Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Итми бу, йигитми бу?..

Итми бу, йигитми бу?..

Бу дорилар ўзи руҳий беморлар шифохонасида ишлатилар экан.

Фото: «osinform.org»

«Дом»дагилар билан сумалак қилдик. Ажойиб ўтди. Эртасига икки қўшни киракаш ҳайдовчи билан улкан қозон ва ўчоқни машинага ортиб йўлга тушдик.

Кетаётиб қарасак, бир йигит автобус бекатидан берироқда иккала қўлини ерга тираганча тебраниб ўтирибди. Жуда хунук манзара эди бу! Эгасини кутиб ғингшиётган итга ўхшарди йигит.

– Эрталабдан отиб олибдими манови? – дедим ғашим келиб. – Оиласи, бола-чақаси, қиладиган иши йўқмикан-а?

– Таблетка ичган бўлса керак, – жавоб берди ҳайдовчи.

Мен ҳозиргина айтган гапимдан уялиб қолдим. Демак, бекатдаги йигит бемор! Касали хуруж қилган бўлса, мазаси қочган. Донолик қилиб фол очгунимча машинани тўхтаттириб, ёрдамга ошиқишим керак эди. Бир машҳур ёзувчи ҳақида эшитганман: юрак хуружи тутиб, пиёдалар йўлагида ҳушидан кетиб ётганида йўловчилар маст-аласт деб ўйлаб четлаб ўтишган.

– Иккита таблетка ичади-ю уёғи кайфу сафо! – деди ҳайдовчи.

Унинг гапини тушунмадим.

– «Шуҳрат»да ановинақа қизлар турадиган жой бўларди, эшитганмисизлар? – давом этди ҳайдовчи. – Ўша ерда сотишади бундай таблеткаларни. Аптекаларда ҳам пуллашади. «Кайф қилдирадиган таблеткалар борми?» десангиз, секин чиқариб беришади. Подприлапка!

– Шуни ёшлар бориб оладими ростдан ҳам?

– Ҳа. Иккита таблетка етаркан! Бу доридан алкоголнинг ҳиди келмайди, кўнгилни айнитмайди. Кайф қилдиради. Туппа-тузук бойвачча болалар сотиб олади. Кейин эса мана шунақа аҳвол! Бу дорилар ўзи руҳий беморлар шифохонасида ишлатилар экан. Касалларни тинчлантириш учун қўлланиларкан. Туппа-тузук соғлом йигитлар эса сотиб олиб, истеъмол қилаверади.

Қайтишда қарасак, бояги йигит бекатдаги ўриндиқда бееемалол чўзилиб ётибди.

66,5 миллион сўмлик «Лирика» ва алламбало дорилар ҳақидаги хабарлар эсимга тушди. Шу бўлса керак-да! Бундай «мол» билан савдо қилаётган, тирикчилик ўтказаётган «учар»лар ҳақида ўйлаб қолдим. Нега улар бу ишларидан, ноқонуний савдодан ҳазар қилишмайди, надомат чекишмайди? Ўзлари учун эмас, жамият учун фойдали иш билан қачон шуғулланадилар? Наҳотки бундай фаолият турини тугатиш учун фақат махсус рейдлар керак бўлса?

«Фарҳод» чорраҳаси ёнидаги пиёдалар йўлакчаси бўйлаб бир тўда ёшлар туради доим. Қадди-қомати расо, барваста йигитлар. Ора-сира эълон қилиб қўйишади: «Соткалар бор, люббой телефонлар бор!» Улар сотаётган қўл телефонлари – эскирган, путурдан кетган, қуввати ҳаминқадар, шунингдек... ўғриланган алоқа воситалари! Йўлак чеккасида чиройли қилиб тахлаб ҳам қўйишади. «Ишлашига жовоб, ока»! Бироқ «товарлар» ҳужжатига «жовоб» йўқ, касса тушуми ҳақида гап бўлиши мумкин эмас! Аммо барзангилар анчадан буён йўлакни банд қилиб «жавлон тўкишяпти»!

Бу қандай иш, қай тарздаги машғулот! Инновацион тадбиркорликми? Уялиш керак, ахир! Аслида бу ҳам ноқонуний савдо! Ажабки, ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демайди! Милиция ходимлари кўзига ёт кўринган йўловчилар паспортини текширгунча мана шу «учар»лар фаолияти билан қизиқса бўлмасмикан?

Бир пайтлар русларнинг «Труд» газетаси бўларди (ҳозир борми-йўқми, билмайман). Зўр-зўр мақолалар ёритилар, ҳатто фотосуратларга «теша тегмаган» изоҳлар қайд этиларди. Бир гал ноқонуний савдо билан шуғулланадиган икки барзангининг расми берилиб, чиройли тагсўзи ёзилган экан: «Бу йигитларнинг бўйнига омоч қўшиб, рус даласида ишлатсанг фойдаси кўпроқ тегади!»

Хўш? Ноқонуний савдо қилувчилар фаолиятига узил-кесил чек қўйиш учун биз ҳам омоч излашимиз керакмикан?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг