Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жарималар шаҳри. Дунёдаги ифлос шаҳар қандай қилиб энг озода масканга айланди?

Жарималар шаҳри. Дунёдаги ифлос шаҳар қандай қилиб энг озода масканга айланди?

Кўчага қоғоз улоқтирган одамга минг доллар жарима солинади.

Фото: «CNN.com»

Сингапурда ширакайф ҳайдовчиларни ўрта асрлар услубига кўра таёқ билан савалайдилар. Чиқинди ташлаганлар фаррош бўлиб ишлайдилар. Кўчага қоғоз улоқтирган одамга минг доллар жарима солинади.

Сингапурнинг энг эътибор тортадиган жиҳатларидан бири — тозалик. Энг гавжум йўлкалар ва кўчалар ҳам ёғ тушса ялагудек озода бўлиб, ўнлаб одамлар бир чиқинди идиши ёнига туриб олиб, сигарета чекишади ва кулини ерга эмас, ана шу идишга ташлайдилар.

Буни улар Сингапурда жорий этилган аёвсиз қонунларга бўйсунган ҳолда амалга оширишади. Агар асфалтга тамаки кулини ташласангиз, 500 сингапур доллари (салкам 2 миллион сўм) миқдорида жарима тўлайсиз. Агар рухсат этилмаган жойда чексангиз, минг долларга тушасиз. Ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлаш мумкин, аммо атроф видеокузатув камералари билан тўла ва уларни полициянинг махсус бўлинмаси алоҳида назорат қилади. Бундан ташқари, полиция ходимлари кўчаларда «изғиб» юришади.

Шаҳарда бир шиор бор: «Singapore is a fine city». Бу ибора икки хил маънони англатади: биринчиси, «Сингапур — ажойиб шаҳар», иккинчиси эса «Сингапур — жарималар шаҳри». У ерда биз учун жуда майда ҳисобланган ҳолатлар ҳам тақиқланади. Масалан, метрода сақич чайнаб юриш ёки йўлга сув сепиш катта жарималарга олиб келади.

«Мен Сингапурга 1968 йили келганман, — дея сўзлайди Британия сайёҳлик агентлиги раҳбари Элисон Хейметт. — Ўша пайтда манзара жуда аянчли эди. Кўчалар чиқиндига тўла, лифтларда сигарета тутунлари сузар, чивинлар дастидан юриб бўлмасди. Маст ҳолда рулга ўтириш одатий ҳол эди, йўл ҳаракати қоидаларига, ўша пайтдаги сингапурликларнинг фикрича, фақат қўрқоқларгина амал қиларди. Ҳукумат чиройли йўл тутди: телевидение орқали шаҳарни озода тутиш ҳақида рекламаларни айлантиришди, ширакайф ҳайдовчилар ҳақида газеталарда мақолалар ёзишди, лекин иш бермади. Катта жарималар жорий этилгач, барчаси изига туша бошлади».

Шундан сўнг шаҳар озодалиги учун аёвсиз чоралар қўлланилди. Нима учун метрода сақич чайнаш мумкин эмас? Йўловчилар аввал сақични исталган жойга туфлаб кетишган: резина вагон эшикларига ёпишган, механизмни ишдан чиқарган ва бу ҳолатлар поезд ҳаракатларига халал берган. Шунингдек, метрога ичимлик ва егулик олиб кириш ҳам тақиқланди (700 доллар жарима). Сув тўкиш, тупуриш ҳам минг долларлик жаримага сабаб бўлади, бу чора чивинларга қарши курашиш учун жорий этилган.

Бундан ташқари, кўча ҳайвонлари ва қушларга овқат бериш, ҳовлида мушакбозлик қилиш, кўчани мумкин бўлмаган жойдан кесиб ўтиш каби ҳолатлар учун 500 дан 1000 долларгача жарималарга тортилади.

Агар асфалтга тамаки кулини ташласангиз, 500 доллар миқдорида жарима тўлайсиз.
Фото: «AiF.ru»

Сингапур соҳиллари ҳам энг озода масканлардан ҳисобланади. Соҳилга дам олиш учун келган одам чиқиндисини олиб кетмаса, 800 доллар тўлайди. Камига 3 ҳафтагача ҳар куни 2 соатдан тозалаш ишларига жалб этилади. Энг қаттиқ чоралар автомобил ҳайдовчилари учун жорий этилган. Рулда телефон орқали гаплашган киши ҳибсга олинади ва автомобил ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Тезликни меъёрдан оширганларни 3 ойлик қамоқ кутяпти. Маст ҳолда машина ҳайдаганлар олти даррадан калтакланади ва ярим йилга қамалади. Шунинг учун Сингапур кўчаларида ҳайдовчилар «мулойим мушук»ка айланадилар.

Қолаверса, вояга етмаган шахсларга сигарета ва алкогол ичимлик сотган сотувчи ҳам таёқ ейди: дўкон хўжайини жаримага тортилиб, сотувчи ишдан ҳайдалади ва бир йилга озодликдан маҳрум этилади.

«Сингапур жарималари дунёдаги энг оғир жазо турлари ҳисобланади, — дейди аналитик Жонатан Чонг. — Лекин барча жойда ҳам бу қоидаларга амал қилаверишмайди. Сингапур туманларидан бири — «Кичик Ҳиндистон» ҳудудига кечга томон бориб кўринг: ҳамма жой чиқинди ва тамаки кулига тўлиб кетади. Лекин барибир одамлар жаримадан қўрқишади. Сингапурликлар ҳам олдин эътироз билдиришган, норози бўлишган, бироқ ҳозир қонунга бўйсуниш улар учун урфга кирган ва ўзларининг мегаполиси нақадар озода эканидан фахрланишади. Кечирасиз-у, жамоат ҳожатхоналарига кирган ҳар тўрт одамнинг биттаси сувни оқизмас эди. 600 долларлик жарима жорий этилгач, муаммо ҳал бўлди».

Сингапурда жаримадан бехабар қолишнинг имкони йўқ. Ҳамма жойга огоҳлантирувчи ёзувлар ва белгилар илиб ташланган. Хўш, Ўзбекистонда бу ҳолат қандай кўриниш олган? Жавоби оддий: кўчаларда чиқиндилар бор, чекиш учун махсус жойлар ҳам. Лекин одамларда маданият бироз етишмайди. Амалдорларнинг ўзлари истаган жойида тамаки тутатишади, чиқинди ташлашади. Танганинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас: жамоат жойлари ва кўчаларда чиқинди ташлаш буюмлари етишмайди.

Ҳайдовчиларни-ку, айтмаса ҳам бўлади: ҳар куни неча минглаб ширакайф аниқланади, нечта ҳайдовчи қизил чироқдан ўтади ёки тезликни оширади. Йўл-транспорт ҳодисалари ва ундан жабрланганлар сони ҳам шунга яраша. Балки бизда ҳам мазкур ҳолатларга ҳукумат даражасида эътибор бериш вақти келгандир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг