Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ички ишлар ходимлари «Энг яхши китобхон» танловида қатнашади

Ички ишлар ходимлари «Энг яхши китобхон» танловида қатнашади

Фото: «mehrob.uz»

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2019 йил 27 февралдаги қўшма қарори асосида жорий йилнинг апрель-май ойларида ички ишлар органларининг ёш ходимлари ўртасида «Энг яхши китобхон» танлови ўтказилади.

Танлов ёш ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти, касбий, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини, уларнинг ноёб асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида илк бор ташкил этилмоқда.

Танловда 30 ёшдан ошмаган Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, Қоровул қўшинлари ҳамда Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари курсантлари иштирок этишлари мумкин.

Танловда иштирокчилар «Сиёсий, маънавий ва маърифий китоблар билимдони», «Бадиий китоблар билимдони», «Мен севган адиб» ва «Шеърият» каби шартлар бўйича ўзаро беллашадилар.

Танловнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган иштирокчи Вазирлик миқёсидаги якуний босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

«Энг яхши китобхон» танловининг якуний босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган иштирокчи 1-даражали диплом, компьютер тўплами ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 250-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандига асос бўлувчи тавсиянома ва китоблар жамланмаси билан;

иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчи 2-даражали диплом, ноутбук ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг 4 ойлик малака ошириш ўқув курсига қабул қилиш бўйича тавсиянома ва китоблар жамланмаси билан;

учинчи ўринни эгаллаган иштирокчи 3-даражали диплом, телевизор ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг 4 ойлик малака ошириш ўқув курсига қабул қилиш бўйича тавсиянома ва китоблар жамланмаси билан тақдирланади.

Ички ишлар органларининг барча ёшларини ушбу танловда фаол иштирок этиб, энг яхши китобхон номига муносиб бўлишга чорлаймиз!

Мурожаат учун телефонлар: 71- 231-36-80, 71- 231-46-86, 71- 231-48-05

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кадрлар бош бошқармаси

Ёшлар иттифоқининг Етакчилар Кенгаши

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг