Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳоким секторида 40 та жиноят...

Ҳоким секторида 40 та жиноят...

Фото: «Xabar.uz»

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг 25 июнь – 2 июль кунлари Наманган вилояти Норин туманида бўлди.

Бир ҳафта мобайнида 57 та маҳалладаги 25650 та хонадонга кирилди ва 185 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди. Натижада 5400 дан ортиқ муаммо аниқланиб, уларнинг қарийб 60 фоизи жойида ҳал этилди. Катта маблағ талаб этмайдиган ва оддий ишларни туман доирасида бажарса ҳам бўлар эди-ку.

24 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилди. 310 та бетон-таянч электр устунлари ва 14 та трансформатор ўрнатилиб, 14 километр электр тармоқғи тортилди. Натижада 10 минг аҳолига электр энергияни етказиб бериш сифати яхшиланди. 4560 та суюлтирилган газ баллони тарқатилди, 20450 киши тиббий кўрикдан ўтказилди.

Норин туманида 106 минг нафар меҳнатга яроқли аҳоли бўлиб, ҳисоботларда уларнинг 4377 нафари ишсизлиги қайд этилган. Ваҳоланки, реал вазият бундан анча юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Сайёр ярмаркалар ташкил этиш орқали 597 кишига ишга йўлланма берилди.

Нориннинг иқтисодий кўрсаткичлари вилоят даражасидан пастлигича қолмоқда. Ишсизликнинг энг самарали ечими тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий бизнесга шароит яратишда. Аҳоли даромадга эга бўлса, хонадони тинч ва кўнгли хотиржам бўлади, юзага келган муаммоларга ўзи вақтида ечим топади.

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган даврда 70 та кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилган бўлса, йил бошидан буён уларнинг 27 таси тугатилган. Ҳисобот давридаги 6 миллион долларлик экспорт режаси атиги 31 фоизга бажарилган. Юздан ортиқ бўш турган бино ва объектлар мавжуд бўлиб, 32 гектар ер бўш ётибди. Нега қаровсиз ва бўш турган ерлар ўз эгаларига тақдим этилмаяпти? Нима учун бюджетга қўшимча фойда олиб келиши, янги иш ўринлари яратиши мумкин бўлган бундай объектлардан унумли фойдаланилмаяпти?

Жорий йилнинг 6 ойида вилоятда умумий жиноятлар сони 703 тага камайган. Туманда эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятлар 21,8 фоиз камайган бўлса-да, оғир жиноятлар ва безорилик 2 баробар, ўғирлик 1,5 баробар ортган. 2017 йилда 3 та, 2018 йилда 3 та жиноят фош этилмаган. 23 нафар жиноятчи ҳамон қидирилмоқда. Ўрганишлар чоғида фуқаролик олиш билан боғлиқ 159 та муаммо қайд этилди. 39 та қабристон ва унга ёндош кўчалар 29500 киши иштирокида ободонлаштирилди. 25 нафар эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишининг уйларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Туманда ажримлар сони 75 та бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 тага ортган. 57 та нотинч оила мавжуд, 105 та ҳолатда оталик белгиланган. Профилактик тадбирлар етарли даражада эмас. Ўтган йили 7 та маҳаллада жиноят содир этилмаган бўлса, бу йил ушбу маҳаллаларнинг барчасида жиноят қайд этилган.

Жиноятлар сони Ўзбекистон маҳалласида 12 тага ошган. Энг ёмони, ушбу маҳаллада бир неча ойдан буён раис ва профилактика инспектори йўқ. Янгитой маҳалласида 4 та жиноят қайд этилган бўлиб, кўрсаткичлар 4 баробар кўпайган.

Энг уятли жиҳати шундаки, солиқ инспекцияси раҳбари секторида 3 та жиноят қайд этилган бўлса, 1-сектор, яъни ҳоким Дилмурод Қодировга бириктирилган ҳудудда 40 та, ИИБ бошлиғига қарашли 3-секторда эса 18 та жиноят содир этилишига йўл қўйилган. Ҳоким ухлаяптими ёки пилла, ғалладан боши чиқмаяптими деган ҳақли савол туғилади.

Бир неча маҳаллада ўтган олти ойда бирорта ҳам маданий тадбир ўтказилмаган. Маҳаллаларда китобхонликни ташкил қилишга панжа орасидан қаралмоқда. Изласа, имкон топса бўлади. Вилоят ҳокими ташаббуси билан ишчи гуруҳлари фаолияти давомида 10 та маҳалла кутубхонаси очилди-ку. Демак, ҳаммаси ташаббускорлик ва интилишга боғлиқ.

Лазиз Раҳматов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг