Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳоким «Андижонча спектакль»ни фош этган журналистлардан бирига «Фахрий ёрлиқ» берди

Ҳоким «Андижонча спектакль»ни фош этган журналистлардан бирига «Фахрий ёрлиқ» берди

Фото:«Facebook»

Бугун, 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Йил-ўн икки ойнинг айни шу куни журналистларга хизмат қилади гўё. Шу куни  соҳа вакиллари табрик, эътироф, эътиборлар  кўмилади, рости.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам элдан қолмай бир гуруҳ маҳаллий журналистларни ҳузурига чорлаб, касб байрами билан табриклади. Кўп яхши ният, хўб самимий тилаклар билдирди. Сўнг тадбирда иштирок этган ҳар бир   журналистнинг қўлини сиқиб, планшет илова қилган ҳолда «Фахрий ёрлиқ», «Ташаккурнома» берди.

Аҳамиятлисики, ҳоким эътиборига тушган журналистлар орасида «Дарё» сайти мухбири Миролим Исажонов  ҳам борлиги! Нега шу ҳамкасбимиз номини алоҳида тилга олаётирмиз? 

«Андижонча спекталь» ёдингиздан кўтарилгани йўғ-а? Ўлманг.  Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи жараёнида «саҳналаштирилган» мазкур «спектакль» кўп ўтмай фош этилди. Яъниким,  давлат раҳбари ташрифи арафасида  айрим кам таъминланган оилаларга уй-жой берилгани  «саҳналаштирган томоша» бўлиб чиқди.  Бош прокуратура  текшируви натижасида бу ҳол ўз тасдиғини  топди ҳам.

Мазкур кўзбўямачилик айнан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳаракатлари билан элга ошкор бўлганини таъкидлаш ортиқчалик қилмаса керак.

Вилоят ҳокими прокуратура киритган тақдимномага кўра, «томоша ижодкорлари»га қандай жазо бергани номаълум ҳозирча. Маълуми шуки, ўша «спектакль»ни фош этишда алоҳида фаоллик кўрсатган журналистни вилоят раҳбари шахсан тақдирлади!

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бундай жўмардлиги қадим мақолни ёдга солади денг: «От тепкисини от кўтаради!»

Дарвоқе, тақдирлаш маросимида «Андижонча спектакль ижодкорлари» кўриниш бермабди...    

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг