Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кобальт болалари» (видео)

«Кобальт болалари» (видео)

Фото: «life.ru»

Бу йил январ ойида жаҳон бозорида кобальтнинг нархи кескин ошиб кетди — аввал тоннаси 33,2 минг доллар эди, энди эса — 75 минг доллар. Бу металл электрон ва мобиль қурилмалар, «Тесла»га ўхшаган электромобилларнинг аккумуляторларини ясашда жуда зарур ашё, дейилади «Shkolazhizni.ru»да эълон қилинган мақолада.

Икки карра қимматлашув йирик компанияларни ташвишга солиб қўйди. Негаки, «Apple», «Samsung», «Sony» каби компанияларнинг иш мароми бевосита шу кобальтнинг ўз вақтида етказиб берилишига боғлиқ. Энг қизиғи, ана шу бой компанияларни кобальт билан таъминовчи давлат — Конго Демократик Республикаси дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири. КДР кобальт конларида асосан болалар ишлайди. Жаҳон бозорига етказилаётган кобальтнинг 50 фоизини ана шу болалар қазимоқда!

Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг 2018 йил 19 январь куни чиқарилган ҳисоботида кобальт конларига болалар 7 ёшидан жалб этилаётгани айтилади. Ибтидоий усулларда, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли шароитларда болалар меҳнати орқали қазиб олинган кобальт «Congo Dongfang Mining» компанияси (хўжайини — Хитойнинг «Zhejiang Huayou Cobalt Ltd» компанияси) га сотилади. Бу ерда ишлов берилган кобальт Хитой ва Жанубий Кореянинг батареялар ишлаб чиқарувчи компанияларига етказилади. Кейин тайёр аккумуляторларни ахборот технологиялари («Apple», «Microsoft», «Sony» каби) ва автомобилсозлик («Volkswagen», «BMW», «Daimler» каби) компаниялар сотиб олади.

«Amnesty International» концернларни айнан ўзлари ишлатаётган кобальтнинг қайси ва қандай йўллар билан келтирилаётганига қизиқмасликда айблади. Энг катта эътироз «Renault», «Microsoft» ва «Lenovo» компанияларига билдирилди. «Apple» эса Банка оролида келиб чиққан «қалай можароси»дан сўнг ўз маҳсулотларига контрафакт ашёлар ишлатилмаслиги йўлида анча тер тўкди. Тўғри, компанияни бунинг учун алқашмади, ахир бундай чоралар олдинроқ, журналистлар суриштирув ўтказишига қадар кўрилиши керакмасми?

«Amnesty International» суриштирувлари чоғи ноқонуний кобальт конларининг 87 нафар ишчиси сўроққа тутилди. Одатда ноқонуний конлар расман ёпилиб кетган конлар ўрнида очилади. Сўроқ қилинганларнинг 17 нафари 9 — 17 ёш оралиғидаги болалар. Ноқонуний конларда ишловчилар ниқоб тақишмайди, кобальт чанги эса ўпкани тез ишдан чиқариб, ўлимга олиб келади.

Кунига 12 соат заҳмат чеккан болаларга бор-йўғи 1-2 доллар ҳақ тўланади.

Кобальтнинг нархи биринчи марта ошаётгани йўқ: кумушранг металл нархи 2016 йилдан бери уч баравар қимматлашди. Таҳлилчилар эса бу металлнинг танқислиги мобиль қурилмалар ва электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқариш соҳасига жиддий зарба бўлишини айтишмоқда. Янаям қимматлашиб кетишини назарда тутган айрим инвесторлар эса хом ашё биржаларидан тонналаб кобальт харид қилмоқда.

Электр двигателли автомобиллар чиқарила бошлангач, кобальтга талаб янаям ошди. Ҳар ҳолда Элон Маскнинг «Тесла»сида ишлатилувчи аккумуляторлар смартфон ёки планшет батареяси эмас. Электромобилнинг битта аккумуляторини ясашга 20 килограмм тоза кобальт керак. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йили 4,5 миллион дона электромобил чиқарилади. Жаҳон кобальт захиралари эса 2016 йилда 6 миллион тонна дея баҳоланганди. Шунинг 3,4 миллион тоннаси КДРда, миллион тоннаси Австралияда, тахминан 500 минг тоннаси Кубада жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг