Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналист: «Ҳатто кўчадаги бомждан кўра сенинг ҳуқуқларинг камроқ эканини ҳис қилиш аламли»

Журналист: «Ҳатто кўчадаги бомждан кўра сенинг ҳуқуқларинг камроқ эканини ҳис қилиш аламли»

Фото: «Aif.ru»

Журналист Элмурод Нишонов «Facebook»даги саҳифасида оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган ходимларни қийнаётган масалалар, норасмий равишда «тўртинчи ҳокимият» деб аталувчи соҳа вакилларини йиллар давомида қийнаб келаётган, эмин-эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.

«Кейинги пайтда журналистларнинг уй-жой ва Тошкент шаҳрига доимий пропискаси масаласида Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида яхши чиқишлар қилинаяпти.

Чиндан ҳам прописка жуда оғриқли масала. Эгнингни қисиб юришга мажбур қилади. Ҳатто кўчадаги бомждан кўра сенинг ҳуқуқларинг камроқ эканини ҳис қилиш аламли. Чунки унинг (бомжнинг) пропискаси бор, бу унга Тошкентдан уй олишга ҳуқуқ беради. Ана шу ҳуқуқ 20-30 йилдан бери шу соҳада ишлаб келаётган жонкуяр журналистларда йўқ. Уларнинг айби бор, айби — пойтахтда туғилмагани. Одам қаерда туғилишини ўзи белгиламайди-ку!

Уй-жой, машина олиш ҳар ҳолда ўзимизга боғлиқ нарсалар. Эҳтимол, ўн, йигирма йил терлаб ишлаб машина ҳам олармиз, бировнинг номига уй олиб яшаш ҳам мумкин (бунинг минг оворагарчилиги бор бўлса-да). Аммо прописка ўзимизга асло боғлиқ масала эмас. Шуниси одамни хуноб қилади.

Мен уй-жойсиз, доимий пропискасиз (вақтинча прописка омонат нарса, у исталган пайтда тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини неча маротаба кўрганмиз), яъни чекланган ҳуқуқлар билан яшаётган журналистнинг дадил, журъатли бўлишига ишонмай бораяпман».

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг