Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳитлернинг «Мерседес»и кимошди савдосида сотилади

Ҳитлернинг «Мерседес»и кимошди савдосида сотилади

Фото: Twitter / INP / AFP

17 январ куни АҚШнинг Аризона штатида «Worldwide Auctioneers» савдо уйи томонидан ўтказиладиган аукционда Адолф Ҳитлернинг люкс туркумига кирувчи «Мерседес» автомашинаси савдога қўйилади. Бу ҳақда «Европа 1» радиоси маълум қилди.

Ҳитлер 1940 йили Франция устидан қозонилган ғалаба шарафига уюштирилган ҳарбий парадда
Фото: INP / AFP

1939 йили ушбу моделдан дунёда бор-йўғи тўрт дона ишлаб чиқарилган. Ҳитлерга тегишли болид соатига 160 км тезликда ҳаракатланувчи ва “Супер Мерседес номи билан машҳур «Мерcедес-Бенц 770»дир. Ушбу автомобил ўз вақтида Учинчи рейхнинг қудратини ёйишнинг ўзига хос қуроли сифатида ҳам гавдаланган. Ушбу автомобилдан Ҳитлер 1940 йили Франция устидан қозонилган ғалаба шарафига уюштирилган ҳарбий парадда ҳамда Италиялик диктатор Бенито Муссолини ташрифи пайтида фойдаланган.

Адолф Ҳитлернинг люкс туркумига кирувчи «Мерседес» автомашинаси
Фото: Twitter

Мазкур автомобил Иккинчи жаҳон уруши охирларида америкаликлар томонидан Франция ҳудудида топилган ва унинг қаердан келгани суриштирилмасдан ҳарбий полиция бўлимига бериб юборилади. Уруш ниҳоясига етганидан кейин бир белгиялик уни тезлик билан сотиб олади. Аммо, орадан бир оз вақт ўтгач, Виржинияга — собиқ жангчилар уюшмасига жўнатилади. 2002 йили эса яна Европага олиб келинади.

«Worldwide Auctioneers» савдо уйи автомобилнинг амалдаги эгаси ким эканлигини ҳозирча ошкор қилгани йўқ. Автомобил 17 январ куни Аризона штатидаги Скотсдейл шаҳрида аукционга қўйилади ва савдодан тушган маблағнинг 10 фоизи нацизм ва Холокост даврини ўрганиш ишларига тақдим этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг