Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурбек Тошниёз

Ёзсанг ички цензурангдан холи бўлолсанг ёз!

Жиноятнинг миллатга дахли борми?

Жиноятнинг миллатга дахли борми?

Фото: «Спутник»

Элас-элас эсимда, энди ақлимни таний бошлаган пайтларим бўлса керак, радиодаги ваҳимали ахборотлардан жуда қўрқадиган бўлиб қолгандим. Чунки уларда одатда АҚШнинг ядро қуроли яратаётгани, тиш-тирноғи билан қуролланаётгани, қайсидир мамлакатларга ифлос қўлини чўзаётгани-ю қаерларгадир қўшин киритаётгани шу қадар даҳшат билан айтилар эдики, бу гаплар ҳаётга ташна болачанинг мурғак қалбига қўрқув солмаслиги мумкин эмасди...

Шукурки, бу қўрқув мен учун узоқ чўзилмаган. Билмадим, ахборотлар сал сокинлашдими, ё ёшим улғая боргани сари бошқа омиллар билан чалғиб кетдимми?..

Энг қизиғи, бугун — ёшим қирқдан оша туриб негадир яна ўша ёшликдаги қўрқув тез-тез эсимга тушадиган бўлиб қолди. Билмадим, балки бу ҳам худди болалик даври каби инсон ҳаётининг янги бир босқичида рўй берадиган табиий ҳолатдир. Эҳтимол, ростан ҳам унга асос бордир...

Гап шундаки, мени бугун яна ўша ахборотлар — дунёнинг фалон чеккасида қайсидир ўзбек нимадир ёмон иш қилгани ҳақидаги интернет хабарлари чўчитмоқда. Шундай хабарларга дуч келсам юрагим эзилади, ҳар сафар ичимда бир нарса узилгандай бўлади. Бу қўрқувнинг энг чўққиси, эҳтимол, «31 октябрда Нью-Йоркнинг Манхеттен туманида юк машинасида одамларни босиб кетган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соиповга террорчилик ва қотиллик содир этиш айбловлари қўйилди» деган шумхабар бўлгандир. Аммо шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқда кенг муҳокама бўлаётган «Воронежда чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонликлар» ҳақидаги хабарнинг ваҳимаси ҳам лаънати Сайфуллонинг қилмиши ҳақидагисидан кам таъсир қилмаяпти...

Йўқ, мени хориждаги сайфуллолар ҳам, болафурушлар ҳам чўчитаётгани йўқ! Мени қўрқитаётган нарса яна ўша ахборотларнинг ўзи! Ҳа, ўзбекка урғу бераётган қинғир-қийшиқ хабарчалар юрагимга ғулғула солмоқда! Уларнинг аксарияти оддий кундалик янгиликлар эмаслигидан кўнглим ғаш!

...«Москвада ўзбекистонлик шахсларнинг яширин босмахонаси топилди», «Туркманистонда ўзбек диаспораси вакили 15 йилга қамалди», «Ёқутистонда маҳаллий фуқаро ва ўзбекистонлик ишчилар қор туфайли муштлашиб кетди», «Россияда ўзбекистонлик шахс полициячиларга қайчи билан ҳужум қилди», «Афғонистонда ИШИД қўмондони қўлга олинди, у ўзбек экани айтилмоқда»... Сўнгги бир ой ичида ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида айланган бу хабарларни умумлаштирувчи нарсани дарҳол англадингиз — «ўзбек» ва «ўзбекистонлик» деган сўзлар. Энди келинг, масалага бошқачароқ кўз билан қарайлик. Дунёда эмас, биргина Ўзбекистоннинг ўзида қанчадан-қанча яширин босмахона, яширин цех, яширин омбор ва яна аллақандай яширин фаолиятлар фош қилинади ва уларнинг биронтасида жиноятчиларнинг миллатига урғу бериладими? Кўпмиллатли юртимизда қанчадан-қанча жиноий гуруҳлар қўлга олинади ва уларнинг қайси диаспора вакили экани тўғрисида ваҳима қилинадими? Ниҳоят, энг ваҳималиси, лаънати ИШИДнинг бир эмас, ўнлаб, юзлаб қўмондонлари қўлга олинаяпти, ўлдирилаяпти, аммо ҳаммасининг ҳам миллати айтилаяптими? Умуман, қачондан бошлаб ёмон иш қиладиганлар миллатга ажратила бошлади ўзи? Ахир ўғирликнинг, фирибгарликнинг, каззобликнинг, қотилликнинг бирон-бир миллатга алоқаси борми?

Мени бугун мана шу саволлар қийнайди! Турли майда-чуйда ахборотларни тарқатаётиб, миллатга урғу бераётганларнинг мақсадини англаёлмаганимдан юрагим ғаш! Тўғриси, яширмайман, ана ўшаларнинг ўзларининг миллатини билгим келади...

Менинг энг сўнгги қўқувим эса мана шундай мағзига фитна яширилган ахборотларни кўр-кўрона таржима қилиб тарқатаётган, ижтимоий аҳамиятидан қатъи назар уларни муҳокамага қўйиб, халқимизни ваҳимага солаётган юртдошларимизнинг соддаликларидан!

Қолаверса, яна бир мулоҳаза бор — агар бир юртда юзта кичик жиноят ва битта катта жиноят қайд этилса, аввало кичик жиноятларга қарши курашмоқ керак бўлади. Чунки асли ўша катта жиноят ҳам болалаётган кичик жиноятларнинг ҳосиласи бўлиши мумкин. Шундай экан, биз ҳам хорижнинг ваҳимасига эргашмасдан, орамизда болалаб бораётган муаммоларга ҳушёрроқ бўлмоғимиз керак эмасми? Дейлик, ёнимиздаги дўстимизнинг телефонда кимгадир ёлғон гапираётганига бепарво бўлган ҳолда фарзандларимизнинг ростгўй, рострав бўлиб улғайишидан умид қилишимиз соғлом ақлга тўғри келадими? Ёки йўлда кетаётиб ўзимиз суринган чўпни четга олиб ташлай олмасак, миллат тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида бош қотиришга маънавий ҳаққимиз борми?

Ўзбекка урғу бераётган хорижнинг ваҳимали ахборотлари эса бизни ана шу каби оддий ва ўта муҳим саволлардан чалғитаётгандек гўё!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг