Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 Коррупция — жамият танасидаги яра. Унга даво борми?

 Коррупция — жамият танасидаги яра. Унга даво борми?

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири айланди, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2752-сон қарори қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал тузилмаси сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиб, ҳозирги кунда мазкур идора UNODC (БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича идораси), UNDP (БМТ тараққиёт дастури) ва OSCE (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг қабул қилиниши бу борада давлат сиёсатини амалга ошириш стратегиясининг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Бироқ, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

Биринчи йўналиш — коррупцияга қарши курашнинг превентив чоралари самарадорлигига эришиш. Мазкур йўналишга кўра, коррупциянинг олдини олишнинг назарий пойдевори «таълим, хабардорлик ва тарғибот» (Education, Awareness and Advocacy) тамойилларига асосланиб, амалий томондан эса «самарадорлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик» (Effectiveness, Transparency, Accountability) тамойиллари асосида аниқ давлат сиёсатини ишлаб чиқишдан иборат. Бу борада давлат сиёсати дунёда (хусусан, Сингапурда) «One size fits all» («барча учун бир хил мезон») модели асосида ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши курашишнинг аниқ ҳуқуқий механизми, самарали институционал тузилмаси, молиявий ва меҳнат ресурслари билан доимий таъминлаб турилиши, мунтазам мониторинг фаолияти ҳамда холис ва шаффоф баҳолаш тизими кўрсатилиши лозим. «Ўзбек модели»да эса давлат сиёсатининг юқоридаги санаб ўтилган элементлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва бир-бирига таъсир қилиш механизми йўлга қўйилмаган бўлиб, бунда яхлит комплекс тизимнинг узвий ишлашини йўлга қўйиш таклиф этилади.

Иккинчи йўналиш — коррупцияга қарши курашиш стратегиясида интергациялашган ёндашувни қўллаш. Бунда давлат органларининг фуқаролик жамиятининг барча институтлари билан ҳамжиҳат фаол ҳаракатини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда миллий тузилмаларнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор берилади. Бу борада Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида интеграцияга эришишга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири — аниқ статистика ва мақбул далилларга асосланган маълумотга таянган ҳолда иш олиб бориш тизимининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.

Учинчи йўналиш — жамиятнинг ҳар бир соҳасида, хусусан, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларида коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш, коррупция билан боғлиқ айрим ҳатти-ҳаракатларни криминализациялаш ҳамда халқаро стандартларни тўлиқ ва тўғри қўллаш талаб этилади. Бу борада халқаро ҳужжатларда назарда тутилган «ноқонуний бойлик орттириш», «учинчи шахсларнинг моддий манфаатларини кўзлаб тамагирлик қилиш» каби хатти-ҳаракатларни криминализация қилиш масалаларини кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлаймиз.

Тўртинчи йўналиш — коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг бажарилиши. Бу борада мониторинг жараёнида самарали ҳуқуқий механизмнинг етарли эмаслиги, давлат хизматчиларининг этика қоидаларига риоя қилиш даражасининг пастлиги, давлат органлари фаолияти очиқлиги тамойилининг амалда номигагина ишлаётганлиги каби масалалар ҳал қилиниши лозим.

Ва ниҳоят, бешинчи йўналиш — коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тенденцияларидан келиб чиқиб, амалда реал ишлайдиган стратегияни ишлаб чиқиш. Замонавий тенденцияга кўра, коррупцияга қарши курашиш уч босқичда амалга оширилади: биринчи босқич — жамият аъзолари фаол иштирокини кучайтириш учун маълумотларни эркин олиш имкониятини яратиш; иккинчи босқич — янги технологиялардан фойдаланган ҳолда коррупция ҳолатлари ҳақида ахборот бериш ва олдини олиш; учинчи босқич — коррупцияга оид муаммоларни ҳал қилиш ва бартараф этишда жамоятчилик иштирокини таъминлашнинг аниқ тизимининг амалда ишлаши.

Мазкур замонавий тенденциядан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашишда унинг (соҳанинг) хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашиш, коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг янги инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва қўллаш, коррупция ҳолатларини экспертизадан ўтказиш, мониторинг қилиш ва баҳолашнинг реал, ҳаётий, холис ва шаффоф индикаторларини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

 Бахшилло Ходжаев,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
директори ўринбосари в.б.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг