Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанубий Корея фуқароси Тошкент шаҳар ҳокимига маслаҳатчи бўлди

Жанубий Корея фуқароси Тошкент шаҳар ҳокимига маслаҳатчи бўлди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Жанубий кореялик Ким Ю Шик Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси бўлди. У мамлакат пойтахтида IT-лойиҳаларни ривожлантиришга кўмаклашади. Бу ҳақда ҳокимлик расмий сайтида хабар берилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига биринчи хорижлик ходим ишга олинди. Жанубий кореялик мутахассис, Сеул мерияси департаменти вакили Ким Ю Шик шаҳар ҳокимининг пойтахт маъмурияти фаолияти тизимида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ишларига масъул маслаҳатчиси бўлди.

IT соҳасида 20 йиллик иш тажрибасига эга Ким Ю Шик Жанубий Корея пойтахтида ITни ривожлантириш билан шуғулланган ва Сеулдаги барча жамоат жойларининг бепул «Wi-Fi» нуқталари билан таъминланиши бўйича лойиҳада иштирок этган.

Тошкент шаҳар ҳокими учун мутахассис ажратилиши тўғрисидаги келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ноябрь ойида қилган давлат ташрифи доирасида эришилган эди.

Жанубий кореялик мутахассис билан бир йиллик шартнома тузилган. Ҳоким маслаҳатчисига маошни Сеул мерияси тўлайди, Тошкент ҳокимлиги эса унинг яшаш ва қатновлар учун кетган харажатларини қоплайди.

«Маслаҳатчининг асосий вазифалари — Тошкентда ҳам Сеулдагидек шаҳар бошқаруви бўйича ситуацион марказ яратилишидан иборат. Ягона марказ орқали шаҳарда коммунал соҳа, шаҳарсозлик, ёнғин хавфсизлиги, тезкор чоралар кўриш тизимларидаги барча вазиятларни онлайн режимда кузатиш мумкин. Унга кўчалардаги барча кузатув камералари ҳам уланади. Буни «smart city» («ақлли шаҳар») унсурларидан бири дея ҳисоблаш ҳам мумкин, аммо бу мутлақо алоҳида лойиҳа», — дея таъкидлайди Алишер Тиллаев.

Ким Ю Шик ҳокимликка шаҳар кадастр хизматига веб-жойлашув тизимини жорий этишга ҳам ёрдам беради. Бу келишув Жанубий Кореянинг GEO2 компанияси билан амалга оширилган. Айни вақтда ҳокимлик, GEO2 ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривжлантириш вазирлиги қошидаги Unicon.uz маркази иштирокида уч томонлама ҚК (қўшма корхона) тузилган.

Янги тизим нотариал хизматлар фаолиятидаги қоғозбозликларни бартараф этишга хизмат қилади. «Тизимни жорий этишнинг мазмуни шундаки, ҳар бир фуқаро ўз хонадонида мобил телефони ёки компьютер орқали барча кадастр ҳужжатларидан фойдаланиш ва солиқ тўлаш имконига эга бўлади. Нотариал хизматлар ҳам ўз хизматларини тақдим этишда электрон базадан фойдалана оладилар», — дейди ҳоким ўринбосари.

Алишер Тиллаев бу тижорий лойиҳа эканини таъкидлаб ўтди. Унинг қиймати қарийб 3 миллион долларни ташкил этади. Давлат божидан ташқари, хизматлар учун комиссион тўлов ҳам белгилаб олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг