Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Италияда йўқолган паспортни Ўзбекистон элчихонаси 6 соатда тиклаб берди

Италияда йўқолган паспортни Ўзбекистон элчихонаси 6 соатда тиклаб берди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан юқори лавозимдаги расмийларнинг, айниқса, мамлакатимизнинг чет элдаги элчихоналарида фаолият юритаётган элчи ва консулларимиз ўзга юртда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаб, уларга тезкор ёрдам бермоқда.

Бунга шахсан ўзим, Европага қилган саёҳатим давомида гувоҳ бўлдим. Франциянинг Лион шаҳрига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Модель анжуманига бир гуруҳ талабалар Ўзбекистон номини ҳимоя қилиш учун ташриф буюрдик. Анжумандан сўнг, Ўзбекистонга қайтиш чипталаримиз Италия орқали бўлгани туфайли Рим шаҳрида бир кеча тунаб қолган талабалар қийин вазиятга дуч келди. Талабалардан бири А.Назаров ўз эътиборсизлиги оқибатида ичида паспорт, ҳайдовчилик ва талабалик гувоҳномалари, пул ва бошқа қимматбаҳо ашёлари бўлган сумкасини йўқотиб қўйди. Эртаси куни ватанига учиб кетадиган одам учун бу қўрқинчли ҳолатдир.

Юртимизга қайтиш рухсатномасини олишнинг ўзига ҳам 3-4 кун вақт талаб этилади. Рим шаҳрида яна 3-4 кун қолиб кетар эканмиз-да, деган ҳолда умидсизланиб, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасига бордик. Биздек оддий талабаларга элчихонага кириш мушкул бўлса керак, деб ўйлаган тахминларим ўзини оқламади. У ерда жудаям илиқ кутиб олишди, бизга таскин бериб, керакли хужжатларни ва анкета тўлдиришимизни сўради. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси консули Шуҳрат Рашидов бундай вазиятларда фуқароларга вақтинчалик паспорт берилиши Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланиши туфайли одатда 3-4 кун талаб этиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Бироқ биз ўша куни 20:45 да Ўзбекистонга учиб кетишимиз кераклигини, бундан ташқари визамиз муддати ҳам тугагани сабабли Италияда узоқ муддат қола олмаслигимизни тушунтиргач, бизга чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қилди. Бизнинг ташвишимизни ўз муаммосидай қабул қилиб, бизни Ўзбекистонга максимал равишда ўз вақтида қайтариш учун барча чораларни кўрди.

Ва ниҳоят, мурожаатимиздан 6 соат вақт ўтиб, Ўзбекистондан рухсат олганини ва бизга ватанимизга қайтиш учун рухсатнома тайёрлигини айтди. Бу биз учун тарихий воқеа эди. Ўзга юртда паспортини йўқотиб қўйган шахс 6 соат ичида элчихонадан вақтинчалик паспорт олаётган эди. Албатта, Шуҳрат ака бизга барча сингари навбатда турасизлар, 3-4 кунда жавобини айтаман деб қўйиши ҳам мумкин эди. Йўқ, у киши инсонийлик хислатларини ўз касбий манфаатларидан устун қўйди ва биз, Ўзбекистон делегацияси тўлиқ таркибда ватанга қайтишига ўз ҳиссасини қўшди. Мен шуни хоҳлар эдимки, юртимизнинг бошқа давлатлардаги элчихоналарида ҳам Шуҳрат Рашидов сингари самимий ва халқпарвар инсонларнинг кўпайиши халқимизнинг давлатимиз сиёсатига бўлган ишончини янада оширади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ва Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Воқеа гувоҳи Ҳожиакбар Ғайратбековдан
Фаррух Абдувоҳидов ёзиб олди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг