Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновация вазирлиги Олий аттестация комиссиясини ислоҳ қилиш ҳақида давра суҳбати ўтказди

Инновация вазирлиги Олий аттестация комиссиясини ислоҳ қилиш ҳақида давра суҳбати ўтказди

Фото:«Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати»

Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги Олий аттестация комиссияси фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари, уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан 30 апрель куни «Илғор технологиялар маркази»да давра суҳбати ўтказди. Унда академиклар, профессорлар, докторантлар, давлат ташкилотлари ходимлари ҳамда экспертлар иштирок этди. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Таҳлиллар магистратура таълимини модернизациялаш бўйича давлат сиёсатининг муваффақиятли амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ва иқтидорли ёшларнинг фан соҳасидан кетишига сабаб бўлаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Олий аттестация комиссияси  диссертацияни ҳимоя қилишнинг  барча босқичларини тартибга солиб, илмий кенгашларнинг мустақил фаолият юритишига имкон бермаяпти. Диссертацияларга қўйиладиган талабларнинг жаҳон талабларига мос эмаслиги илмий ишлар савиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тавсия қилинаётган лойиҳа эса аспирантура тизимини жаҳон амалиётига мослаштириш, илмий ва таълим муассасаларига мустақиллик бериш, илмий ишларнинг сифатини ошириш, шунингдек саноатни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи олий тоифали кадрларни тайёрлашга қаратилган.

Ҳозир илмий ишларнинг сифатини баҳолаши керак бўлган илмий кенгашлар иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлиб қолган. Олий аттестация комиссияси ҳимоя олдидан автореферат ва диссертацияларни (низомга зид равишда) текшириш, уларни чоп этишга рухсат бериш, комиссия бюллетенида мавзуларни эълон қилиш, имтиҳон топширишга рухсат бериш, ҳимоя кунини белгилаш, илмий семинарлар таркибини тасдиқлаш ваколатига эга.

Янги қоидаларда илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий кенгашлари ушбу функцияларни мустақил равишда бажаришлари назарда тутилган.

Фото:«Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати»

Докторантуранинг мавжуд концепцияси иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари учун юқори малакали кадрларни шакллантиришга қаратилмагани, фақатгина илмий ходимлар рўйхатини тўлдиришга хизмат қилгани боис унинг фаолияти мамлакатимизнинг инновацион ривожланишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Шунингдек, илмий тадқиқотлар сифатининг пастлиги миллий тадқиқотларнинг чоп этилиш даражасига салбий таъсир кўрсатаяпти.

Янги лойиҳада саноатга йўналтирилган дастурларнинг янги тизимини жорий этиш назарда тутилган бўлиб, унга кўра тадқиқотчига иккита раҳбар тайинланади – улардан бири саноат вакили бўлиб, илмий ишнинг мавзуси ишлаб чиқаришнинг муайян ечимига қаратилади. Етакчи хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик қониқарсиз экани юртимиз илм-фани ривожига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Янги лойиҳага кўра жаҳон (Европа давлатлари, Қозоғистон) тажрибасига таянган ҳолда қўш диплом (double degree) тизимини жорий қилиш назарда тутилган. Бунда докторант 6 ойдан бир йилгача хорижий ОТМда таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бунда PhD дипломи иккала университет томонидан ҳам берилади.

Таъкидлаш жоизки, илмий ишларимизнинг сифат кўрсаткичи – иқтибос индекси қўшни давлатларникига қараганда анча паст. Битта эълон қилинган илмий мақоладан иқтибос олиш миқдори Ўзбекистонда 0,37 ни ташкил этади, бу кўрсаткич Россияда 0,54, Украинада 0,61, Озарбайжонда 0,89, Беларусда 0,94 га тенг. Юртимиздаги 2500 нафар фан докторининг атиги 300 нафаригина «Хирши» иқтибос индексига эга, улардан 32 нафаридагина бу кўрсаткич 5 дан ортиқ. Ваҳоланки, Европа мамлакатларида PhD илмий даражасига эга олимларнинг ўртача иқтибос кўрсаткичи 5 ни ташкил этади, профессор номини олиш учун эса индекс кўрсаткичи 12-18 га тенг бўлиши керак. «Scopus» илмий мақолалар маълумотлар базасига кўра 2016 йили Ўзбекистондаги иқтибос келтирилган мақолалар сони 575 тани ташкил этган, Қозоғистонда худди шу кўрсаткич 3066 та. Шунингдек, ҳар миллион киши ҳисобига илмий мақолалар Ўзбекистонда 18 та бўлса, бу кўрсаткич Озарбайжонда 91, Қозоғистонда 170, Беларусда 189, Украинада 227 ва Россияда 509 тадир. Шу боис ҳам жаҳонда қабул қилинган стандартларга риоя қилган ҳолда илмий ишлар устида ишлаш, мавзулар танлаш, мақолалар ёзиш вақти келди. Бошқа давлатларда кўрилган бундай чора-тадбирлар илмий тадқиқотларнинг ижобий натижаларга эга бўлишига олиб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг