Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Консуллик атташеси: «Меҳнат мигрантларига эътибор жиддий»

Консуллик атташеси: «Меҳнат мигрантларига эътибор жиддий»

Фото: Xabar.uz

Татаристон Республикасида ишлашга келган юртдошларимиз ҳамда бу ерда ўқиётган ёшларимиз кўп. Айниқса, ёшлар, меҳнат мигрантлари мамлакатимиздаги давом этаётган сайлов жараёнларига бефарқ эмас. Бунга куни кеча мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасида ҳамда турли корхоналарида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун муддатидан олдин овоз бериш жараёни давомида гувоҳ бўлдик. Аввал хабар берганимиздек, Қозон шаҳридаги «Метроэлектротранс», «ЭНКА» қурилиш компанияси ва «2-сонли автотранспорт» корхоналарида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратилди.


— Кўпчиликка яхши маълум, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси структурасида хорижда вақтинча меҳнат билан банд Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича департамент фаолияти йўлга қўйилди, — дейди биз билан суҳбатда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташеси Нуриддин Ниёзов. — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида эса хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси тузилди. Шу билан биргаликда, Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланишга ҳужжатларни тайёрлаш ва патент беришга ваколати бўлган идораларнинг юртимизда филиалларини очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Албатта, буларнинг ҳаммаси давлатимизнинг меҳнат мигрантлари масаласига жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади. Сайловга келсак, энди консуллик ҳисобида турмаганлар ҳам овоз бериш имконига эга бўлишди. Биринчи маротаба хориждаги сайлов участкалари сони сезиларли даражада ошди. Ўз навбатида, бу ердаги юртдошларимизнинг сайловга фаол фуқаролик позициясидан қараётгани бизни қувонтиради.

14 декабр куни муддатидан олдин ўтказилган овоз бериш жараёнида Қозон шаҳрида 806 нафар, Татаристон Республикаси бўйича жами 1041 нафар юртдошимиз иштирок этган. Эртага ҳудуддаги энг йирик олий таълим муассасаларидан бири - Қозон миллий тадқиқот технологик университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ҳам муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан аввал овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва сайловга 3 кун қолганда тугалланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг