Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар билан учрашув ўтказади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар билан учрашув ўтказади

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида давлат ва хусусий шерикликни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳага қўл урди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 14 июль куни 12:00дан 15:00га қадар пойтахт ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга масъул идоралар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар иштирокида учрашув ўтказилади. Мазкур тадбир хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини кўриб чиқиш ва ҳаётга жорий этишга қаратилган.

Янгича ёндашувда ўтказилаётган ушбу учрашувда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрини янада кўркам қилиш, пойтахтимизда саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Тадбиркорлардан лойиҳаларини слайд кўринишида тақдим этиш сўралади. Учрашув очиқ, холис ва шаффоф ўтиши кафолатланади.

Мазкур тадбирнинг муҳим бир натижаси сифатида пойтахтимизда  тураржой биноларини қуришни режалаштирган тадбиркорларга лойиҳалари тасдиқдан ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимияти захирадаги ҳамда бўш ерларни давлат шерикчилиги асосида ажратади. Бунда давлат шерикчилигининг аҳамияти шундаки, тураржой биноларининг қурилиши тугатилгач, давлатга уларни сотишдан тушган даромаддан фоиз тўланмайди, балки умумий хонадонларнинг 10-15 фоизи ҳокимлик тасарруфига ўтказилади ва улар етим, ногирон, кам таъминланган, боқувчиси йўқ, уй-жойга муҳтож одамларга тақдим этилади. Бу билан ҳам шаҳримиз ободончилигига ҳисса қўшилади, ҳам кўнгли яримларнинг эҳтиёжи қондирилади.

Мазкур учрашув якуни бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг