Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ноқонуний аҳоли пунктларини қонунийлаштирмоқда

Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ноқонуний аҳоли пунктларини қонунийлаштирмоқда

Шу йилнинг 9 январь куни Фаластин ҳудудида Исроил раввини Разиел Шевахнинг ўлдирилишига жавобан Исроил ҳукумати Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ноқонуний аҳоли пункти ҳисобланган Хават-Гиладнинг мақомини легаллаштириши ҳақида якшанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Бугун ҳукумат у ерда рисоладагидек ҳаёт давом этиши учун Хават-Гилад аҳоли пунктининг мақомини белгилайди», — деди ҳукумат бошлиғи.

Нетаняхунинг айтишича, раввиннинг ўлдирилишига жавобан Исроил ҳукумати икки йўналишда ҳаракат қилади. «Биринчиси, айбдорларни судга бериш. Кеча бизнинг кучларимиз раввин Шевахнинг қотилларини ва уларнинг шерикларини қидиришни давом эттирди. Биз уларни тутиб судга олиб келмагунча тинчимаймиз ва ҳаммасини суд қиламиз», — деди Вазирлар маҳкамаси раҳбари.

Бош вазир айтган иккинчи йўналиш аҳолини кўчириш ҳаракатини кучайтиришдир. «Ким олти боланинг отаси бўлган раввиннинг ваҳшийларча ўлдирилиши бизнинг руҳимизни синдиради деб ўйласа қаттиқ адашади», — таъкидлади Нетаняху.

9 январь куни Наблусдаги (Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги йирик шаҳар) автомагистралда номаълум шахслар Исроил автоуловига ўт очишди. Натижада Хавад-Гилад аҳоли пунктида яшовчи раввин, олти боланинг отаси бўлган 35 яшар Разиел Шевах вафот этди. 2015 йилнинг сентябрь ойида бошланган Исроил-Фаластин қарама-қаршилигидаги зўравонликлар 2017 йилнинг 6 декабрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганидан сўнг янада кучайди.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида яҳудий аҳоли пунктларининг тўхтовсиз қурилиши ўн йиллар давом этган Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишдаги тўсиқлардан бири ҳисобланади. 2016 йилнинг 23 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ҳукуматидан араблар яшайдиган ҳудудларда ноқонуний аҳоли пунктларини қуришни зудлик билан тўхтатиш ҳақидаги 2334-резолюцияни қабул қилди. Ўшанда Исроил ушбу ҳужжат талабларини бажаришдан бош тортган эди. 2017 йил август ойининг охирида Нетаняху яҳудий давлати Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида аҳоли пунктларини қуриш ва ривожлантиришни давом эттиришини айтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг