Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кечириб бўлмас гуноҳ...

Кечириб бўлмас гуноҳ...

Фото: FB.ru

...Шокир (исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) ёшлигидан саёқ юришга одатланди, меҳнатга бўйни ёр бермади. Ота-онаси унинг бошини икки қилиб қўйсак, бошига рўзғор ташвиши тушса ўзгарар, деб умид қилишди, ўғлининг аҳволини билатуриб, бировнинг қизини бахтсиз қилишлари мумкинлигини англасалар ҳам, уйлантириб қўйишди.

Оилага янги келин, унинг ортидан жажжи меҳмон келди. Шокир оилабоши, ота бўлиб керилди-ю, уларни ҳалол меҳнати билан едириб-ичиришни ўйламади, на фарзандлик, на эрлик, на оталик масъулиятини ҳис этди, тараллабедод қилиб юраверди. Аввал оиласи тинчлиги учун, фарзандининг соғлиги учун ичди, кейин эса бора-бора уларнинг ҳаммасидан кечди... Уни ичкилик ўз домига оғудай тортаверди. Ҳар кунги уриш-жанжаллардан безган турмуш ўртоғи эридан ажрашиб, хотиржам яшайман, деб ўйлади. Хотини-ку уйдан кетиб тинч яшай бошлагандир, аммо ота-она, ака-укалар ундан қочиб қаерга боришсин!

Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, 2017 йилнинг 2 август куни Шокирнинг опаси Муҳаббат Бекназарованинг хонадонида тўй бошланди. Ҳамма тўйга мезбоннинг бахтли онларида қувончига шерик бўлиш учун ташриф буюрса, баъзилар ичкиликдан «тўйиш» мақсадида боришади. Шокир ҳам шундайлар сирасидан. Аввалига тўйда хизмат қилган бўлди, кейин ичкиликбозлик...

Тонг чоғи гандираклаб уйига кириб борди. Отаси ухлаб қолган эканми ёки тонг саҳардан асаббузарлик қилгиси келмадими, ишқилиб эшикни синглиси Раҳима очди.

...Шокир бироз ухладими-йўқми, билмайди, боши лўқиллаб оғришидан уйғониб кетди. Кечаги ичкиликнинг хумори тутди. Яна тўйхонага — Муҳаббат опасиникига йўл олди. Опаси спиртли ичимлик бермаслигини тахмин қилиб, йўл-йўлакай дўкондан ароқ олди, аммо уям Шокирга насиб этмади: эндигина бир пиёла ичган эди, опаси эрталаб соат саккиз яримда ҳам ичкилик ичасанми деб танбеҳ бериб, шишани қўлидан тортиб олиб, тўкиб ташлади.

Аслида агар укаси чой ичаётган бўлса ёки бирон ширин таом тановул қилаётган бўлса, Муҳаббат асло бундай қилмас эди: аксинча янада меҳр кўрсатар эди. Аммо ичкилик... Опа укасини мастлик оқибатида содир этиши мумкин бўлган турли нохушлик ва фалокатлардан сақлаш учун шундай қилди. Ичкиликка муккасидан кетган ука эса опасининг бу ғамхўрлигини тўғри тушунмади, тўғрироғи, тушунса ҳам нафсини жиловлай олмади. Жаҳл билан опасининг уйидан чиқиб кетар экан, йўл-йўлакай дўкондан яна вино сотиб олади ва чиқинди ташлаш жойида яшовчи Мурод ва Мубиналар билан ичади... Кечадан бери тинимсиз ичилган ичкилик, албатта, ўз кучини кўрсатади. Кексалар айтганларидек, «шайтоннинг суви» шиша ичидагина тинч туради. Инсоннинг ошқозонига тушгач эса уни ваҳшийга айлантиради.

Фарзанд отага шараф келтирса-ку ундан бахтиёр одам йўқ, аммо кулфат келтирса, эл олдида юзини шувут қилса, ундан забун инсон бўлмаса керак. Ёқуб Бекназаров ўғлини тўғри йўлга солишга кўп бора уриниб кўрди, унинг бу охиргиси, деган ваъдаларига ҳам кўп ва хўп ишонди. Афсуски, ваъдалар бажарилмади, ишончлар оқланмади. Бечора отанинг маҳалла-кўй олдида боши хам бўлди. Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади...

Шокирни яна маст ҳолда кўрган Ёқуб аканинг ғазаби тилига кўчди:

— Сен менинг болам эмассан!

Ёқуб аканинг қалбидан отилиб чиққан алам-изтиробга тўла сўзлар Шокирнинг юрагига етиб борди, аммо у узр сўраш ўрнига шерга айланди: қутурган ҳайвондек отасига ташланди. Синглиси Раҳима уларни ажратишга қанчалик ҳаракат қилмасин, кучи етмагач, қўл телефони орқали кимнидир ёрдамга чақирмоқчи эди, униям Шокир қўлидан юлқиб олгач, қўшниникига чопди. Қўшни Зариф ака Шокирнинг оиламиз жанжалига аралашма, чиқ уйимдан, деб қувиб солганигами ёки ҳақиқатан ота-болани ажратишга кучи етмадими, бошқаларни чақиришга шошилди. Бу орада Шокир меҳмонхонадаги стол устида турган пичоқни олиб, падари бузрукворининг юрагига санчди! Бир пайтлар уни эркалаб, елкасида кўтарган қўллар бемажолгина пастга тушди, уни камолга етказгунча не-не машаққатларни кўрган, кексайганимда суянчиқ бўлади, ардоқлайди, дея орзу қилган диллар чил-парчин бўлди. Ўзи ҳаёт берган фарзанди ўз ҳаётига нуқта қўйди. Умр бўйи боласи эҳтиёжи йўлида елиб-югурган табаррук вужуд ўз зурриёди дастидан гурсиллаб йиқилди. Ўғил дунёга келганида, кулганида, тили чиқиб «ота» сўзини айтганида, илк тетапоя қилганида... куёвлик сарпосини кийганида фахрдан, қувончдан ҳаприққан юрак, у туфайли уришдан тўхтади. Ор-номусдан, афсус-надоматдан ўртанган, эл аро шармисорликдан озор чеккан, кечаю-кундуз ҳаловатидан мосуво ота умри шу зайл якун топди.

Кайфи баланд Шокир эса даҳлизда жон бераётган отага парво ҳам қилмасдан, кўчага отилди. Ахлат ташувчи дўсти Муроддан эгнига футболка олиб кийди-ю, бозор томон шошилди. Урганч Марказий деҳқон бозори унинг озодлигининг охирги манзили бўлди: жиноятчи ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида 1978 йил 20 майда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган, «Умид» маҳалласида истиқомат қилувчи, ўрта маълумотли, оиласидан ажрашган, ишсиз Шокир Бекназаровнинг жиноий иши кўриб чиқилди. Судда жиноятчи сўз олар экан, отасининг гапидан жаҳли чиқиб, уни пичоқлаганини, қилмишидан пушаймон эканлигини, қонуний енгиллик беришларини сўради. Қонуний енгиллик... Алҳазар! Аксинча, қалбини афсус-надомат ўртаётган фарзанд «мен бундай виждон азоби билан қандай яшайман» дейиши керак эмасмиди!?

Жиноятчининг акаси, опаси, синглиси ҳам судда қондошлиги боис унга даъволари йўқлигини айтишди. Аммо мамлакатимизда қонун устувор. Жиноят кўчасига кирган фуқарога жазо муқаррар.

Шокир Бекназаровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Падари бузруквори ўтирган уйнинг томига чиқишни, унинг олдидан йўлини кесиб ўтишни, бир сўзини икки қилишни гуноҳ санайдиганлар ҳам ўғил! Улар яшаш бахтини, ҳаётга келтирганлар қадрини, умрни муносиб яшамоқ саодатини англай олганлардир!

Афсуски, мақоламиз «қаҳрамони» ана шу саодатни англаб етмай, мудҳиш жиноятга қўл урди. Кечириб бўлмас гуноҳлари юкини елкасига олди.

Алишер Қаҳҳоров,
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судяси,
Саодат Матёқуб қизи,
«Adolat» мухбири

«Адолат» газетасининг 16-сонидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг