Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жараённи ким сустлаштиряпти?

Жараённи ким сустлаштиряпти?

Фото: «Times of Malta»

Давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ваколатли органларининг бепарволиги сабабли, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида уй-жойларни ноқонуний қуриб келишган.

Ҳозирги кунда бу масала бутун республика бўйича оммавий тус олиб,  уй-жой учун зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги туфайли, аҳоли ўртасида бошқа ижтимоий муаммолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, ҳақиқатан ҳам яшаб турган жойида рўйхатдан ўтиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслиги ва бошқа кўплаб муаммолар.

Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига ҳамда депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти вакиллари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 8 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Уларнинг ечимини топиш мақсадида, Президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланган. Унга кўра, 2019 йил 1 майига қадар фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки тегишли рухсатсиз қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Ижро этиш учун эса, мансабдор органлар вакиллари қамраб олинган махсус комиссия шакллантирилди.

Айбдор ким?

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини берувчи қарорни олиш учун махсус комиссия тузилган, унинг аъзолари ўртасида ахборот алмашиш учун идоралараро электрон ҳамкорлик тизими — «Кадастр 2.0» йўлга қўйилган. Аслида, бу — фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун жорий этилган эди.

Фуқаро туман ёки шаҳар Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат этиши билан, унинг ҳаракати тўхтаб, ҳужжатлар электрон ҳаракатланишни бошлаши, ишчи гуруҳ томонидан масала ҳал этилгач, тайёр ҳужжатлар яна электрон шаклда Давлат хизматлари марказига келиб тушиши, фуқаро эса белгиланган суммани тўлаб, давлат органлари фаолиятидан рози бўлиб, тайёр ҳужжатларни олиб чиқиб кетиши лозим эди. 

Аслида-чи?

Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишларда мазкур давлат хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ваколатли идоралар мутассади ходимлари кўпгина хатоликлар, ноқонуний ҳаракатлар ва белгиланган регламентни бузиш ҳолатларига йўл қўйгани аниқланди.

Хусусан, шу кунга қадар Давлат хизматлари марказларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 54 814 та ариза келиб тушди. Шундан, 8008 таси бўйича туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди, 8269 таси бўйича ҳисоб-фактура берилди ва 8747 таси рад этилди.

Бу дегани, келиб тушган аризаларнинг бор йўғи 15 фоизига яқини қаноатлантирилган. Аризаларнинг 54 фоизини кўриб чиқиш жараёни эса мансабдор орган вакиллари томонидан ҳали ҳамон чўзиляпти.

Айрим вилоятларда

Ўтказилган ўрганишлар ҳамда «Кадастр 2.0» тизимидан олинган маълумотлар таҳлилига кўра, умумдавлат акцияси доирасида ташкил этилган комиссия аъзолари томонидан кўчмас мулк объекти бўйича хулосалар белгиланган муддат мобайнида тақдим қилинмаслиги барча вилоятлар кесимида кузатилмоқда.

Наманган. Вилоятда бугунга қадар Наманган шаҳар солиқ инспекцияси томонидан 210 та ва Поп туман солиқ инспекцияси томонидан 64 та, Наманган шаҳар ДСЭНМ томонидан 512 та, Наманган шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан 203 та, Наманган шаҳар қурилиш бўлими томонидан 510 та ҳолатда муддат бузилиши ҳолатлари содир этилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан маъмурий баённома тузилди. 5 нафар масъул шахсга нисбатан бошқарма томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Сурхондарё. Вилоятда 5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган, шундан фақат 949 та мурожаат бўйича туман ҳокимлигининг тегишли қарори чиқарилган. 4500 дан зиён аризаларнинг ижроси таъминланмасдан қолмоқда.

Ҳатто шу кунга қадар умуман қарор берилмаган туманлар ҳам бор. Мисол учун, Шўрчи туман Давлат хизматлари марказига 447 та мурожаат келиб тушган, аммо бирортаси мутасадди органлар вакиллари томонидан кўриб чиқилмаган ва фуқароларга якуний хулоса берилмаган. Денов туманида 370 та келиб тушган мурожаатдан бор-йўғи 25 таси қаноатлантирилди, Жарқўрғонда 777 тадан 22 таси, Бойсунда 94 тадан 4 таси, Олтинсой туманида 541 тадан 21 тасига комиссия томонидан ижобий хулоса берилди. Хуллас калом, энг суст комиссиялардан бири — Сурхондарё вилоятиники, берилган қарорлар ўртача кўрсаткичи 4 фоизга ҳам етмайди.

Фарғона. Вилоятда келиб тушган 3 640 та аризадан 1712 тасининг муддати ўтказиб юборилган. Оқибати эса кафтдагидек намоён: мурожаат этган фуқароларнинг 50 фоизга яқини давлат идораларидан ва жорий этлаётган ислоҳотлардан норози.

Андижон Бу вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳам ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, қурилиш бўлимлари, давлат солиқ инспекциялари, ички ишлар ва ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, давлат санитария ва эпидемиология назорати марказлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари мутасаддилари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришмаяпти.

Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 800 дан ортиқ келиб тушган аризадан бор-йўғи 95 таси ҳал қилиниб, мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарор чиқарилган. Қолган аризалар ҳануз ижросини кутиб ётибди. Туманлар бўйича оладиган бўлсак, Жалақудуқда 152, Андижон шаҳрида 71, Пахтаободда 72, Қўрғонтепада 70, Марҳаматда 55 та ана шундай ариза бор. Булар-ку майли, Хонобод шаҳри, Андижон, Булоқбоши, Избоскан туманларида шу кунга қадар бирорта ҳам ноқонуний қурилган уйга нисбатан ҳокимликларнинг қарори қабул қилинмагани ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Айбдорларга чора кўриладими?

Бу савол аризасига ўз вақтида тегишли жавоб ололмай ҳалак бўлаётган минглаб юртдошларимизни қийнаб келаётгани кундек равшан.

Юқорида айтиб ўтилган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида, жойлардаги комиссиялар қарорда назарда тутилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беришлари белгилаб қўйилган.

Ҳозирги кунда ушбу давлат хизматини кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 184 нафар шахсга нисбатан Давлат хизматлари агентлиги томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди ва ваколатли органларга 84 тақдимнома киритилди. Қўлланилган таъсир чораларига асосан мутасадди органларнинг 166 нафар  ходими маъмурий, 61 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилди. Беш нафар шахс вазифасидан озод этилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда республикамиз бўйлаб ўтаётган бир марталик умумдавлат акцияси юртдошларимизга қулайликлар яратиш ва яшаб турган уй-жойларига тегишли ҳуқуқни қўлга киритишларига қаратилган.

Ачинарли жиҳати, давлат идоралари вакилларинг ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашуви халқнинг давлат органларига бўлган ишончи сусайишига сабаб бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг