Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иқтисодиёт вазирлиги гўшт ва шакар нархи нега кўтарилганига расман изоҳ берди

Иқтисодиёт вазирлиги гўшт ва шакар нархи нега кўтарилганига расман изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда гўшт, шакар ва қандолат маҳсулотлари нархининг ошиш сабабларига аниқлик киритди.

Таъкидланишича, вилоятлар ва туманларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарли даражада ривожланмагани, фермер ва деҳқон хўжаликларининг маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани ҳамда маҳсулдор чорва молларини етиштириш соҳасидаги илмий изланишларнинг етишмаслиги гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига олиб келмоқда. Озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, ерларнинг шўрланиши, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишдаги «воситачилар»нинг кўплиги ҳам гўшт маҳсулотлари нархининг қимматлашувига сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун: 2017 йилда мол гўшти 35,9 фоизга, қўй гўшти – 31,4 фоизга, парранда гўшти – 33,1 фоизга ошган.

ЎзА хабарида айтилишича, шакар ва қандолат маҳсулотлари нархлари ўсишининг асосий сабаби ўрганилганда ички ишлаб чиқариш қувватларининг аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш имкониятига эга эмаслиги, шакар маҳсулотига бўлган мавсумий тебранишларни бартараф этиш мақсадида етарли миқдорда шакар хом ашёси импортининг амалга оширилмаганлиги аниқланган. 2017 йилда шакар нархи ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 28,8 фоизга ошган.

Вазирлик мутахассисларининг аниқлик киритишича, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида йирик савдо марказлари – супермаркет ва гипермаркетларнинг мавжуд эмаслиги ҳамда товарлар давлат хариди тизимининг етарлича ривожланмагани истеъмол товарлари нархининг ошишида қўшимча сабаблар бўлган.

Йирик савдо марказлари нархларнинг барқарор сақлаб туришда, иқтисодиётда нақд пул муомаласини тартибга солиш, самарали давлат хариди тизимининг жорий қилиниши эса истеъмол товарлари бўйича мавсумий тебранишларнинг олдини олиш ва шу орқали инфляцияни жиловлаш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг