Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорининг ишдан кетиши сабаби маълум бўлди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректорининг ишдан кетиши сабаби маълум бўлди

Фото: «1-avgust.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда давлат раҳбари Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати, шунингдек, хориждаги муассасалар учун истиқболли кадрлар захирасини қайтадан кўриб чиқиш кераклигини таъкидлар экан, дипломат кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлигини қайд этди.

«Шу пайтгача вазирликнинг марказий аппарати ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш керак, — деди Президент. — Афсуски, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (А.Жуманов) чинакам истиқболли, ўз касбига садоқатли ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажараётгани йўқ. Университет битирувчиларининг давлат идораларига ишга жойлашиши ўта паст даражада қолмоқда.

Мисол учун, 2017 йилда университетни битирган 235 ёшларнинг атиги 14 нафари Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинган. Улар орасида халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини битирган биронта ҳам йигит-қиз йўқ. Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ҳам ушбу университетни ўтган йил тамомлаган биронта ёш мутахассис ишга олинмаган.

Шу муносабат билан Комиссия (О.Муродов) Бош вазир А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Р.Қосимов, У.Исмоилов билан биргаликда бир ой муддатда:

— Ташқи ишлар вазирлигида кадрлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, аввало, иқтидорли ёш мутахассисларни жалб қилиш бўйича аниқ таклифлар;

— Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаши лозим», деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишдан кейин Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдумалик Жуманов ўз лавозимидан озод этилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг