Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Карантин пайти яширин сабоқ олган 23 нафар ўқувчи коронавирусга тест топширди ва уй карантинига олинди

Карантин пайти яширин сабоқ олган 23 нафар ўқувчи коронавирусга тест топширди ва уй карантинига олинди

Иллюстратив фото

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида икки нафар ўқитувчи карантин пайтида 23 нафар ўқувчига яширин тарзда таҳсил бергани аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Мазкур ҳолат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорат бошқармаси туман бўлими инспекторлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлган.

Вилоятнинг Шофиркон тумани «қизил» ҳудуд тоифасига киритилганига қарамасдан, 48 ёшли Қ.А. шу туманнинг «Чандир» қишлоғида яшовчи 45 ёшли М.Ф.нинг яшаш манзилида карантин қоидаларини бузиб, ноқонуний тарзда ўқувчиларни тўплаган ҳолда дарс машғулотларини ўтказган.

Тадбир давомида М.Ф.нинг хонадони кўздан кечирилганда, ўқув дарсликлар, тест варақалари ҳамда бошқа ўқув қуроллари мавжудлиги аниқланган.

«Олий маълумотли бўлса-да, ҳеч қаерда ишламайдиган бу фуқаролар карантин қоидаларини бузган ҳолда тиббий воситалар билан ҳимояланмаган ўқувчиларга фанлардан тест тарқатиб, уйга вазифа берган ҳолда уларни тарқатиб юбормоқчи бўлишганини айтди. Ёшларга таълим бериш яхши, бироқ «қизил» ҳудуд ҳисобланган манзилда коронавирусга қарши жиддий кураш кетаётган бир пайтда бу фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлигини унутмаслигимиз лозим», — дейди ҳуқуқ-тартибот идораси вакили.

Ўқувчиларга дарс ўтиб келган фуқароларга ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилган. 23 нафар ўқувчи эса уй карантинига олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг