг, ўзбек халқининг шаънига доғ тушираётганлар анчагина. Чунки шу пайтгача ҳажга бориш ҳам қандайдир сохта обрў топиш, кимўзарликка айланиб, худди курортга ёки саёҳатга бориб келишга ўхшаб қолаёзган, шунинг учун у ерга бориш қийинлашиб, кимларнингдир ҳаром пул топиш манбаига айланиб қолаётган эди. Юртбошимиз мана шу нарсага чек қўйди, бундан буён ҳажга ҳақиқий ихлосли, чинакам иймонли, муносиб юртдошларимиз борсин деган маънода айтди. Шунинг учун у кишининг бу пурмаъно сўзларини айнан тушуниб олиб, уларни яна қандайдир чекловга айлантириб қўймаслик керак.

Ҳаж зиёратини эса оддий сайёҳлик фирмалари амалга оширса ҳам бўлаверади. Масалан, 250 кишилик самолётни ижарага олган фирма 250 кишини бир марта олиб бориб, олиб келсин. 10-12 кун, узоғи икки ҳафтада ҳаж зиёратларини адо қилиб келишсин. Бунинг уддасидан чиқа оламан деган ҳар қандай сайёҳлик фирмасига рухсат бериб қўйилсин!

Ана шунда 32 миллион аҳолиси бор Ўзбекистондан йилига 7200 эмас, 32000 ҳожи ҳаж зиёратига бораверади!

Ана шунда одамлар «Мана буни олиб қўйингу мени олдинроқ юборинг» деб ҳокимликларнинг орқа эшикларида сарсон бўлмайди, Аллоҳнинг ҳузурига пора бериб, юзлари қора бўлиб бормайди.

Менинг бу гапларимга исбот, далил талаб қиладиганлар Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилган, одамларни ҳажга юбораман деб пора олгани учун суд қилинганлар ҳақидаги кўрсатувни эсласинлар! Бор эканки, суд қилишган! Бор эканки, Ўзбекистон телевидениеси кўрсатган!

Хуллас, президентимиз таъкидлаган «Коррупция аралашмаганда нима бўлишини 23 га кирган жайдари футболчи болалар исботлаб қўйгани»дек, ҳажга ҳам коррупцияни яқинлаштирмаслик керак.

Такрор айтаман, булар менинг шахсий фикрларим.


Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 28 декабрида «Xabar.uz» колумнисти Давронбек Тожиалиев «Ҳаж зиёрати нархи қанча» номли мақола эълон қилган, унда «Дўмбиробод» масжидининг расмий имоми Шермурод Тоғай домлага таяниб, ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж нархи 45 млн. сўм бўлгани ҳақида хабар берган эди. Имом бу хабарни Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши оқибатида бозор ва давлат курслари бир хил бўлгани учун сўмда Ҳаж нархи ошиб кетгани билан изоҳлаган эди

Мақола ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж зиёрати нархи учун белгиланган нарх, яъни 45 млн. сўм бугунги курс билан 5541 АҚШ долларини ташкил этиши, бу маълумот ижтимоий тармоқда турли фикрлар, тортишувларга сабаб бўлаётгани айтилган ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ҳажга масъул ташкилотлар бунга ўз муносабатлари ва нарх бўйича изоҳларини беришлари сўралган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати бунга расман изоҳ бериб, «интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида Ҳаж мавсумининг нархи масаласида билдирилган маълумот фуқаролар орасида турли хил асоссиз муҳокамаларга сабаб бўлаётганини» билдирди.

2017 йилдан бошлаб ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланганди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди). 2018 йилдан 10000 нафар зиёратчилар Умрага юборилиши маълум қилинган. Жорий йилнинг баҳорида 8500 нафар, рамазон мавсумида 1500 нафар юртдошларимиз умра зиёратини адо этиши белгиланган. «Умра — 2018» баҳор мавсуми 2018 йил 1 февралдан бошланди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг