Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инновацион ривожланиш вазирининг германиялик маслаҳатчиси Эстония элчисини қабул қилди

Инновацион ривожланиш вазирининг германиялик маслаҳатчиси Эстония элчисини қабул қилди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

5 март куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига Эстониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Арти Хилпус ҳамда Остонадаги Эстония элчихонаси маслаҳатчиси Эркки Вайсман ташриф буюрди. Уларни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев, вазирнинг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йили октябрь ойида ўтказилган «Innoweek» инновацион ҳафталигида эстониялик делегация иштирок этиб, қатор ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларнинг имзоланганлиги инновацион соҳада ҳамкорликнинг бошланиши бўлганлигини томонлар қайд этдилар.

Вазир ўринбосари О. Норинбоев Инновация вазирлиги бугунги кунда республикамизда кўплаб йўналишлар бўйича инновацияларни жорий этиш бўйича амалий ишлар қилинаётганини гапириб ўтди. Вазирнинг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц ўзини Ўзбекистон давлат органидаги кадрлар сиёсатининг «инновацияси», яъни Германия амалдорининг хорижий мамлакатда юқори мансаб эгаллаган ягона мансабдори эканини айтди. Ўз навбатида эстониялик дипломатлар, келгусида эстониялик мутахассислар ҳам Ўзбекистонда шундай мартабага эришишларига умид боғлашларини билдирдилар.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

А. Хилпус Эстонияда яратилган ва Эстониядан ташқари яна кўплаб давлатлар, жумладан Финляндия, Украина, Қозоғистон каби мамлакатларда жорий этилган электрон ҳукумат ва электрон тиббиётни Ўзбекистонга ҳам жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш эҳтимолини гапирди.

О. Норинбоев Ўзбекистон ҳам ҳозирда Ўзбекистонда электрон ҳукуматни жорий этиш бўйича қатор ишлар қилинганини, аммо уни мукаммаллаштириш бўйича эстонияликларнинг тажрибасини ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.

А. Хилпус вазирлик раҳбарияти ва ходимларини жорий йилнинг 20-21 май кунлари Таллинда ўтказиладиган конференцияда иштирок этиш учун таклиф этди. Вазир ўринбосари эса октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги инновацион ҳафталикка эстониялик инноваторларнинг ташрифини кутиб қолишини айтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг