Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жамиятда ким кўпроқ ишлайди: эркакми ё аёл?

Жамиятда ким кўпроқ ишлайди: эркакми ё аёл?

Фото:«Shutterstock»

Курсдошим Нигоранинг анчадан буён иш қидириб юрганидан хабардор эдим. Ҳол-аҳвол сўраш ниятида қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан сўнг, ишга жойлашган, жойлашмаганини сўрадим.

– Йўқ! Ҳалиям ўзимга мос иш топа олмадим, – дея гапира бошлади у. – 5-6 та ташкилотга бордим. Улар «Бизда ўрин бор, фақат эркак кишиларни ишга оламиз», деб қайтариб юборишди. Икки ой олдин ўрганиш учун ҳужжатимни олиб қолган банкдан бугун қўнғироқ қилишди. «Опа, хафа бўлманг! Раҳбаримиз эркак ходимни ишга олишни маъқул» дея гўшакни қўйди. Баъзи бир иш берувчи ташкилот раҳбарлари фарзандларимнинг сонини, уларга қарайдиган одам борлигини сўрашади. Буям майли,  уялмасдан «Кейинги фарзандни қачонга режалаштиргансиз? Бирдан туғруқ таътилига чиқиб кетмайсизми?» қабилида саволлар ҳам беришмоқда. Дугонажон, 6 йил контракт тўлаб, ўқиганимдан афсусланиб кетдим. Наҳот, ҳозир жамиятимизда аёл кадрларни ишга олиш қийинлашиб бормоқда?!

Ўйлаб кўрсам, ишга кирмоқчи  бўлган олий маълумотларни аёлларнинг аксарияти бундай ҳолатга умрида бир марта бўлса ҳам дуч келган. Хўш, раҳбарлар аёлларни ишга олишдан нега бунчалик чўчишади? Эркаклар бажарган ишни аёллар эплолмайдими? Ёки аёллар ишга кеч келиб, эрта кетиб, топшириқни тўлиқ бажаролмайдими? Умуман, жамиятда қайси жинс вакили уддабуронроқ?

Аслида, биз аёллар ҳаммасига улгуриш учун ҳали тонг отмасдан туриб ҳаракатни бошлаймиз. Нонуштадан сўнг, аввал кичкинамизни боғчага, катталарини мактабга кузатиб, энг охирида эримизни ишга жўнатамиз. Ишга турмуш ўртоғимизнинг машинасида етволсак ҳам бўлади. Лекин улар биз эшик-туйникни ёпиб пастга тушганимизча, ишига кеч қолиши мумкин. «Майли, эркак киши бошлиғидан гап эшитса уят бўлади» деймизда жамоат транспортида севимли ишхонамиз томон йўл оламиз. Куни билан ишхонанинг югур-югурларини бажарамиз, раҳбардан гап эшитамиз. Тушлик баҳонасида 3-4 та ҳамкасб хотинлар билан бозорга тушиб чиқишга ҳам улгурамиз. Эркакларимиз эса ишхонасидан чиқолмай ўтиришади. Ахир улар эркак! Бозорма-бозор тўрхалта кўтариб юрса уят бўлади. Тушликдан кейин, кайфиятини сўраш учун қўнғироқ қилиб, баҳонада кечки овқатга нима егиси келаётганини билиб оламиз. (Одатда оиламиз устунлари кўпроқ хамирли таомни хуш кўришадилар) «Манти қилақол», дейди султонимиз. «Бажарамиз!» деб, гўшакни қўямиз. Ишдан қайтганча йўл-йўлакай кичкинамизни боғчадан оламиз. Боғчамиз уйимиздан узоқ бўлса нима қипти, зарилми таксига пул тўлаб, пиёда юриш фойдали. Орада кичкинамиз хархаша қилиб қолади. Таксидан иқтисод қилган пулимизни барибир дўконга сарфлаймиз. Каттасининг дарсини эса овқат билан тенгма-тенг бажариб кетаверамиз. Ҳамма нарсани тайёр қилиб, султонимизни ишдан қайтишларини кутамиз. Ишдан ҳориб-чарчаб келган эркакларимиз диванга чўзилиб, телефонини қўлларига олишади. Тамом! Бундай пайтда дадамизни безовта қилмаймиз. Улар фақат телефонда янгиликлар ўқирканлар. «Жимм! Даданг чарчаб келганлар, овозинг чиқмасин, дам олсинлар» дея болаларимизни тинчлантирамиз.

Айтишларича, эркакларимизнинг ишлаш системаси умуман бошқа эмиш. Эркак ходимлари жуда қаттиқ ишлашар экан. Шунинг учун ҳам, баъзан уйда йиғилиб қолган ахлатни икки «дўм» наридаги чиқиндихонага ташлаб келишига ҳам мадори етмай қолади.  Энди тушундим: нега ташкилотларнинг аксариятига эркак ходимлар кераклигини.

Дарвоқе, яқинда бир қизиқ маълумотга кўзим тушди: Хитойнинг энг бадавлат кишиси ҳисобланувчи «Alibaba Group» асосчиси Жек Ма жаноблари тадбиркорликдаги муваффақияти сирларининг бири аёлларга ишни ишониб топширганликда деб биларкан. Аёллар бошқалар ҳақида кўпроқ қайғурадилар, эркаклар эса ўзларини ўйлайдилар. Қанча имкон бўлса, шунча аёлларни ишга олиш бу «Alibaba»нинг сири», дейди Жек Ма.

Хуллас, хулоса чиқариш ўзингиздан...

 Зулайҳо Мусурмонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг