Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳайит кунини ҳадик билан кутяпмиз...

Ҳайит кунини ҳадик билан кутяпмиз...

Бутун бошли тўй индустрияси ишламоқда.

Фото: «Sof.uz»

Президентнинг тўй ва маъракалардаги ортиқча дабдабабозликлар барчанинг қимматли вақтини увол қилаётгани, маънавиятимизга путур етказаётгани, бундай иллатларга чек қўйиш кераклиги ҳақидаги гаплари одамларни мушоҳадага чорлади.

Дарҳақиқат, одамларни инсофга чақиришдан кўра ўша тўйлар баҳона ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйишга уринаётган, кўпчиликнинг фикрини инобатга олмаётганларни жавобгарликка тортиш фурсати етди. Битта калтафаҳм манманни деб ўзбек халқи токайгача ўзини қийнаб яшайди ахир...

Масалан, тўйдан олдин ўтказиладиган фотиҳа маросими учун ресторандаги тўйга кетадиган харажатнинг ярми сарфланар экан. Келин томон катта ош берса, куёв томон ресторанда никоҳ маросимини ўтказса, яна унга қадар бўлиб ўтадиган ёшларни учраштириш, кичик ва катта фотиҳа маросимларининг зарурати борми? Энг тўғри йўл шуки, фотиҳа маросимини таг-туги билан йўқ қилиш, қонуний йўл билан чеклаб қўйиш керак.

Биргина чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш учун беш-олтита машинанинг қатор бўлиб бориши жуда кулгили, онгсизликнинг ўзгинаси. Ҳеч қайси ривожланган давлатда бундай дабдабабозликка йўл қўйилмайди. Бу иллатларга ҳам қонун йўли билан чек қўйиш фурсати етди.

Ҳадемай рамазон ойи бошланади. Рўзадан кейин эса энг катта байрамимиз – рамазон ҳайити нишонланади. Кўпчилик қиз узатганлар бу байрамни қўрқув, ташвиш билан кутиб олади. Сабаби, қиз узатилган хонадонга камида ўнта тоғора ҳамда келин-куёвга янги сарполар юборилмаса, ёш оила бузилиб кетиши мумкин! Шунча вақтдан бери кўп ажримлар мана шундай кераксиз одатлар сабабли юз берганини тан олишимиз лозим.

Бундан анча йиллар илгари юртимизда ҳокимиятлар томонидан жуда чиройли тадбир йўлга қўйилганди. Яъни, янги турмуш қурган келин-куёвларга айнан ҳайит кунлари Самарқандга саёҳат қилиш учун йўлланмалар тарқатилганди. Бу хайрли тадбир нафақат инсонларни ортиқча ташвишдан халос қилганди, балки ёшлар онгига маърифатни сингдирган, уй юмушларидан, меҳмондорчиликлардан толиққан келинчаклар маданий ҳордиқ чиқариб, турмуш ўртоқлари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаб олишларига ҳам имкон туғилганди. Қанийди ҳайит кунлари ушбу хайрли тадбирлар яна йўлга қўйилса.

Тўй ва маъракаларни дабдабасиз, ихчам ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганига қарамай, кейинги йилларда дабдабани тарғиб қилувчи қўшиқ-клиплар ҳаддан ортиқ кўпайди. Ҳаммаси совчилигу келин-куёв, қайнона-келин, тўйболанинг ўзига аталган, бир-биридан ўзадиган дабдабали клип-қўшиқларни, чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш, бешикка белашга бағишланган тўй берувчиларнинг қонини қайнатиб, сохта обрў сари рағбатлантирувчи «асар»лар. Халқимизнинг неча йиллар йиғиниб, топган-тутганини бир кунда совуришидан фақат санъаткорлар эмас, кўпчилик манфаатдор. Бутун бошли тўй индустрияси ишламоқда.

Умид қиламизки, авлодларимиз биз йўл қўйган хатони такрорламайди. Бор кучини, диққатини, вақтини тўй маросимларига эмас, фақат билим олишга, фарзандлари тарбиясига бағишлашади. Бунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ қай урф-одатларимиз керагу, қайсилари иллат эканини сингдириб боришимиз лозим.

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг