Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди

Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси намуналарини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди.

Белгиланишича, байроқ ва эмблемани тайёрлаш, фойдаланиш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.

Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байроғи тавсифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги байроғи тўқ кулранг тўғрибурчакли матодир.

Байроқнинг олд ва орқа томонлари марказида геральдик белги – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эмблемаси тасвирланган. Эмблема диаметри 98 сантиметрли айлана ичига чизилган.

Байроқнинг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Байроқ бошқа ўлчамларда ҳам бўлиши мумкин, бироқ барча ҳолатларда байроқнинг кенглиги ва узунлиги 1:2 нисбатда бўлиши шарт.

Caption

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг геральдик белгиси – эмблемаси тавсифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги геральдик белгиси – эмблемаси четлари бронза рангда ҳошияланган ҳалқали тўқ кумуш айлана кўринишига эга. Ички чизиқ марказида ҳаётий кучни ифодаловчи қизил рангли йўл-йўл чизиқ туширилган.

Ҳалқали чизиқнинг тепа қисмида бронза рангли тўғри босма ҳарфларда лотин алифбосида «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида «ICHKI ISHLAR VAZIRLIGI» сўзлари ёзилган. Ёзувлар қатъият, матонат ва шон-шарафни ифодаловчи иккита саккиз қиррали юлдуз билан бир-биридан ажратилган.

Айлана ўртасида Амир Темур қўшинлари томонидан фойдаланилган ҳамда ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояни ифодаловчи доирасимон қалқон тасвирланган. Қалқон марказида доира ичига чизилган ўнгга айланишни акс эттирувчи октограмма бўлиб, у тартиб, мувозанат ва камолотга етишишни англатади. Қалқон четлари миллий орнамент билан безатилган.

Қалқон ортида – тиғи пастга қаратилган ва диагональ тарзда кесишган икки шамшир – куч ва ҳимоянинг қадимий рамзи жойлашган. Шамширларнинг дастаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари – қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликни ифодаловчи тўртта ҳошиядан иборат.

Қалқон ҳошияси графит кулранг, шамширлар кумушрангда.

Қалқон ва шамширлар ортида тилла рангда ишланган, қанотлари ёйилган, омад ва бахт рамзи бўлган Хумо қуши тасвирланган. Бундай жойлашув мамлакатда тинчлик ва осойишталик ҳимояланганлигини, ички ишлар органлари халқ манфаатларига хизмат қилишини ифодалайди.

Геральдик белги бир рангли (силуэт) тасвирда бажарилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг