Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Келинг, ўзбек бўлиб бирлашайлик!..

Келинг, ўзбек бўлиб бирлашайлик!..

Фото: «Ombudsman.uz»

Бу мақолани ёзиш мен учун қийин бўлди. Кўзларимга уйқу тиқилди, нуқул юмшоқ ўринга қараб, ширин энтикдим. Лекин «таслим бўлмадим». Оғриқ уйқудан кучлилик қилди…

«Дом»да ижарада тураман. Тепамизда бир хотин ёлғиз яшайди. Аҳён-аҳёнда заҳил, тунд башарасини кўрсатиб қўяди. Хуллас, ёнимизда турса-да, бирор марта бизга эл бўлмаган.

Бир оғайним қишлоқдан меҳмон бўлиб келди. Анчадан бери кўришмаганимиз учун тўртинчи қаватгача баланд овозда, қувноқ оҳангда сўзлашаб чиқди. Дўстимнинг дали-ғулилигини билсам ҳам, қўшниларнинг тинчи бузилмасин деб хавотирландим. Аммо бўлмади. Эшикни очиб кираётганимизда, ёнимиздаги хона эшиги очилиб, илоннинг вишиллашига ўхшаш овоз чиқди:

— Бу қишлоқиларнинг дастидан тинчлик борми? Шаҳарни ота-бобонг қуриб қўйгандек, мунча шовқин соласанлар?!

Тамом. Икки навқирон йигит «нокдаун» ҳолатига тушдик. Тўғри, ҳаёт бизни бундан-да аччиқроқ нарсалар билан сийлаган, аммо буниси жуда бошқача, фитнанинг ҳиди келиб турган эди. Темир ҳайкалдек қотган дўстимни бир амаллаб, ичкарига киргиздим…

Мен бунга ўхшаш ҳолатга жуда кўп тушганман.

Биринчи курсдаёқ фалончи домламиз ўзининг «земляк»ларига «беш» қўйиб бериб, қолганларни «қийратган». Хафа бўлмаганман.

Иккинчи курсда ўзининг бобоси тоғда туғилиб ўсганини билмайдиган шаҳарлик курсдошимиз аччиқ устида кўнгилни оғритган. Униям «енгил» ҳазм қилишга муваффақ бўлганмиз.

Учинчи курсда эса фалон вилоят ёшларининг базми жамшидига бошқа жойда туғилганимиз учун қўшила олмаганмиз. Қўл силтаганмиз.

Аммо буниси бошқача таъсир қилди. Бир нарсани жуда яхши биламан. Бизни «қишлоқи» деган ўша хотиннинг ўзи олис қишлоқда туғилган. Ота-бобоси эса шаҳар қуриш тугул, унинг тупроғига қадам ҳам босишмаган.

Россия телеканалларининг бирида бир сиёсатшунос фикр билдирди: «Буюк ўзбек халқининг бағрикенглиги туфайли уруш даврида у ерга борган болаларнинг бирортаси кўчада қолмади. Ҳаммасини бошини силаб, ўғил қилиб олишди, бир бурда нонни бўлишиб ейишди!..».

«Ана биз қандай одамларнинг авлодимиз!» дея жар солмоқчи эмасман. Аммо юқоридаги гап тарихий ҳақиқат. Аммо дунё харитасида бошқа муқобили бўлмаган, бир тил, бир динли ватанни, тўрт юз қирқ саккиз минг квадрат километрнинг ўзини минг бўлакка бўлиб нима фойда топамиз, қадрдон? Ёки «ўзбекни емирар маҳаллийчилик» деганда шоир ҳақмиди?

Буюк Британия пойтахти Лондонда саккиз миллиондан зиёд аҳоли бор. Шундан ярми инглизлар, қолганини Европанинг бошқа давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Хитойдан, Африка давлатларидан келган муҳожирлар ташкил этади. Францияда саккиз миллиондан зиёд муҳожир, Германияда беш миллиондан кўпроқ турк яшайди. АҚШда-ку дунёдаги исталган миллат вакилини топиш мумкин. Биз эса бир-биримизни кеча учратганимиз йўқ. Асрлардан буён бир ватанда яшаб келмоқдамиз...

Буларни билгач, бир миллат, бир менталитет, бир урф-одатга эга кишиларнинг бир-бирини туғилган шаҳри, тумани, қишлоғи(!)га қараб «таснифлаши» менга жуда жўн ва бемаъни туюлади.

…ХIХ асрнинг 60-йилларида Бухоро амири Музаффар Россия империяси Қўқон хонлигини истило қилганда пинагини бузмаган. Кейин хавф ўзига нисбатан ҳам йўналтирилганини сезгач, қўшин юборган, аммо фойда бермаган. Ҳатто «душман саҳрони кесиб ўта олмайди» деб Хива хонлигидагилар ҳам хотиржамликка берилган экан…

Хуллас, ҳар бир кунимиз, ҳар лаҳзамиз бизга ниманидир ўргатади. Сўзимни жимжимадор сўзлар билан якунлагунча, лўнда қилиб бир фикрни ўртага ташламоқчиман: келинг, ўзбек бўлиб бирлашайлик!

 Улуғбек Орипов

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг