Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илғор технологиялар марказига медиатур ташкил этилди (видео + фото)

Илғор технологиялар марказига медиатур ташкил этилди (видео + фото)

Фото: «Xabar.uz»

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази бир гуруҳ журналистлар учун медиатур ташкил этилди. Медиатур давомида ОАВ вакиллари марказининг фаолияти, улар олиб бораётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Марказнинг физика, кимё, биология, геология, геофизика, биофизика, биохимия лабораториялари уларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ ходимлари уларга бир неча дақиқаларда суюқлик ва қаттиқ жисмларнинг юзга яқин кимёвий элементларини аниқлаб берувчи ускуналар, ер қимирлашини ва ер қатламининг сейсмик ҳолатини аниқловчи асбоблар,турли касалликлар ва уларга мойилликни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган генетик изланишлар,фойдали қазилма бойликларни қидириш бўйича тадқиқотлар ҳақида сўзлаб беришди.

 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 19 апрелдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилинган ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланган эди:

—  фундаментал, амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш ва илғор технологиялар бўйича инновацион ишланмаларни амалга ошириш;

—  дунё талаблари ва стандартлари даражасида мақсадли илмий-техник ва инновацион дастурларни бажариш, ишлаб-чиқариш корхоналарида тадқиқот-синов ишларини бажаришга кўмаклашиш;

—  олимлар ва тадқиқотчиларни ҳамкорлик қилишга жалб этиш учун зарурий шароитларни яратиш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва рақобатбардош маҳаллий инновацион технологияларни яратиш мақсадида фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

—  иқтисодиёт соҳасида илмий ва олий таълим муассасаларининг янги истиқболли ғоялари ва инновацион ишланмаларини шакллантиришга кўмаклашиш, ускуналар ва инфратузилмадан ҳамкорликда фойдаланиш асосида юқори технологик инновацион ишлаб чиқаришларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш;

—  академик, олий таълим ва тармоқ фанлари билан ҳамкорликнинг самарали шаклларини ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-тадқиқотларини бажариш;

—  халқаро даражада патентлаш имкониятига эга бўлган илмий ҳажмдор ва илғор технологияларни яратиш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини макетлаштириш, моделлаштириш, тайёрлашда ва уларни текширишда иштирок этиш;

—  ёш олимлар томонидан илмий тадқиқотлар ўтказишнинг замонавий, дунё амалиётида илғор бўлган усул ва технологияларини ўзлаштиришлари мақсадида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият учун кулай шарт-шароитлар яратиш;

—  маҳаллий ва хорижий илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда, шу жумладан инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш, технологияларнинг трансфери ва интеллектуал мулк объектларини коммерциализациялаш масалалари юзасидан илмий конференциялар, семинарлар, тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкиллаштириш;

—  илмий фаолиятни натижадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларни ташкил этишнинг янги шаклларини кўллаб-қувватлашга қаратилган янги услубий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш учун информацион-коммуникацион технологияларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш;

— халқаро илмий-техник ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришда иштирок этиш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни, шу жумладан халқаро дастурлар ва жамғармаларнинг грантларини жалб этган холда бажариш.

Вазирликка Илғор технологиялар марказининг илмий-тадқиқот ишларини самарали шакллантирилишини таъминлаш, уларнинг замонавий илм-фан талаблари ва жаҳон ютуқлари даражасида бўлишига эришиш юклатилди. Шу билан бирга, амалий йўналиш ва маҳсулдорликка асосий эътибор берилиши лозим. Марказ илмий тадқиқотларни ўтказиш ва инновацион ишланмаларда илғор стандартларни қўллашда илм-фанимиз локомотиви вазифасини ўташи лозим. 

 
 
Шаҳло Турдиқулова — Илғор технологиялар маркази директори
Фото: «Xabar.uz»
— Олдимизга катта вазифалар қўйилган, – дейди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова, — Иқтисодиёт соҳасида истиқболли ғоялар ва инновацион ишланмаларни шакллантиришга кўмак кўрсатиш ҳамда ускуналар ва инфратузилмадан биргаликда фойдаланиш асосида юқори технологияли ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан. Марказга инновацион фикрловчи ёшларни тарбиялаш жараёнида янги форматда фаол иштирок этиш, янги авлод вакилларининг табиий фанларга бўлган қизиқишини ошириш, талабаларга ўз ғоя ва лойиҳаларини энг яхши лаборатория шароитларида амалга ошириш ва илғор илмий маҳсулотлар яратишга жалб этиш масъулияти юклатилган. Марказимиз эшиклари улар учун ҳар доим очиқ экани, янги ғояларни амалга оширишлари, ўз билимларини кўпайтиришлари учун кўмак кўрсатишга ҳар доим тайёр эканимизни ёшларга етказишимиз жуда муҳим.
 
 

— Аъло даражадаги техник базага эга бўлган Марказ Қарор туфайли янада тез ва серунум ривожланишига аминман, — таъкидлади Илғор технологиялар марказининг кичик илмий ходими Владимир Цой. – Энди севимли ишимиз — фан билан шуғулланар эканмиз ютуқларимизга монанд равишда лойиқ ҳақ олишимиз мени ва хусусан, ҳамкасбларимни жуда қувонтирмоқда. Бизни давлат ҳужжатига мувофиқ ўз қарамоғига олган Инновацион ривожланиш вазирлиги марказ ходимларининг лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш ҳуқуқига эга. Асосийси — тадқиқот натижаларини кўрсатиш. Буларнинг бари Марказ ходимлари ва бу ерга жалб этиладиган олимлар учун қўшимча рағбат ролини ўташи шубҳасиз.

Медиатур жуда ноодатий тарзда ташкил этилди. Журналистларга ўзларини олим сифатида синаб кўриш имкони берилди. Ҳаммага оқ халатлар тарқатилди, ОАВ кўпчилик бўлгани учун тўрт гуруҳга бўлинди, ҳар бир гуруҳга марказ ходимлари бириктирилди. Шу тариқа гуруҳлар бир-бирига халал бермаган ҳолда  турли лабораториялардаги жараённи навбати билан кўздан кечиришди.

Умуман олганда, тадбир жуда қизиқарли бўлди. Кўпчилик ўзи билмаган нарсаларни ўрганишди, турли жиҳозлардан мустақил фойдаланиб кўришди, олимларнинг меҳнати нақадар машаққатли эканига гувоҳ бўлишди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг