Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови ғолиблари аниқланди

«Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови ғолиблари аниқланди

Танлов ғолиблари.

Фото: «Uza.uz»

«Ўзбек миллий академик драма театрида танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди», деб хабар берди «Uza.uz».

Танлов учун ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, француз, италян, хитой, немис, япон, араб, корейс, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларида ёзилган жами 900 га яқин материал юборилган. Уларни адолатли баҳолаш учун танлов ҳайъати таркибига тажрибали мутахассислар, олимлар, тарихчилар, ёзувчилар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилди. Юборилган ишлар аввало мавзусининг янгилиги ва моҳиятнинг очиб берилгани, мазмунан тарихий ҳақиқатга зид келмаслиги, илмий манбалардан қанчалик фойдаланилгани, шунингдек, илмий ва бадиий савияси ҳисобга олинган ҳолда баҳоланди.

Биринчи ўрин ва танловнинг бош мукофотини «Бошланғич таълим» журнали бош муҳаррири Ҳалим Саидов «Миллат хазинасини бойитган мутафаккир» мақоласи учун қўлга киритди. Ғолиб ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Иккинчи ўринни Япония парламенти юқори палатаси депутати, «Япония — Ўзбекистон» дўстлик уюшмаси президенти Кёко Накаяма ва сиёсий шарҳловчи Набухико Шима, «Нақшбандия» журнали бош муҳаррири Султонмурод Олимов эгаллади. Уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 75 баробари миқдорида пул мукофоти топширилди.

Учинчи ўринга эркин ижодкор Мусурмон Бойхонов, Қорақалпоқ давлат университети магистранти Замира Айимбетова ва Санкт-Петербург давлат университети (Россия) талабаси Александр Гонашвили муносиб топилди. Ташкилотчилар томонидан уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти топширилди.

Ғолибларга мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова топширди.

Бундан ташқари, танлов ташкилотчилари томонидан 20 та рағбатлантирувчи мукофот ҳам таъсис этилди ва муносиб номзодларнинг ишлари танлаб олинди. Уларга Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб чоп этилган «Ислом Каримов — мустақил Ўзбекистон асосчиси» номли китоб-албом совға қилинди.

Тадбирда санъат усталари ва Ўзбек миллий академик драма театри жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг