Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишхонада жиғингизга тегишяптими? Бунга қандай муносабатда бўлишни биласизми?

Ишхонада жиғингизга тегишяптими? Бунга қандай муносабатда бўлишни биласизми?

Асабий одам

Фото: «darakchi.uz»

Кўпинча ишхоналардаги ходимларни асабий, тажанг аҳволда кузатиш мумкин. Кимдир зиммасидаги масъулият юқорилиги ёхуд кўплиги сабабушбу ҳолатга келса, кимдир ишхонадаги айрим ходимларнинг асаб қитиғига тегиши туфайли шундай бўлади.

Ишдаги масъулият-ку вақтида бажарилса, ҳаммаси изига тушиб кетади, бироқ ҳар куни ишга келгач, пешонангизда кимдир тепа сочингизни тикка қилиб турса-чи? У ҳолда нима қилиш керак?

Агар сизда ҳам шундай вазият кузатилаётган бўлса, қуйидаги маслаҳатлар сиз учун!

Илк маслаҳат: айнан нимадан жаҳлингиз чиқаётганини аниқланг

Кўпинча асаб толаларингизнинг чертилишига коллективдаги инсонларнинг ишга бўлган лаёқатсизлиги, ўта қизиқувчанлиги, мулоқот вақтидаги нохуш одатлари (баланд гапириши, раҳбарларга «пахта» қўйиши, лаганбардорлиги) сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, ишхона телефонида ўз шахсий масалалари бўйича кўп гаплашиш, кийиниш борасидаги дидсизлик, бировларнинг ишига бурун суқиш, турли нохуш ҳидлар (атир, сигарет, саримсоқ пиёз, анча вақт ювилмаган кийим ва ҳоказо) ҳам ўша ходимга нисбатан сизда ҳурматсизлик уйғотиши мумкин. Аммо бу ўша ходимдан қаттиқ жаҳлингиз чиқишига жиддий сабаб бўлолмайди. Балки, жинингиз суймаган ҳамкасбингиз сиз ёқтирмайдиган бирор инсон ёки қариндошингизга ўхшаши ҳам мумкин.Шу сабабли сизда ҳамкасбингизга нисбатан ёқимсиз ҳиссиётлар уйғонган бўлиши табиий ҳол.

Иккинчи маслаҳат: ўзингизга ҳамма ҳар хил эканини эслатинг

Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша феъл-атвори, одатлари бўлиши табиий. Шу боис, ишхонангиздаги бирор ҳамкасбингизнинг одатлари асабингизга тегаётган бўлса, бу ўша инсон ёмон, дегани эмас. Уни ёқтирмаётганингиз учун ўша ҳамкасб айбдор ҳам эмас. Шунчаки фикрлашингиз, ҳаёт тарзингиз уникидан анча фарқ қилади. Унутманг, ҳаммани бирдек ёқтиришга мажбур эмассиз, бошқалар ҳам сизнинг ёқтиришингизга муҳтож эмас. Ҳамкасбларингизни борича қабул қилишга урининг, улар сиз учун феъл-атворини ўзгартиролмайди.

Учинчи маслаҳат: мулойим бўлинг

Ҳамкасбингиз сиз учун жуда ёқимсиз туюлса-да, буни унга сездирмаслигингиз керак. Сабаби, у бирор одати сизни жиғибийрон қилишини ҳатто тахмин ҳам қилиб кўрмаган бўлиши мумкин. Агар ҳамкасбингиз ёқмаса, унга фақат иш юзасидангина мулойимлик билан гапиринг. Иш масаласидаги суҳбатингиз ҳам имкон қадар қисқа бўлсин. Унинг назарида иложи борича профессионал ва позитив кўринишга эга бўлишингиз керак, акс ҳолда ўша ҳамкасбингизда ҳам сизга нисбатан антипатия уйғониши ҳеч гап эмас.

Тўртинчи маслаҳат: ўзингизни таҳлил қилинг

Одатда атрофдагиларни ёқтирмаслигимизга уларни қабул қила олмаслигимиз ёки тушунмаслигимиз сабаб бўлади. Ўзингизни таҳлил этиш ва бошқаришга урининг. Балки ҳамкасбингиз атайин асабингизга тегиш учун ёқимсиз ҳаракатлар қилаётгандир. Шундай бўлса,унда бўш келманг. Ўзингизни қўлга олинг ва хотиржамликни сақланг. Эҳтимол, у буни сиқилганидан ёки атайин асабингизга тегиш ва сиздан ҳам жавоб реакцияси олиш учун қилаётгандир. Яхшиси, унга кулиб жавоб беринг. Бу билан унинг ниятига етишига йўл қўймайсиз. Қолаверса,бу орқали ўз асабингизни ҳам эҳтиёт қилган бўласиз.

Бешинчи маслаҳат: муаммони тушунтиришга ҳаракат қилинг

Тўғри мулоқот ва вазиятни хотиржам муҳокама қилиш орқали келишмовчиликдан қочиш мумкин. Масалан, ҳамкасбингиз баланд овозда гапираётган бўлса, дарров жаҳлингизни сочманг. Имкон қадар сокин ва паст овозда унга вазиятни, ундаги муаммони тушунтиринг.

Олтинчи маслаҳат: жаҳлингизни жиловлашни ўрганинг

Ҳамкасбингизга нисбатан ўзингиздаги жаҳл оловини ўчириш йўлларидан бири — ўз ишингиз билан банд бўлишдир. Ҳа, худди шундай. Ахир ишлашингиздан мақсад ҳам шу эмасми? Сиз ўша «ёқимсиз» ҳамкасбингиз туфайли ишхона эшигини қаттиқ ёпиб кетолмайсиз.

Кўп ҳолларда биз юқоридаги каби ҳамкасбларимиздан «қутула олмаймиз». Аммо шуни унутмаслик керакки, бундай муаммо ўзаро тўғри мулоқот қила олмаслик сабаб келиб чиқади. Сиз қанчалик яхши муомалага одатлансангиз, ҳар қандай ҳамкасб, ҳатто сизга умуман ёқмайдиганлари ҳам асабингизни камроқ бузади. Шуни доим ёдда тутинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг