Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ишсизликни камайтираяпмизми ёки... кўпайтираяпмизми?

Ишсизликни камайтираяпмизми ёки... кўпайтираяпмизми?

Фото: «Sputnik»

Биринчи қисм. «Осмондан тушган» омил

Аҳолининг бандлик даражасига ҳамда дастурхонимизнинг тўкинлигига таъсир этувчи омиллар ичида «кўзга кўринмайдиган»лари – ҳисоботларда камдан-кам тилга олинадиганлари бор. Бу омилларни табиий – ўз-ўзидан юзага келадиган омиллар деб атасак ҳам бўлса керак, чунки уларнинг юзага келиши ҳеч бир фармойишу топшириқларсиз, ўз-ўзидан – осмондан тушгандек пайдо бўлади. Гап нима ҳақида? Ҳозир гапириб бераман.

Бозорга кирганимизда, ранг-баранг – кўзни қувонтирувчи турфа неъматларни кўрганимизда буларни ким етиштиргани ва қаерда етиштиргани ҳақида камдан-кам ўйлаб кўрамиз. Ўйлаб кўрадиганларимиз ҳам «буларни фермерлар етиштираяпти» деб ўйлаймиз. Аммо ҳақиқат шуки, бу ноз-неъматларнинг аксари фермерларнинг эмас, балки якка деҳқонларнинг оилавий уринишлари – яшаш учун қилаётган ҳаракатлари эвазига, томорқаларда, бир марта экин экиб олиш учун ижарага олинган ерларда, яъники, давлатнинг на бир тийин харажати ва на бирорта топшириғисиз дунёга келади.


Мавзуга доир:
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» пиёзнинг килосини 1200 сўмдан сотиб олади


Мамлакат аҳолиси истеъмол қилиб келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг миқдори ва турлари ҳақида воқеликка мос келадиган маълумот бўлганда эди ва бу маълумотни давлатнинг ёрдамида етиштирилаётган ҳамда чет давлатлардан импорт қилинаётган маҳсулот миқдори билан таққослаганимизда эди, бозор расталарини тўлдириб келаётган, «осмондан тушаётган» маҳсулот кўлами ва якка томорқачилар меҳнатининг аҳамиятини тушуниб олган бўлардик.

Аммо, «олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» мақолининг нақадар ҳақ эканлигини бот-бот исботлашга қарор қилганмиз шекилли, бизни боқиб келаётган деҳқонларнинг меҳнатини хўрлаб келмоқдамиз.

Иккинчи қисм. Сурхондарё деҳқонининг саргузаштлари

Сурхондарё вилояти мамлакатимизнинг энг жанубий ва, табиийки, энг иссиқ минтақаси. Бу заминда мева-сабзавот ҳаммадан эртароқ пишиб етилади. Масалан, баҳорги мазали картошка ва баҳорги ширин, шундоқ тишлаб еса бўладиган пиёзнинг аксар қисми Сурхондарёда, ўша томорқачи ва ижарачилар томонидан етиштирилади.

Сурхондарё деҳқонининг ўтмишдаги «саргузашт»ларини гапириб ётмаймиз. Бугунги, шу лаҳзада бошига тушган савдони айтамиз – шунинг ўзи деҳқон бечоранинг меҳнати нақадар қадрсизланаётганига етарлича мисол бўлади.


Мавзуга доир:
Сурхондарёда пиёз етиштирганларнинг уйи куймоқда (видео)


«Экспорт йўлга қўйилар экан!» деган илинжда бу йил ҳам катта миқдорда эртачи пиёз ҳамда картошка экилди. Ким экди? Ўша – томорқачи ва ижарачилар – оддий деҳқонлар. Юқоридан келган топшириққа бўйсуниб эмас, балки шахсий ташаббус, шахсий меҳнат ва харажатни сарфлаб, озгина даромад олиш илинжида экишди. Кимдир одатдагидек йиғиб қўйган сармоясини сарфлаб, кимдир молини, кимдир эски машинасини сотиб, кимдир қарз олиб уруғ, ўғит ва бошқа нарсаларни сотиб олди ва бола-чақаси билан том маънода ерга ёпишди.

Аммо натижа...

Вилоят бўйлаб катта ҳажмда бу икки махсулотнинг уруғи ерга қадалгани ҳокимиятларга маълум эмасмиди? Ёки туман ва вилоят ҳокимликлари Марс сайёрасидами? Йўқ, улар Марсда эмасди, Сурхондарёда эди ва ҳаммасини кўриб туришарди. Савол туғилади: нега вазиятдан хабардор бўла туриб ортиқча пиёз ва картошка нобуд бўлмаслиги учун чоралар кўрилмади? Воҳа деҳқонларининг меҳнати ва харажатининг қадри йўқми? Кейинги савол: ҳокимлик шу топда қанча миқдорда пиёз нобуд бўлганини биладими? Қанча майдондаги пиёз ерда, нарх тушиб кетгани боисидан деҳқон томонидан қазилмай қолиб кетганини биладими? Бунинг ҳисобини қилиб кўрдими? Деҳқоннинг қилган харажати харажат эмасми?

ОАВда Сурхондарё деҳқони меҳнати ва харажатига куйиб қолаётгани ҳақида бонг урилганидан кейин пиёз аҳолидан 700 сўмдан сотиб олиниши ҳақида, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ташкилоти томонидан эса 1200 сўмдан сотиб олиниши ҳақида хабар берилди. Аммо бу нарса амалга ошмади, хабар эса шунчаки овоза бўлиб кетган ҳолатни бости-бости қилишга қаратилган деган хулосага етакламоқда. 

Учинчи қисм. Бандлик

Ишсизлик ҳақида кўп гапирилаяпти. Аммо баъзи ҳаракатлар уни бартараф этишга эмас, аксинча, кўпайтиришга олиб келаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. «Қандай қилиб?» дейсизми?

Сурхондарё «тажрибаси»га мурожат этамиз.

Минглаб оилалар бу йил, боя айтганимиздек, ерга ёпишди – маҳсулот етиштирди. Бу дегани минглаб оилалар ҳеч бир меҳнат ярмаркаларига бормасдан, ҳеч кимдан иш сўрамасдан ўз-ўзларини мавсумий иш билан банд этишди. Буни олқишлаш, имкон борича ёрдам бериш, мамлакат эҳтиёжидан ортган маҳсулотни экспорт қилиш, маҳсулот нархи деҳқонни куйдирадиган даражада пастлашига йўл қўймаслик, хуллас, одамларнинг хусусий фаоллигини, шахсий, оилавий уринишларини қўллаб-қувватлаш лозим эди. Воҳа аҳолисининг асосини ташкил этувчи деҳқонлар синфига эътибор аҳолига эътибор дегани. Одамлар ишлашди, меҳнату заҳматлар эвазига яхшигина маҳсулот етиштирилди, уни саришта қилишдек ишга эса ҳокимликлар қодир бўлмади.


Мавзуга доир:
Деҳқон яна куйиб қолмоқда


Энди деҳқончиликдан яна бир бор ҳафсаласи пир бўлган ёшу қарининг, табиийки, шижоати пасаяди. Кимдир ҳатто келгуси йили томорқасига ҳеч нарса экмаслиги ҳам мумкин. Чунки бу йили у куйиб қолди – ҳамёни маблағдан, юраги шижоатдан мосуво бўлди. Демак, келгуси йил таёқ яна унинг бошида синади. «Томорқангга нега экин экмадинг!?» деган саволни эшитади. Яна у «айбдор», у етиштирган маҳсулотни саришта қилолмаган ҳокимликлар эмас!

Ишсизлик даражаси эса... ўсади. Бу йил шижаот ила ерда ишлаган воҳа ёшларининг бир қисми келгуси йил ишсиз қолади ва яна ўша муаммолар: меҳнат миграцияси, ишсизлик, бекорчилик ва тушкунликдан келиб чиқадиган жиноятлар, маънавий-психологик муаммолар ва ҳоказо ва ҳоказо ва ҳоказо...

Мантиқни тузатиш вақти келмадими, муҳтарам мутасаддилар?!

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг