Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззахда участка нозири ва маҳалла посбони фуқарони аёвсиз калтаклашди

Жиззахда участка нозири ва маҳалла посбони фуқарони аёвсиз калтаклашди

Акамнинг аҳволи оғирлашаверди. Операция қилишга тўғри келди...

Фото: «xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталига фуқаролардан мурожаатлар келиши давом этмоқда. Улар орасида ўзини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан жабрланганлар сифатида таништирувчиларнинг мурожаатлари ҳам учраб туради. Оз бўлса-да, уларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, инсон ўз ҳимоячисидан жабрланса, бунга асло тоқат қилиб бўлмайди. Президент талаби ҳам, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири ҳам айнан шу. 

Алоҳида таъкидлашимиз шарт – бу мақола тарафларнинг телефон орқали берган маълумотларига асосланган. Биз кимнидир айбдорга чиқариш ниятидан йироқмиз, зеро, фақат судгина айбдорни аниқлайди. Шунингдек, жабрлангандан ташқари жабрланувчига жароҳат етказган ИИБ ходими ва маҳалла посбонининг тўлиқ исм-фамилияси бизга маълум. Аммо айбсизлик презумпциясига кўра уларни эълон қилмай турамиз.

Дастлаб бизга қуйидаги мазмундаги маълумот етиб келди:

«Кеча қариндошимни кўриш учун Жиззах шаҳридаги вилоят шифохонасига борганимда бир воқеани кўриб ёқамни ушладим. Қариндошимнинг ёнидаги палатага бир йигитни оғир аҳволда олиб келишди, унинг орқасидан эса ИИБ ходими келган эди. Мен дастлаб у йигит аварияга учрабди деб ўйладим. Лекин ИИБ ходими узр сўраётганини кўриб, воқеани ўрганиш учун ҳамширалардан сўрадим. Уларнинг айтишича, ИИБ ходими Э. исмли йигит маҳалла посбони билан бирга маст ҳолда бу йигитни уриб, пулларини олиб қўйиб, шундай абгор аҳволга келтириб қўйишибди, энди у йигитнинг ота-онасига ўзим даволатаман, пулларини ҳам қайтариб бераман деб айтаётган экан.

Мен шунда шифохонадаги камералардан лавҳаларни олиб бу воқеани ёритмоқчи бўлдим. Нега? Чунки бу ҳолга асло чидаб бўлмайди, Йигитни урган одам қонун ҳимоячиси эди! Ғаллаорол туман ИИБ ходими Э.О. ва унинг посбони И.А. (боксчи) биргаликда шу ишни қилишган экан. Балки бу иш ёпиқлигича қолиши мумкин эди. Яхшики, вақтида орган ходимлари аралашишди.

Шифохонада ётган Шуҳратнинг ҳолини бугун қариндошимдан суриштирдим, у ҳамон оғир аҳволда экан ва операция қилиш зарурати туғилибди. Ҳатто операция яхши натижа бермаслиги ҳам мумкин экан.

Кўринг, баъзи ИИБ участка нозирлари ана шунақа. Давлатимиз уларга уй бераяпти, машина миндираяпти, улар эса бундай ишлар билан шуғулланишмоқда».

Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида жабрланувчининг укаси Дилшод Замонов билан боғландик.

— Дилшод, нималар содир бўлганини қисқача сўзлаб бера оласизми?

— Акам, Замонов Шуҳрат Раҳматуллаевич, 1987 йилда туғилган. Фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлайди. Унинг эскироқ «Жигули» машинаси бор эди. 9 апрель куни эрталаб ишга кетаяпман деб чиқиб кетганди. Бизга маълум бўлишича, кечқурун, соат тахминан 21:00 да Ғаллаорол тумани «Кўкбулоқ» МФЙ ҳудудида унинг машинаси ўчиб қолган ва у мустақил равишда машинани юргизишга ҳаракат қилган. Шунда маҳалла участка нозири уни нимадир важ билан «Қўйтош» МФЙга олиб борган ва ҳудудий участка нозирига топширган. Айнан шу ерда участка нозири Э.О. ва И.А.лар ароқ ичиб ўтиришган бўлган. Улар акамни ҳам даврага ўтқазиб ароқ ичишга мажбурлашган, масхаралашган. Шундан кейин икки киши бўлиб акамни роса дўппослаганлар.

— Демак, акангиз ҳамда унга жароҳат етказган участка нозири ва посбон ўртасида зиддият келиб чиққан, шундайми?

— Зиддиятга асос йўқ эди, акам доим ичиб юрадиган йигит ҳам эмасди. Лекин у иккиси маст бўлгани, акам уларнинг олдига олиб борилганида ҳам ичиб ўтиришгани аниқ факт.

— Акангиз шифохонага қандай борган?

— Уни шу иккиси Ғаллаорол туман шифохонасига олиб боришган. Аммо, билишимизча, уларнинг мақсади акамга тиббий ёрдам кўрсатиш эмас, изларни йўқотиш бўлган. Акамни гўёки ўта маст, ўзи йиқилиб тушган деб расмийлаштириб, яна қайтиб ўзлари олиб кетишган ва такроран аёвсиз калтаклаганлар.

— Сизлар шунча гапдан бехабармидингиз?

— Бизга эртаси куни соат 10 да хабар беришди. Келиб акаларингни олиб кетинглар дейишди. Отам билан борсак, акам жуда абгор ҳолатда, лаби йиртилган, қулоқларидан қон кетган, юзи қонталаш. Суратларини олиб қўйганман. Участка нозирининг хонасида ароқ ҳиди анқиб ётибди. Нозир қўлини боғлаб олган, айтишича, акам қаршилик қилганида иккови бирга ерга йиқилганмиш. Мен нега бундай қилганини, акамни ноҳақ ургани сабабини сўрасам, мен билан ҳам тортишди, охири «қўлингдан келганини қил» деди қўполлик билан.

Бошидаги кучли оғриқ туфайли биз акамни яна шифохонага олиб бордик. Тиббий хизмат кўрсатилди, аммо оғриқ кучаявергани, МРТ қилиш зарурати туғилгани учун вилоят шифохонасига олиб боришга тўғри келди. Бу пайтга келиб кайфи тарқадими, қилган ишини англаб етдими, нозирнинг ўзи «Матиз» машинасида шифохонага олиб борди. Аммо акамнинг аҳволи оғирлашаверди. Операция қилишга тўғри келди ва бошидан 30 мл.дан ортиқроқ қотиб қолган қон олинди. Нозир керакли дори-дармонларни олиб берди, харажатларни қоплади, вазиятни мураккаблаштирмасликни таклиф қилди. Айб ўзларидалигини тан олиб, тилхат ҳам ёзиб беришди. Ҳар иккисининг тилхатини сақлаб қўйганмиз.

— Балки таклифи маъқул келгандир, муроса қилмоқчидирсизлар?

— Муроса қилиш яхши албатта. Лекин мен ҳақиқат қарор топишини истайман. Наҳот қонун ҳимоячисининг ўзи қонунни оёқости қилса, бир одамни шу даражага олиб келса?!

Бу иш юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ навбатчилик қисмига ҳам мурожаат қилдик. (0372) 432-11-02 рақами орқали биз билан суҳбатлашган навбатчилик қисми ходими ҳақиқатан ҳам Э.О. исм-фамилияли участка нозири ишлашини тасдиқлади, аммо бу масала юзасидан маълумот бера олмаслигини айтиб, раҳбар ўринбосари Шокир Абдушукуровга қўнғироқ қилишни тавсия қилди.

— Фуқаро Шуҳрат Замоновнинг ўзи маст ҳолда йиқилиб тушган, бу ҳолат тегишли тарзда қайд этилган, — деди телефон орқали Шокир Абдушукуров.

— Шокир ака, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Суратларга қараганда Шуҳрат Замонов йиқилиб тушганга ўхшамайди. Нима дедингиз?

— Тўғри... Лекин ҳозир бу нарса бўйича аниқ бир нарса дейиш қийин.

— Сизлар томонингиздан суриштирув ишлари олиб борилаяптими?

— Албатта, суриштирув бошланган. Тегишли тартибда ўрганиб, қонуний чоралар кўрамиз.

Ана шундай уятли ҳолатга гувоҳ бўлмоқдамиз. Майли, жабрланувчи маст бўлган ҳам дейлик. ИИБ ходимлари қаршилик кўрсатилган ҳолатда куч ишлатиш ҳуқуқига эга. Аммо бу кимнидир истаганча дўппослаш мумкин дегани эмас асло! Аслида ҳаммамиз ҳам ИИБ ходимларининг хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб туришлари тўғрисида эшитганмиз. Аммо ошкоралик замонида, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари амалда бўлган бир пайтда бундай ҳолатларга энди кўз юмиб бўлмайди.

«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг