Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ҚВП га «тез ёрдам» керак ёки иштиёқ бўлса бас, муаммога ечим топилади

ҚВП га «тез ёрдам» керак ёки иштиёқ бўлса бас, муаммога ечим топилади

Фото: privadmin.ru

Одатларимиз ўзимиздан ортиб қаёққаям борсин: бир иш қилмоқчи бўлсак шошиб-ҳовлиқамиз, тезроқ ҳисобот берсак-да, «Катта»лар  олдида «очко» олсак. Бунинг учун салла ўрнига калла олиш тўғри келадими — фарқи йўқ, муҳими иш «бажарилсин»: қолгани бир гап бўлар...

Қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП)ни оптималлаштириш бошлангач, Қўшкўпир тумани (Хоразм) Хонобод қишлоғидаги иккита ҚВП бирлаштирилиб, оилавий поликлиникага айлантирилди. Бу фикр ўпкаси ўзидан аввал юрадиган қайси мутасаддининг муборак калласига келган — қоронғу, бироқ бу шошмашошарлик қишлоқ аҳлининг бир муаммосига қўшимча бўлгани аниқ. Энди қишлоқнинг бу бошидаги 10 минг нафар одам қишлоқнинг бу бошидаги собиқ ҚВП, яъни эндиликда оилавий поликлиникага келиш учун 6-10 километр йўл босишга маҳкум. Шунингдек, бу шошмашошарлик собиқ ҚВП да ишлаб турган врачу ҳамширалар ёнига яна шунчаси қўшилганини, 7-8 минг аҳолига хизмат қилиб турган шифо маскани энди бир йўла 18 минг аҳолининг дардига дармон бўлиши лозимлигини англатади. Энди тор жойдаги томошани кўринг: бино тор, ёзнинг иссиғи ва қиш чилласида йўлакларда юриш не, ҳатто тик туриб бўлмайди,  шифокорларнинг асаби таранг, шифо илинжида келган қўшимча дард орттириб олиши ҳеч гапмас... Ногиронлар, кексалар-у ҳомиладорларнинг аҳволини-ку, тасаввур қилаверинг!

— Эски врачлик пунктига лоқал битта врач ва ҳамшира қўйиб кетишса ҳам яхши бўлар эди, — дейди «Хонобод» маҳалласида яшовчи фуқаро Жуманазар Бекчонов. — Касалларимиз қийналиб қолди, айниқса ногиронлар. Порталга ёздик, туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Туман соғлиқни сақлаш бўлими бош шифокорига учрашдик. Бу орада туман ҳокими ҳам, бош врач ҳам алмашди. Ёзмаган жойимиз қолмади, арзимиз копток мисол ҳали у идорага, ҳали бунисига тепиляпти, холос...

— Поликлинка ишлаяпти, аммо 18 минг аҳолига торлик, ҳам узоқлик қиляпти-да, — дейди шу ерлик меҳнат фахрийси Сафар ака Юсупов. — Лоақал қишлоқда тиббий тез ёрдам ҳам йўқ. Қишлоқнинг у бошига боргунча она сутинг оғзингдан келади. Йўлларнинг расволигини айтинг... Кўпчилик йўлнинг ёмонлиги ва поликлиникага бориб навбат кутгандан туман маркази ёки қўшни «Хайробод» қишлоғига боришни лозим кўришмоқда...

Қишлоқнинг  «Кўктом» маҳалласидаги оилавий поликлиникага йўл олдик. Йўлнинг ўйдим-чуқурлигидан қийналиб аранг етиб келдик. Ҳақиқатан аҳвол аҳоли айтганича бор экан... Туман соғлиқни сақлаш бирлашмаси бош шифокори Камолиддин Абдуллаевга сим қоқдик. У барча ишни ташлаб, дарҳол етиб келди.

— Аҳолининг шикоятидан хабарим бор, — деди Камолиддин Абдуллаев. — Мен ишга янги келдим. Аммо  муаммо ечими устида ишлаяпмиз, ўн кун муддат ичида  аввалги врачлик пунктини таъмирлатиб, қайта ишга туширамиз. Яна бир гап: 2019 йили қишлоқ марказида янги оилавий поликиника қуришни йўл харитасига киритиб қўйдик.

Бош шифокорнинг бу гапидан маҳалла аҳли анча енгил тортди.

— Майли, ўн кун бўлса ўн кун, ахир бу муаммо бизни бир йилдан бери қийнаб келади, — дейди шу маҳаллалик пенсионер Азиза она Матназарова. — Агар сиз иш бошласангиз биз ҳам қараб турмаймиз. Қўлдан келгунча ёрдам берамиз.

...Орадан ўн-ўн беш кунлар ўтиб, яна шу қишлоқда бўлдик. Туман соғлиқни сақлаш бўлими бош шифокори Камолиддин Абдуллаев сўзининг устидан чиқиб, эски врачлик пунктини чиройли  таъмирлатиб, ишга туширибди. Хонобод маҳалласи аҳли ҳам қараб турмабди.

— Бинони таъмирлашда маҳалламиз аҳли ҳам ёрдам беришди, — дейди «Хонобод» маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Анвар Отабоев. — Ахир салкам 8000 аҳолига хизмат кўрсатади бу врачлик пункти.

— Тез ёрдам хизмати қачон йўлга қўйилади? — сўраймиз бош шифокордан.

— Машина буюртма қилганмиз, келса, албатта биттасини  шу қишлоққа ажратамиз.

Бўлар экан-ку: ечими йўқ муаммо бўлмайди, гап иштиёқда. Иштиёқ эса оёғи ердан узилмаган раҳбарларда бўлади.

Болтабой Матқурбонов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг