Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Коммунизм колхози»дан мактуб

«Коммунизм колхози»дан мактуб

Фото: «VostokNews Group»

Бизнинг Тўпчоқ қишлоғимиз Китоб туманининг бир оз чеккароғида жойлашган. Иқлими мўътадил, хушманзара жойлар. Яқинда Янги йил баҳона дам олгани бордим. Аммо хушнуд дамлар билан бирга бемаза хотираларни ҳам елкамга ортиб қайтдим.

Уч йил Россияда ишлаб, ниҳоят уйига қайтган ўртоғим зиёфат берди. Мактабда бирга ўқиган дўстларим билан шинамгина уйда, камтаргина дастурхон атрофида мириқиб гурунглашаман, деб ният қилиб бордим. Йўлда бир оз ушланиб қолдим. Оғайниларим даврасига етиб борганимда мени қадрдонларим эмас, бир тўда маст-аластлар кутиб турар эди… Тўғриси, уларни ҳам айбламоқчи эмасман. Аммо на гапимиз қовушди, на ўтиришимизга файз кирди. Бир дўстимнинг ноз-неъматлар қалашган дастурхонга бош қўйганча «ўчиб» қолганию, бошқасининг кўчада йиқилгани кўнглимни хижил қилди…

Умрида арақ тугул, лимонад шишасидан сув ичмаган адабиёт муаллимимизга савол бергандим:

— Агар тўйда столга умуман арақ қўймасак, нима бўлади?

— Дастлаб одамлар безовталанади, дангал сўзлар, хушчақчақ қийқириқлар бўлмайди. Эркаклар хотинлар каби бурчак-бурчакларда шивир-шивирни бошлашади. Ҳар доим қизариб турадиган кўзларда ғазаб ва норозилик олови ёнади. Қариндошларинг сенга «мана, кўр тўйингни аҳволини» деган маломат билан боқишади. Одамлар ҳар хил баҳоналар билан тарқала бошлашади. Оқибатда тўй совуган ошга айланади, — дея жавоб берганди устозимиз. — Афсус, «тўйнинг кўрки ичкилик» деган ақида ҳукмрон бизнинг қишлоқда. Мустақилликка 27 йил бўляпти-ку, мана шу томондан худди «коммунизм»да қолиб кетганмиз.

Яна бир воқеа: қишлоқда тўй бўлди. Қадаҳлар кўтарилаётганда, куёв боланинг отаси айтиб қолди:

— Кеча фалончини мелиса олиб кетибди. Диний маърузалар чиқибди, телефонидан. Шу вақтгача ўғлимга «арақ ичиб юрма» дер эдим. Энди фикрим ўзгарди: бояги «тақводор»га ўхшаб шарманда бўлгандан кўра арақ ичгани яхши.

Арақни рад этиб, чой кўтарган пиёлам ҳавода муаллақ қотди. Наҳотки биз шунчаликка келиб қолдик? Масжидни беркитиб, устидан «чойхона» деган ёзувни илганимиз кам эдими? Мен ўша диндорни оқламоқчи ҳам эмасман, балки у ростдан адашгандир. Аммо қачондан бери араққа муккасидан кетиш «тозалик»нинг белгиси бўлиб қолди?

Бизнинг маҳаллада бир оиланинг саккиз ўғли бор эди. Бирортасининг пешонаси сажда кўрган эмас. Қайтанга машъум тузум барчасига «арақхўр» деган тамғани босиб кетган. Бири ўз жонига қасд қилди, бири қишда кўчада ўлиб қолди, бошқаси жигар циррозидан ўлим топди. Қолганларининг ҳам қуруқ сохта-сумбати қолган, холос.

Афсуски, бизда бирор хурсандчилик «оқбола»сиз ўтмайди. Дўкончилар арақнинг фойдасидан уй солади, томорқа олади, гўшт-ёғ мужийди, ош ошайди, мўйловини бурайди ва ҳоказо… Айрим арақхўр оталар дастидан хотинларнинг усти юпун, болаларнинг пойабзали ҳаминқадар. Ҳовлиларда китоб ўрнига тахланган бўш шишаларни топасиз… Шундайлар борки, боласига ботинка олиб беришга қимтинади, аммо зиёфатларда ичкиллика ўн жуфтлаб пойабзалларнинг пулини сарфлаб юборади.

Байрамлардаги хурсандчиликларни жанжалга, яхши кунлардаги дийдорни дилхираликка айлантирувчи ҳам шу «ярамасликнинг онаси» эмасми? Ҳаётимиздан «қонуний» ўрин эгаллаган, заводлар-у айрим «бойваччалар»нинг чўнтагини қаппайтираётган бу нарсага қарши жиддий курашиш вақти келмадими? Ахир бутун юртимиз «ўзгариш», «ислоҳот» деган сўзлардан нафас олмоқда-ку!..

Улуғбек Орипов,

журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг