Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновация вазирлиги вакиллари илк марта дунёдаги энг йирик конгрессда қатнашади

Инновация вазирлиги вакиллари илк марта дунёдаги энг йирик конгрессда қатнашади

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистондан илк маротаба Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари «Тадбиркорликнинг глобал конгресси — GEC»да иштирок этишади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Тадқиқотлар ва давлат ва жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Бекзод Ҳамзаев ҳамда Инновацион лойиҳалар натижаларини тижоратлаштириш бўлими бошлиғи Беҳруз Ҳамзаев мана шу йирик саммитда спикер сифатида қатнашишади.

Фото: «Xabar.uz»

Ўз навбатида «Тадбиркорликнинг глобал конгресси — GEC” ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Тадбиркорликнинг глобал конгресси (Global Entrepreneurship Congress) бу ҳар йили бўлиб ўтадиган йирик тадбир бўлиб, унда жаҳоннинг кўзга кўринган тадбиркорлари, инвесторлар, тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва бошқа қатор етакчилар жам бўлишади. У ерда мавжуд ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодий ўсиш учун туртки бериш, инсоният фаровонлигини ошириш масалалари тилга олинади.

Бу сафар «GEC» тадбирида 170 дан ортиқ давлатлардан 1000 дан ортиқ делегатлар билан иштирок этишади. Улар мавжуд тадбиркорлик экотизими атрофида пайдо бўлаётган сиёсий ва иқтисодий муаммоларни тилга олиб, уларга ечимлар топиш йўлларини муҳокама қилишади.

Бу йил мазкур конгресс ўнинчи бор ўтказилмоқда. Ўзига хос юбилей анжуманда иштирок этадиган Ўзбекистон вакиллари БМТнинг савдо ва тараққиёт бўлимининг бир қисми бўлган «Empretec» ташкилоти раҳбарияти билан учрашиб, Ўзбекистонда тадбиркорликка ўқитиш масалаларини муҳокама қилишади.

Фото: «Xabar.uz»

«Empretec» ташкилоти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида айнан ўқув курсларини ташкил этган. Шунингдек, Европадаги энг йирик лоукостерларидан бири «Pegasus Airlines» авиакомпанияси раҳбари Али Сабанчи, йирик туристик онлайн компания «Booking.com»нинг раҳбари Жефф Хоффман, Инновация ва фан учун платформа ҳамда биотехнология лабораторияларини беғараз тақдим этиш билан шуғулланувчи «GEN Space» ташкилоти раҳбари Дэниел Грушкин, Эстониянинг тадбиркорлик ва информацион технологиялар вазири Урве Пало билан учрашиб, музокаралар олиб боришади.

Суҳбатлар давомида рақамли иқтисодиёт, интеграция, Инновацион тадбиркорлик, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, фазони ўрганиш бўйича тадқиқотлар масалалари тилга олинади. Умумий тарзда йирик компания ва ташкилот вакиллари билан 15 та учрашув ўтказиш режалаштирилган.

Конгресс 15-18 апрель кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг