Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳужжат лойиҳаси давлат тилида бўлсин». Адлия вазирлиги барча ташкилотларга хат юборди

«Ҳужжат лойиҳаси давлат тилида бўлсин». Адлия вазирлиги барча ташкилотларга хат юборди

Фото: «Xabar.uz»

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда ўзбек тилининг ўрни (аниқроғи ўрни йўқлиги) ҳақида кенг жамоатчиликда кўп эътироз ва шикоятларга дуч келамиз. Энг муҳим қонунлардан тортиб, идораларнинг қарор ва буйруқларигача одатда рус тилида ишлаб чиқилиши, рус тилида муҳокамага қўйилиши ва ҳаттоки ФАҚАТ рус тилида қабул қилиниши (қонунлар бундан мустасно) ўз-ўзидан кўпчиликка ёқмаслиги табиий, деб ёзади «Xushnudbek.uz» телеграм канали.

Айниқса, яқинда эълон қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасини рус тилида жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ушбу мавзуни яна қайта жонлантирди. Лойиҳага қолдирилган изоҳларнинг аксарият қисми солиқ қонунчилиги ҳақида эмас, нима учун бу лойиҳани рус тилида эълон қилишгани ҳақида бўлди. Айримлар бу ҳақли эътирози учун «рус тилини билмасанг, ўзбекмассан» деган ҳақорат ҳам эшитди.

Шундай муҳокамалар пайтида 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги барча вазирлик, идора ва ташкилотларга (жами 120 та) хат чиқариб, юртимизда «Давлат тили ҳақида»ги қонун борлигини яна бир бор эслатиб (айрим ташкилотлар бундай қонун борлигини эшитиб, ҳайрон бўлгандир), бундан кейин муҳокама қўйилаётган лойиҳаларни албатта давлат тилида (яъни ўзбек тилида), зарурият туғилганда эса бошқа тилларда порталга жойлаштиришни сўраган.

Катта эҳтимол билан бир неча кун ўтиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг ўзбек тилидаги варианти пайдо бўлишига ҳам жамоатчилик назорати, халқнинг кескин эътирозлари қаторида мана шу хат ҳам асос бўлган бўлса, не ажаб.

Хўп, хат чиқди, энди нима бўлади? Катта эҳтимол билан бундай хатлар аввал ҳам чиққанига ишонаман. Лекин Адлия вазирлиги ундан ортиғига ваколатли эмас, на жазога торта олади, на талаб қўя олади. Айтмоқчиманки, токи барча вазирлар, ҳокимлар ва бошқа ваколатли мансабдор шахслар давлат тилини ҳурмат қилишни бошламас экан, бундай хатлар билан аҳвол яхшиланиб қолмайди, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг